Суиқасд

Детектив ҳикоя

Карл Чапек

Ўша кеч бирозгина томоғини ҳўллаган маслаҳатчи Томса қулоқчинни тақиб олганча Дворжакнинг славянча яллаларини тинглаб, вақтичоғлик қилиб ўтирган эди. “Мана буни мусиқа деса бўлади!” – деб қўярди у ўзига ўзи. Шу пайт кўчада нимадир икки марта тарсиллади ва маслаҳатчининг олдидаги дераза ойнаси чил-чил синиб, шовуллаб тўкилди. Томса биринчи қаватда яшар эди.

Бундай вазиятда бошқалар ўзини қандай тутса, маслаҳатчи ҳам шундай тутди: бир неча сония буёғига нима бўлишини кутиб турди. Сўнг қулоқчинни ечиб жиддий қиёфада атрофини кўздан кечира бошлади. Нима бўлди ўзи? Деразанинг икки жойига ўқ узилгани ва улардан бири дераза рўпарасидаги эшикка тегиб, ёриқ ҳосил қилганини кўргандан кейингина уни ваҳима босди.

Калласига биринчи келган фикр шу туришда кўчага югуриб чиқиб, жиноятчининг ёқасидан олиш бўлди. Аммо у ёшлик даври ўтиб, ўзини босиб олган киши сифатида биринчи майлни қўйиб, иккинчи йўлни танлашни одат қилиб улгурган эди. Шунинг учун ҳам дарҳол телефонга ёпишди ва полиция участкасига қўнғироқ қилди.

– Алло, тезда кимнидир жўнатинг. Ҳозиргина менга суиқасд қилишди.

– Қаерда бўлди бу? – сўради уйқусираган ва беҳафсала бир овоз.

– Менинг уйимда! – деди тутақиб Томса, худдики ҳаммасига полиция айбдордай. – Бу нима деган гап ахир, ҳе йўқ, бе йўқ уйида тинчгина ўтирган одамга қараб отаверишса! Жиддий тергов олиб бориш керак! Шу етмай турувди ўзи, шундоғам…

– Тушунарли, – унинг гапини бўлди уйқусираган овоз. – Бирортасини жўнатамиз.

Маслаҳатчининг сабри тугаб борарди; унинг наздида ўша “бирортаси”нинг судралиб етиб келиши жуда чўзилиб кетадигандай эди. Ундай бўлмади: йигирма дақиқа ўтар-ўтмас кўринишидан бамаънигина полиция инспектори етиб келган ва диққат билан деразани кўздан кечиришни бошлаб юборган эди.

– Кимдир деразага қарата ўқ узибди, жаноб, – деди у билимдонлик билан.

– Буни ўзим ҳам яхши биламан, – деди аччиқланиб Томса. – Айтдим-ку, мен худди шу деразанинг шундоққина олдида ўтирувдим.

– Етти миллиметрли калибр, – давом этди эшикдаги ўқни пичоғи билан чиқариб олар экан инспектор. – Ҳарбий зобитларнинг эски русумдаги тўппончасидан отган кўринади. Эътибор беринг, ўқ бу ерга тегиши учун ўша нусха ҳовли деворига чиқиши керак бўлган. Йўлакдан туриб отганида ўқ тепароқ кетган бўларди. Демак, у сизни нишонга олган, жаноб.

– Офарин! – деди алами тошиб Томса. – Мен бўлсам, шунчаки эшикка теккизмоқчи бўлган деб ўйлабман.

– Буни ким қилган бўлиши мумкин? – деди инспектор унинг гапига аҳамият ҳам бермай.

– Узр, сизга унинг манзилини беролмайман, – истеҳзо билан жавоб қилди маслаҳатчи. – Мен у жанобни кўрмай қолдим ва уйга таклиф қилишгаям улгуролмадим.

– Ҳа-а, жўнгина ишга ўхшамаяпти, – деди ҳамон вазминлик билан инспектор. –Хўш, кимдан гумон қилаяпсиз?

Томсанинг сабр косаси тўлди.

– Гумон қилаяпсиз деганингиз нимаси! – қичқирди у жаҳл билан. – Йигитча, мен у ярамасни кўрмадим деяпман-ку! Агар у менинг ҳаводан бўса юборишимни кутиб турган бўлганидаям қоронғида уни танимаган бўлардим. Мундоқ ўйлаб кўринг-чи, кимлигини билганимда сизни чақириб ўтирармидим!

– Ҳа, албатта, – деди инспектор янаям хотиржам оҳангда. – Лекин, сизнинг ўлимингиздан кимга наф? Эслаб кўринг, эҳтимол сиздан ўч олмоқчи бўлиб юрган одам бордир? Мени маъзур тутасиз, бу шунчаки босқинчилик эмас. Босқинчи, агар жуда зарурат бўлмаса отмаган бўларди. Балки аллақачон ўзингизга душман орттириб олгандирсиз? Ана шулар ҳақида айтсангиз, биз шу бўйича терговни бошлаймиз.

Томса довдираб қолди: ишнинг бу томонини ўйламаган эди.

– Тўғриси, ҳайронман, – бўшашибгина гап бошлар экан, кекса, бўйдоқ ва амалдорнинг, яъни ўзининг осойишта ҳаётига хаёлан кўз ташлади. –  Менда душман нима қилсин? – ажабланган кўйи давом этди у. – Рости, биронта душманим борлигини билмас эканман. Йўқ, бўлиши мумкин эмас. Ҳеч ким билан учрашиб юрмасам, бир жойга бормасам, ҳеч нимага аралашмасам… Бир одамови бўлсам. Менда кимнинг ўчи бўлиши мумкин?

Инспектор елкасини қисди.

– Инчунун, менам билмайман, жаноб. Аммо эрталабгача эсингизга тушиб қолса ажабмас. Бу ерда қолишга қўрқмайсизми?

– Йўқ, албатта, – деди Томса фаромуш тортиб.

«Ғалати иш бўлди, – дея ўзига ўзи гапиринди ёлғиз қолгач. Кўнглининг хижили тарқамаётган эди – нима учун, ҳа, айнан нима учун менга ўқ узишди? Ахир зоҳиддай кун кечирсам, ишга бораман, уйга қайтаман. Иш уй, иш уй… ҳатто тузукроқ танишим ҳам йўқ! Нега мени отмоқчи бўлишади?» – у ҳайрон эди. Бундайин адолатсизликдан унинг алами келди. Ўзига ачиниб кетди. «Эшакдай ишлайман, – ўйлади у, – ҳатто уйимгаям иш олиб келаман. Исрофгар бўлмасам, хурсандчилик нималигини билмасам. Чиғаноқ ичидаги шиллиқуртга ўхшаб яшасаму, бирданига «пақ»! Кимнингдир мени ўлдиргиси келиб қолса! Э худо, одамларда бунақа сабабсиз хусумат қаёқдан пайдо бўлар экан?» Маслаҳатчи лолу ҳайрон эди. Кўнгли чўкди. «Кимни ранжитдим? Нима сабабдан кимдир мени бу қадар ёмон кўради?»

«Йўқ, бу ерда бир хатолик бор, – ўйга толди у бир қўлида ботинкаси билан кроватига ўтирганча.  – Ҳа, мени ким биландир адаштиришган. Ўч олмоқчи бўлган одами билан адаштиришган. Худди шундай бўлган, – шу тўхтамга келиб бироз енгил тортди. – Нима учун мени кимдир ёмон кўриши керак экан?»

У аллақандай Роубал деган ҳамкасби билан бўлган суҳбатни эслади-ю, ботинка қўлидан тушиб кетди. Ўша суҳбатда унга хотини ҳақида ножўя гап айтиб юборган эди. Роубалнинг хотини унга хиёнат қилишини ва дуч келганга илакишиб кетаверишини бутун дунё, керак бўлса ўша Роубалнинг ўзиям билади. Лекин билдирмасликка уринади. Мен нодон шу ҳақда лақиллаб ўтирибман! Маслаҳатчи Роубал нафаси бўғилиб, қўлларини мушт қилиб олганини эслади. «Худойим, – ваҳимага тушди Томса, – уни қанчалар ранжитдим-а! Ахир у хотинини эсини йўқотар даражада севади-ку. Мен, албатта, гапни бошқа ёққа буришга уриндим, лекин Роубал алам билан лабини тишлаб қолди. Мана мени бир одам ёмон кўриши учун сабаб! Турган гапки, у менга ўқ узиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Лекин мен жабланмаган бўлардим, агар…»

Томса саросимада полга ўтириб олди. “Ёки, дейлик, тикувчим… – эслади у нохуш бир  алфозда, – у ўн беш йил кийимимни тикди, кейин эса унинг юқумли силга чалингани ҳақида гап чиқди. Турган гапки, ҳаммаям сил касали бор одам тиккан кийимни кийиб юришни ўзига эп кўравермайди. Менам унга ортиқ кийим тиктирмай қўйдим. У эса олдимга келиб “бунда ишсиз ўтирибман, хотиним касал, болаларимни қишлоққа жўнатишим керак… Менга яна ишонч билдириб, илтифот кўрсатсангиз” дейди. Э Худо, унинг рангпар юзини кўрсангиз эди. Кейин ғижиниб чўмилганимни айтинг…

«Жаноб Колинский, – дедим унга, – бекор овора бўлибсиз, менга тузукроқ тикувчи керак, сизнинг ишингиздан кўнглим тўлмайди». – «Мен астойдил ҳаракат қиламан, жаноб Томса», – ялинарди у йиғламоқдан бери бўлиб. Қўрқув ва саросимадан терга тушиб кетган эди шўрлик. «Мен бўлсам, ўшанда – эслади маслаҳатчи, – «бир гап бўлар», деган камбағалларга таниш гап билан уни жўнатиб юбордим. Тикувчи ҳам мени ёмон кўриши аниқ, – изтиробга тушди маслаҳатчи, – кимдандир жонини сақлаб қолишни сўраган одамнинг бундай шафқатсиз жавоб олиши даҳшат-ку! Лекин мен нима қилишим керак эди? Биламан, у мени отмаган, аммо…»

Маслаҳатчининг юраги баттар эзилди. Яна бир нималар эсига туша бошлади…

«Ишхонада, қари курьеримизга ғазабимни сочганим ҳам чатоқ иш бўлган эди. Бир ҳужжатни тополмай роса овора бўлувдим. Хунобим чиқиб ўша чолни чақирдим-да, ҳамманинг олдида худди ёш болани урушгандай бақириб-чақириб хумордан чиқиб олдим. Бу нима деган гап, овсар! Бунақа тартибсизликни бўйнингизга илиб, ишдан ҳайдаш керак сизга ўхшаганларни!.. Кейин ўша ҳужжат менинг столимдан топилса денг! Чол чурқ этмади, фақат қалтираб, кўзини пирпиратиб тураверди…»

Маслаҳатчининг иссиғи чиқа бошлади. «Қўл остингдагиларни озгина хафа қилган тақдирингда ҳам узр сўраш шарт эмаску, тўғрими, – ўзини овутди у. – Ходимлар раҳбарларни ёмон кўриши – бу табиий. Шундай бўлишиям керак. Майли, ўша чолга эски костюмларимдан бирортасини совға қиларман… Йўқ, бу ахир уни баттар хўрлаш бўлади…»

Маслаҳатчи тўшагига чўзилди, лекин ётолмади. Кўрпа уни бўғаётгандай туюлди. У тиззасини қучоқлаб, қоронғиликка тикилиб ўтирди: маҳзун хотиралар уни тарк этмаётган эди… “Ёки, масалан, ёш ходим Моревак билан бўлган воқеани олайлик. Моревак – ўқимишли йигит, шеър ҳам ёзиб туради. Бир сафар у хатни яхши тайёрламаган экан. Мен унга “Буни қайтадан тайёрланг, ҳамкасб!” дея хатни столига ташладим. Қаттиқроқ отдимми, қоғоз ерга тушиб кетди. Моревак уни эгилиб олар экан, қулоғигача қизариб кетди… Ўзимни ўзим дўппослаб ташласам-да! – минғирлади маслаҳатчи. – Йигитчани яхши кўра туриб, нафсониятига тегишим шартмиди? Буни қасддан қилмаган бўлсам ҳам…»

Томсанинг хотирасида яна бир қиёфа жонланди: хизматдоши Ванклнинг рангпар, бироз солқиган  юзи. “Шўрлик Ванкл, у менинг ўрнимга бўлим бошлиғи бўлмоқчи эди. Бу унга кўпроқ топиш имкониятини берган бўларди, унинг олти фарзанди бор. Айтишларича, у катта қизини ашулачиликка бериш истагида экану, лекин бунга пул тополмаётганмиш. Мен ундан хизмат пиллапоясида ўзиб кетдим, сабаби у калтафаҳм ва ишдан бошқа нарсани билмайди. Муттасил етишмовчилик унинг ориқ хотинини жанжалкаш қилиб қўйган. У тушликка қуруқ нон кавшайди…”

Маслаҳатчи ғамгин ўйга ботди. «Бечора Ванкл, мен бир ўзим, бўйдоқ бўла туриб ундан кўп маош олишим унга алам қилса керак. Лекин бунинг учун мен айбдорманми? Ҳар доим у менга таъна билан қараб қўйганида ноқулай аҳволга тушаман…»

“Ҳа, – деди маслаҳатчи терлаган пешонасини артар экан, ўзига ўзи, – у куни официант унга ҳисобни келтирганида мени бир неча кронга алдамоқчи бўлганини билиб қолдим. Мен ресторан соҳибини чақиртирдим, у эса шу заҳоти официантни ишдан ҳайдади. “Ўғри! – дея қичқирди у. – Сени бутун Прагада ҳеч ким ишга олмайдиган қиламан!” Официант бир сўз демай ортига бурилиб кетди. Фрак остидан унинг озғин кураклари қалтирар эди…»

Маслаҳатчи жойида ортиқ ўтиролмади. Радиоприёмник ёнига ўтиб қулоқчинни тақди. Радио ҳам гўё сукутга чўмгандай жим эди.

Сокин тун. Томса бошини қўлларига қўйганча ҳаётида дуч келган, илгари тил топишиш ҳақида сира ўйлаб кўрмаган, тушуниксиз майда одамларни эслашга тиришарди.

Эрталаб полиция участкасига кириб келганида у бироз ранги ўчган ва паришон ҳолатда эди.

Хўш, нима бўлди? – сўради инспектор – Ким сизни ёмон кўриши эсингизга тушдими?

Маслаҳатчи бошини чайқади.

– Билмадим, – деди у иккиланиб. – Бунақа одамлар шунчалик кўп эканки…– у беҳафсала қўл силкиб қўйди. – Ким ҳам қанча одамни ранжитиб қўйганини биларди, дейсиз… Дераза олдида бошқа ўтирмайман. Айтгандай, сиздан бу ишни ёпишингизни сўраб келувдим…

Рус тилидан Шавкат Ёдгоров таржимаси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз