Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 21 февраль куни бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги маърузасида илгари сурилган асосий ғоялар ва ундан келиб чиқадиган вазифалар муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатини Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб мамлакат тарихида илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг аъзоси мақомига эга бўлганлигини, мазкур Кенгашнинг қарийб 150 мамлакатдан давлат ва ҳукумат раҳбарлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг нуфузли экспертлари, кўплаб халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари қатнашган юксак даражадаги сессиясида Давлатимиз раҳбари томонидан Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш ҳақида таклиф билдирилганлигини, сессияда қувватланган ана шу ғоянинг амалга оширилишида, албатта, Судьялар олий кенгаши ташаббускор бўлиши лозимлигини, шу мақсадда у Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда муайян чора-тадбирлар режасини ишлаб чиққанлигини таъкидлади.
Тадбирда иштирок этган Судьялар олий кенгаши судьялари, таниқли ҳуқуқшунос олимлар, тажрибали экспертлар Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқишда мамлакатимизда сўнгги йилларда вужудга келган миллий амалиёт, амалга оширилган илмий тадқиқотлар ва бу борадаги халқаро тажрибаларни қиёсий тарзда ўрганиб муҳокама қилдилар.
Даврон Арипов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари қўмитаси аъзоси:
– Давлатимиз раҳбарининг БМТ нуфузли сессиясидаги маърузасида ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ аҳамият касб этаётган инсон ҳуқуқларини амалда таъминлаш билан боғлиқ бир қатор муҳим ғоя ва ташаббуслар илгари сурилди. Мана шундай ташаббуслардан бири бу – Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принциплари ишлаб чиқиш масаласи бўлди.
Олдимизда жуда масъулиятли вазифа турганлигини алоҳида таъкидлашни истардим. Сабаби, биз ишлаб чиқадиган Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принциплари БМТ га аъзо бўлган кўплаб мамлакатлар суд тизимига ҳам бевосита дахлдор ҳужжат бўлиб ҳисобланади. Халқаро тажриба таҳлил этиладиган бўлса, айни пайтгача Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принциплари ишлаб чиқилмаганининг гувоҳи бўласиз. Бундай Кенгашларнинг фаолияти ҳар бир давлатда алоҳида ўзига хос хусусиятларга эга. Мазкур ҳужжатни ишлаб чиқишда бундай масалаларга ҳам жиддий эътибор қаратишимиз талаб этилади.
Кароматжон ДАВЛЕТОВА, Олий суд судьяси:
– Тадбирда иштирок этган мутахассислар томонидан эътироф этилганидек, бугунги кунда Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларига оид халқаро ҳужжат мавжуд эмаслиги учун ҳам жаҳон давлатлари суд-ҳуқуқ тизимида турлича номланадиган судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш зарурати тақозо этадиган умумийлик кузатилмайди. Ушбу долзарб муаммони бартараф этиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилганлиги ҳам мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини суд орқали кафолатли ҳимоялашга энг устувор масалалардан бири сифатида қаралаётганлигининг далолатидир.
Ушбу ҳужжатни ишлаб чиқиш жараёнида мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ташкил этилган Судьялар олий кенгаши фаолиятида тўпланган тажрибани ҳам инобатга олиш лозим, деб ҳисоблайман. Сабаби, сўнгги йилларда бу борада эътиборга молик миллий амалиёт вужудга келди.
Дилмурод ДАВЛЕТОВ, Қўнғирот туман иқтисодий судининг судьяси:
– Давра суҳбатида иштирок этган Судьялар олий кенгаши судьялари, таниқли ҳуқуқшунос олимлар, тажрибали экспертлар Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш бўйича кўплаб амалий таклиф-мулоҳазаларини билдирди. Айниқса менда юридик фанлар доктори Йўлдош Жўраевнинг фикрлари катта таассурот қолдирди. Олимимизнинг мулоҳазаларига кўра, халқаро ҳамжамиятга дахлдор бўлган ҳужжатни ишлаб чиқиш учун биринчи навбатда бу борадаги дунё тажрибасини чуқур ўрганиб чиқиш керак. Чунки, бу борадаги тажриба ҳар қайси мамлакатда ҳар хил шаклланган. Эътибор қилинг, айрим Европа давлатларида судьяларни танлаш ва тайинлаш жараёнида Адлия вазирлари катта ваколатларга эга. Айримларида эса, бу жараёнда ижро ҳокимиятининг бошқа бир органи асосий ўрин эгаллайди. Судьялар кенгашларининг умумий принциплари қабул қилинганидан кейин БМТ га аъзо бўлган барча давлатларнинг суд тизимига дахлдор бўлган ҳужжатга айланади. Айнан шунинг учун ҳам халқаро тажрибани чуқур ўрганиш зарурияти бор.
Фазлиддин Хидиров, Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судьяси:
– Ниҳоятда муҳим масала, яъни Судьялар кенгашларининг умумий принциплари ишлаб чиқилишига бағишланган давра суҳбатида мен масофадан туриб онлайн иштирок этдим.
Гап шундаки, мазкур ҳужжатнинг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши биринчидан, суд органлари фаолиятининг мустақиллиги кафолатланишига, судьялар фақат қонунларга бўйсунган ҳолда холис, ҳеч бир тараф томонидан ва ҳеч бир сабабсиз, бевосита ёки билвосита чеклашларсиз, ғайриқонуний таъсир кўрсатишларсиз, ундашлар, мажбурлашлар, таҳдидлар ёки аралашувларсиз суд ҳужжатларини чиқаришга кўмаклашади. Бунда суд идоралари бошқа давлат органлари ёки улар мансабдор шахсларининг судьялар ишига ғайриқонуний аралашувнинг олди олинади.
Иккинчидан, судьялик лавозимига номзодларни танлаш ва тайинлаш жараёнида умумэътироф этилган демократик принциплар асосида янгича ёндашувлар вужудга келишига замин яратади.
Учинчидан, судьяларнинг ваколат муддатлари, уларнинг дахлсизлиги, хавфсизлиги, муносиб тақдирланишлари, хизмат шартлари, нафақа ва нафақага чиқиш ёши тегишли тарзда қонун билан белгиланиши ва кафолатланишига ҳам олиб келади.
Валишер КАРАМАНОВ, Жиноят ишлари буйича Карши шахар судининг суьдяси:
– 1985 йил 26 августдан 6 сентябргача Миланда бўлиб ўтган еттинчи конгрессида қабул қилинган ва БМТ Бош Ассамблеясининг 1985 йил 29 ноябрдаги 40/32-сонли резолюцияси билан тасдиқланган Суд органлари мустақиллигига оид Асосий тамойилларнинг тегишли бандида қуйидаги муҳим қоида белгиланган: Судьялик лавозимига танлаб олинган шахслар юқори ахлоқий сифатлар ва қобилиятларга ҳамда ҳуқуқ соҳасида тегишли тайёргарлик ва билимларга эга бўлишлари керак. Судьяларни танлаб олишнинг ҳар қандай усули ғайриқонуний далиллар бўйича судьяларни тайинлашдан ҳимояни кафолатлаши лозим. Судьяларни танлаб олишда мазкур шахс ирқи, терисининг ранги, жинси, дини, сиёсий ва бошқа эътиқодлари, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, моддий, табақавий ёки бошқа ҳолатларига боғлиқ равишда камситилмаслиги керак; бироқ юридик лавозимга номзод тегишли давлат фуқароси бўлиши кераклиги ҳақидаги талабга камситилиш сифатида қаралмаслиги лозим. Менинг фикримча, Судьялар кенгашларининг умумий принципларини ишлаб чиқишда мана шу ва шунга ўхшаш муҳим халқаро принциплар эътиборга олиниши лозим.
Арслон ЭШМУРОДОВ тайёрлади.