Аҳолини судга бўлган ишончи йўқлиги, тергов органларида жиноят иши бўйича тергов қилиш жараёнида йўл қўйилаётган хато ва қонунбузилиш ҳолатлари ва коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги камлиги ҳамда суд ва ҳуқуқни мухофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати суст олиб борилаётганлиги Давлатимиз раҳбари томонидан бир неча маротаба танқид қилинган.
Президентнинг «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида прокурорнинг судда иштирок этишига доир фаолиятини қайта кўриш, бу соҳада судлар фаолияти мустақиллигини ошириш ва тарафлар тортишувчанлиги принципини татбиқ этилишини янада мустаҳкамлашнинг ташкилий асосларини йўлга қўйиш юзасидан қатор чоралар кўзда тутилган.
Ушбу ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни шартли равишда:
- судларда ишларни кўришда идоравий ахборот алмашинувида рақамлаштириш жараёни сифатини ошириш;
- Олий суд судьяларининг иш юкламасини мақбуллаштириш ва қуйи судлар мустақиллигини ошириш;
- янги институционал тузилма Ихтисослашган прокурорлар корпуси учун замонавий шарт-шароитларни яратиш йўналишларига ажратиш мумкин.
Демак, судларда ишларни кўришда идоравий ахборот алмашинувида рақамлаштириш жараёни сифатини ошириш йўналишида қуйидаги чора-тадбирлар кўзда тутилмоқда:
Биринчидан, Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолияти учун 2023 йил 1 сентябрга қадар «Судларда прокурор иштироки» ахборот тизимини яратиб, дастлаб синов тарзида ишга тушириш ҳамда 2024 йилдан амалиётга тўлиқ жорий этиш вазифаси белгиланди.
Бунда, Олий суд билан биргаликда 2023 йил 1 июлдан Бош прокуратура ва Олий суд ахборот тизимларини интеграция қилиш йўли билан ўзаро ҳужжат алмашинувини тўлиқ йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Иккинчидан, Рақамли технологиялар вазирлиги зиммасига доимий равишда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш бўйича белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишига кўмаклашиб бориш юкланди.
Кейинги муҳим вазифалардан бири – бу Олий суд судьяларининг иш юкламасини мақбуллаштириш ва қуйи судлар мустақиллигини ошириш.
Қайд этиш жоиз, ортиқча суд босқичларини бекор қилиш натижасида, ортиқча вақт сарфлаш, давлат идоралари фаолиятида самарасизлик ва унумсизликка сабабчи бўлган бир судда ишларни икки босқичда (биринчи ҳамда апелляция ёки кассация) кўриш амалиётига барҳам берилган эди.
Жумладан, 2019 йилнинг ўзида айни бир вилоят судида биринчи ва апелляция (кассация) инстанциясида кўрилган ишларнинг 13 мингга яқини Олий судда ўзгартирилган ёки бекор қилинган эди.
Президентимизнинг “Одил судлов халқнинг кўз ўнгида, очиқ-ошкора амалга оширилиб, адолат қарор топиши лозим”, деган фикрлари ҳам олдимизга шу талабни қўймоқда.
Одил судлов фаолиятини амалга ошириш учун жалб этилган ресурслардан самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида қуйидагилар белгиланди:
илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини тегишлилиги бўйича маъмурий органларга ўтказиш;
айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартибини белгилаш;
фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича тарафларни келиштириш ва медиация институтини кенг жорий этиш.
Яна бир муҳим вазифалардан бири – бу янги институионал тузилма Ихтисослашган прокурорлар корпуси учун замонавий шарт-шароитларни яратиш йўналишидир.
Фармонда қуйидагилар алоҳида қайд этиб ўтилган:
Биринчидан, илғор хорижий тажрибани ҳамда судларда кўриладиган иш ҳажмини инобатга олиб, айрим йўналишларда прокурор назоратини қисқартириш, шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги ташкилотлар штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан Ихтисослашган прокурорлар корпуси штат бирликлари сонини кўпайтириш;
Иккинчидан, Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ўз фаолиятини самарали амалга оширишлари учун суд биноларида алоҳида хизмат хоналари ажратилиш ва мазкур хоналар жиҳозланишини таъминлаш.
Таъкидлаш лозимки, давлатимизда Ихтисослашган прокурорлар корпуси ташкил этиилиши прокурорнинг судда иштирок этишига оид ваколатларини белгилашда энг замонавий ва илғор хорижий давлатлар тажрибасига мувофиқлигини кўришимиз мумкин. Жумладан, ГФР прокуратураси 1949 йилги Германия Конституциясига мувофиқ прокурорнинг суд идоралари ҳузурида фаолият юритиб, умумий асосда, тараф сифатида иштирок этиши кўзда тутилади.
Франция прокуратураси худди ГФРдагидек Адлия вазирлиги таркибига киради. Қизиғи, прокуратура мансабдор шахслари худди судьялар каби магистрат амалдорлари номланиб, тез-тез ўрин алмашиб, судьяликдан прокурорликка ва аксинча йўналишда ҳаракатланишади.
Сир эмаски, одил судлов ва умуман судлар ишига бўлган талаб юқори бўлсада, уларнинг сифати ва иш натижаларига асосли эътирозлар кўплаб кузатилади. Шу муносабат билан, сўнгги йилларда фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари, хусусан инвесторлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, суд идораларини ҳалчил ва адолатли, ҳурматга лойиқ ҳокимият тармоғига айлантириш, аввалги нуфузини тиклашга алоҳида эътибор қаратилиб, кун тартибидаги асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Айни дамда, ҳалқ орасида суд идоралари тимсолини яратиш мақсадида, мазкур Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг эмблемаси (рамзи) тасдиқланди.
Жумладан, ушбу эмблема қуйидаги кўринишга эга: унинг марказида Ўзбекистон Республикаси харитаси, адолат тарозиси, китоб тасвирланган бўлиб, ўнг ва чап томонларида судьяларнинг махсус кийимидаги нишон рамзлари ва нақшлари акс эттирилган. Эмблема саккизбурчак шаклда бўлиб, ички қисми эса доирасимон шаклда тасвирланган. Доиранинг устки қисмида айланаси бўйлаб «O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI» сўзлари, пастки қисмида айланаси бўйлаб «OLIY SUDI» сўзлари ёзилган. Ёзувлар нишонлар ва нақш безаклари билан ажратилган.
Фармонга кўра, эмблема донолик, улуғворлик ва юксакликни ифода этувчи олтин, оқ, тўқ кўк, оч яшил ва оч кўк ранглар кўринишида акс эттирилган. Саккизбурчак, доиранинг нақшлари, ундаги сўзлар, адолат тарозиси — олтин рангида, китоб — олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда оқ рангда, Ўзбекистон Республикаси харитаси оч яшил ва оч кўк рангда, доиранинг ички қисми олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда оч яшил ва оч кўк рангда, доиранинг айлана ён қисмлари — олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда тўқ кўк рангда тасвирланган.
Доиранинг марказидаги харита — Ўзбекистон Республикасини ҳудудини англатади. Марказдаги тарози одиллик мезонини англатиб турувчи рамз маъносида, китоб эса, судьялар одил судловни фақат Конституция ва қонунларга қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширишини ифодалайди. Доиранинг икки ён четининг ўртасида судьяларнинг махсус кийимида акс эттирилган нишон рамзи туширилган. Нишон — Ўзбекистон Республикаси гербида тасвирланган саккизбурчак билан бойитилган доирадан иборат. Икки томон нишоннинг орқа ва пастки қисмларида миллийликни ифодаловчи айланаси бўйлаб нақш безаклари тасвирланган.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, Фармоннинг қабул қилиниши суд идораларида одил судловни амалга оширишда адолат устуворлини таъминлаш, малакали ва сифатли суд тизими хизматини кўрсатиш, жумладан суд қарорларини чиқаришда фуқаро ва ташкилотларнинг манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш даражасини юксалтириш, судларда прокурор ваколатини таъминлаш фаолиятига оид ташкилий ишларни яхшилаш, асосийси Олий суд судьялари юкламасини мақбуллаштириш ва қуйи судлар мустақиллигини ошириш каби вазифаларни амалга оширишга имкон беради.
Сардор СУВАНОВ,
Гулистон туманлараро маъмурий судининг судяси