Ижтимоий тармоқларда суд тизими мансабдорлари учун жами 10 млрд 129 млн сўм қийматдаги 26та Скода Кодиақ ва 3та Малибу-2 русумли автомобиллар харид қилингани, ушбу харидлар қонунчиликка зид равишда амалга оширилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Олий суд матбуот хизмати Kun.uz’га берган изоҳида 10,1 миллиард сўмлик бу харидлар қонунга зид эмаслигини билдирган.
Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 79-моддасига мувофиқ жорий йилнинг май ойида вилоят ва унга тенглаштирилган судлар раисларига Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 26 дона Скода Кодиақ ва 3 дона Малибу-2 автомашиналари харид қилинганини тасдиқлади.
Олий суд расмийси мазкур автомашиналарнинг харид қилиниши сабабини вилоят судлари раисларининг хизмат автотранспорт воситалари эксплуатация муддатини ўтагани ҳамда маънан ва жисмонан эскиргани билан изоҳлади.
“Айни пайтда турли ижтимоий тармоқларда судлар учун харид қилинган хизмат автотранспорт воситалари хусусида турли танқидий мақолалар чиқмоқда. Ушбу мақолаларда қандайдир қонун бузилиш ҳолати ёки бирор-бир меъёрий ҳужжатга амал қилинмаганлик ҳолати кўрсатилмаган. Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2021 йил 29 апрелдаги 258-сонли қарорида ҳам суд органлари киритилмаган. Шунга кўра, мазкур қарорларда белгиланган меъёрлар ва чекловлар суд органларига тегишли эмаслиги эслатиб ўтилади”, дейди Азиз Обидов.
Айтиш жоизки, юқоридаги ҳукумат қарорида хизмат автомобиллари харид қилишга қўйилган чекловлар давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, яъни ижро ҳокимияти тизими учун белгиланган. Қарорда қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти мансабдорлари учун бирор чекловлар назарда тутилмаган.