БУГУН мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга назар ташласак, айнан суд-ҳуқуқ соҳасида биров сезиб, биров сезмаётган инқилобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Бу янгиликларни халққа етказиш фақат судьялар ёки суд аппарати ходимларининг иши эмас, бу ўзгаришларни барча бирдек қабул қилиб, амал қилиши лозим аслида.
Кейинги йилларда жамиятда судьяларнинг мавқеи ва мақомини ошириш, уларнинг моддий таъминотини бировнинг қўлига қарамайдиган даражага етказиш, соғлом фикрлиларни судьяликка сайлаш орқали адолат ва қонунийликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Учинчи ҳокимиятни ҳақиқий ҳокимият қилиш мақсадида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
“Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 64-моддасига кўра, судья белгиланган тартибда қасамёд қилади. Бу оташин қасамёд бўлажак судьянинг зиммасига катта масъулият юклайди, албатта. Шу ўринда бир савол туғилади. Мустақил ва эркин бўлмаган судья шу қасамёдга содиқ бўла оладими? Албатта, йўқ!
Жамиятдаги барча фуқаролар судьяларнинг мустақиллигига, уларнинг фаолиятидаги юксалишларга ҳавас ва ишонч билан қарайди. Бугунги кунда судьялар мана шу ишончни қай даражада оқламоқда? Судларимиз тўла мустақил, судьяларимиз адолатлими ёки ҳали ҳам бу йўналишда қилинадиган ишлар борми? Шу каби саволларни ҳар биримиз беришга ҳақлимиз.
Ҳуқуқшунослар ўзига улуғ устоз деб биладиган Бурҳониддин Марғиноний бир ҳадис ривоят қилганлар: “Расулуллоҳ айтганлар: Кимда-ким қозилик мансабини ахтарса, у ўзига ўзи жавоб бериши керак, лекин кимда ким мажбурият орқасида ишласа, унинг учун фаришта осмондан тушиб уни бошқаради”.
Дарҳақиқат, судьялик вазифасига лойиқ топилган киши олий даражадаги адолат ва яхшилик тарафдори бўлиши лозим. Шу сабабдан ҳам судьяларни танлаш ва тайинлаш институти жорий этилган бўлиб, ана шу талабга мос кадрлар судьяликка тавсия қилинмоқда.
Судьялар олий мактабида “Касб этикаси ва суд психологияси” фанини ўқитиш йўлга қўйилган бўлиб, бўлажак судьяларга “Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси”, шу йўналишдаги халқаро принциплар ўргатилади.
Амалдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 69-моддасига кўра, муайян ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона кўришга тўсқинлик қилиш ёки ғайриқонуний суд қарори чиқарилишига эришиш мақсадида судьяларга қандай бўлмасин бирон-бир тарзда таъсир этиш қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Қонуннинг 66-моддасига кўра, судьялар судьялик шаънини, судьялар одоб-ахлоқи қоидаларини қатъий сақлашлари, одил судловнинг обрўсини, судьялик қадр-қимматини тушириши ёки судьянинг холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари шарт.
Судьялар одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши, одил судловнинг обрўсини, судьялик қадр-қимматини тушириши ёки судьянинг холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатларни амалга оширмаслиги билангина адолат таъминланади. Илк бор тайинланган судьяларга мазкур қоидаларни ўқитиш, амалдаги судьяларнинг ҳам доимий равишда тажриба алмашиб туриши мақсадга мувофиқ, албатта.
Алишер Навоий ўзининг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида шундай ёзади: “Қози мусулмонларнинг яхши ва ёмон ишлари юзасидан ҳукм чиқарувчидир… Қозининг маҳкамаси шариат илмининг хазинаси бўлмоғи; у ҳукм вақтида ошнога ҳам, бегонага ҳам бир савияда қарамоғи лозим… Қози қонун йўлидан бир қадам ҳам тоймаслиги — тўғри йўлдан чиқмаслиги лозим… Модомики, ҳукм элнинг моли ва жонига тааллуқли экан, қозининг шиори тўғрилик ва адолат бўлмоғи лозим”. Ҳазрат Навоийнинг ушбу боқий сўзлари бугунги судьялар учун арзигулик ибрат мактабидир.
Аслида одил судлов — инсоният маънавияти ва маданияти хазинасининг улуғ неъмати, беназир ютуғи ҳамда маърифий қадриятидир. Президентимиз таъкидлаганидек: “Юксак маънавий ахлоқий савияга эга бўлмаган юрист кадрлар ҳеч қачон судья лавозимига тайинланмаслиги керак. Адолат ва маънавият — ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалардир. Маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмайди”. Эндиликда судьяларга халқнинг ўзи баҳо беради. Улар фаолиятига, биринчи навбатда, аҳолидан тушаётган шикоятлар сони, уларнинг халқ билан мулоқот қилиб, одамларни қийнаётган муаммоларни қандай ҳал қилаётганига қараб баҳо берилади. Адолат бор жойда эса, жамият ривожланади ҳамда равнақ топади, албатта.
А.МУҲИДДИНОВ, Ш.ФОЗИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби тингловчилари
А.БЎРОНОВ,
Тошкент вилояти маъмурий судининг бош консультанти