Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида сўзлаган нутқида, БМТнинг дин ёки эътиқод эркинлиги, судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиларининг тавсиялари Ўзбекистонда алоҳида эътиборга олинганлигини маълум қилиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этдилар.
Маълумки, мамлакатимизда судлар фаолиятини ислоҳ қилиш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Кейинги пайтларда бу йўналишда кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва ижрога қаратилди.
Жорий йилнинг январь ойида суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига суд қарорларини қайта кўриш институтини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
2021 йилнинг 13 январидан суд қарорлари устидан назорат тартибида шикоят бериш институти тугатилди, суд қарорлари устидан апелляция ва кассация тартибида шикоят беришнинг амалдаги тартиби тубдан ўзгартирилди, апелляция ва кассация инстанцияси судлари ваколатлари кенгайтирилди, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳақида сўз борганда, албатта Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012 сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиясини ва шу асосда ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” ҳақида тўхталиш зарурдир.
Мазкур ҳужжатларда, жумладан, суд-ҳуқуқ тизимини янада ривожлантиришга тааллуқли бир нечта чора-тадбирлар ҳам ўз аксини топган.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ушбу соҳада қисқа муддатда амалга оширилган тарихий демократик ислоҳотлар юртимизни халқаро майдондаги нуфузи ва обрў-эътиборини тамоман янги босқичга олиб чиққанини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллигини таъминлаш бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян томонидан Ўзбекистонга 2019 йилги ташрифи якунлари бўйича маърузаси доирасида эълон қилинган ижобий фикрлар ва далиллар ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг ўзига хос эътирофи бўлди.
Мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатга, жумладан, БМТнинг 6 та асосий шартномаси ва 4 та факультатив протоколига қўшилгани соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳалқаро шартномавий мажбуриятларни бажариш юзасидан инсон ҳуқуқларига оид миллий қонунчилик базаси изчил такомиллаштирилмоқда. Буни кейинги бир йил давомида 70 дан ортиқ қонун, 350 дан зиёд Президент фармон ва қарорлари қабул қилингани билан ҳам тасдиқлайди.
Айниқса, сиёсий-ҳуқуқий нуқтаи назардан ёндашганда, узоқ муддатга мўлжалланган ушбу Миллий стратегия Ўзбекистоннинг 30 йиллик мустақил демократик тараққиёти даврида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларини чуқурлаштириш йўлида мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим тарихий қадам бўлди десак ҳеч муболаға бўлмайди.
Судларда ишларни кўриб чиқишда адолатни, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш учун «Электрон одил судлов» тизими жорий этилди.
Мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалдаги ҳолатни ўрганиш натижалари, шунингдек, БМТнинг шартномавий органлари, Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТнинг махсус маърузачилари, Универсал даврий ҳисобот ва бошқа халқаро механизмлар доирасида берилган тавсияларнинг тизимли таҳлилига кўра, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида соҳада демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва изчил давом эттириш лозимлигини талаб қилмоқда.
Шу ўринда, судлар томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда, хусусан, асоссиз жиноий жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилиши борасидаги фаолиятига эътибор қаратиш керак.
Таҳлилларга қарасак, кейинги 4 йил ичида судлар томонидан 2770 нафар шахсларга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилганини кўриш мумкин.
Судларнинг мустақиллигини ва холислигини таъминлаш мақсадида судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини шакллантириш ҳамда «Хабеас корпус» институтини янада такомиллаштириш йўли билан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда суд ҳокимиятининг ролини ошириш;
суд жараёнларида тенглик ва тортишув тамойилларини тўлиқ жорий қилиш, адвокатурани мустақил, ишончли ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айлантириш, малакавий юридик ёрдам сифатини ҳамда адвокат касбининг нуфузини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида ихтисослашган ҳуқуқшуносларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш каби устувор вазифалар Миллий стратегияни амалга оширишнинг асосий йўналишлари сифатида белгиланган.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия ва “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида белгилаб берилган вазифалар тўлиқ ва сифатли амалга оширилса, мамлакатимизда судьялар ва адвокатларнинг мустақиллигини таъминлашга қаратилган ютуқларга эришган бўламиз. Бунга албатта Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган кучли, демократик сиёсат ва донишманд ҳалқимизнинг иштирокида эришамиз.
Отабек Норбоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи