Олий Мажлисга ва халқимизга йўлланган бу йилги Президент Мурожаатномасида айтилганидек, суд-ҳуқуқ соҳаси, жумладан, жиноий жазоларни либераллаштириш борасидаги ислоҳотларимиз ҳам изчил давом эттирилаётганлиги, бу йил судланган шахсларнинг 74 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланганлиги, жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йўлига қатъий кирган 616 нафар фуқаро афв этилганлиги хусусида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, судлар мустақиллиги таъминланиши натижасида жорий йилнинг ўзида 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Энг асосийси ислоҳотларимиз самарасини ҳар бир инсон ўз ҳаётида ҳис этиши учун қабул қилинаётган ҳужжатлар ижросини ўз вақтида ва самарали таъминлаш лозим. Сўнгги 4 йилда барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришларни амалга ошириш бўйича 150 та қонун, 2 мингга яқин фармон ва қарорлар қабул қилинди. Шу билан бирга, сўнгги 4 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида дадил қадамларни қўйдик. Бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бизга маълумки, суднинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашдаги ролини ошириш, шахс конституциявий ҳуқуқларини жиноят процессида ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш, бузилган ҳуқуқларни ўз вақтида ва самарали тиклаш, суд назоратининг амалдаги механизмлари самарадорлигини ошириш, процесс иштирокчиларининг шикоят бериш ва одил судловга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек жиноятларни тез ва тўла очиш ва шахснинг конституциявий ҳуқуқларини кафолатлаш ўртасида мутаносибликка эришиш масалаларини ўрганиш бугунги кундаги долзарб масалалардан биридир. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, бу борада ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп шулардан, янги йилдан бошлаб жорий этиладиган “бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозим. Айтиш жоизки, ҳозирги кунгача вилоят судлари чиқарган қарор устидан берилган шикоятлар шу судларнинг ўзида кўриб чиқилар эди. Келгуси йилдан бошлаб бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилади. Одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинади.
Бугунги кунда ривожланган давлатларда жиноят суд ишларини юритиш вазифаларини ҳал қилишга турлича ёндошув, мавжуд процессуал шакллардаги фарқларга қарамай, суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқини таъминлашга бўлган эътибор умумийдир. Суд назоратининг халқаро стандартлари қонунга мувофиқ тузилган, мустақил, холис ва нуфузли судга мурожаат ҳуқуқи — мутлақ ҳуқуқ бўлиб, ундан истиснолар бўлмаслиги кераклигига асосланади. Яна бир муҳим вазифалардан бири, бу жиноят процессида тергов харакатларидан бири гувоҳлантиришдан бош тортаётган шахслар мажбурий келтирилиши ўз-ўзидан эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқини чеклайди, бироқ Жиноят процессуал кодексда мазкур тергов ҳаракати устидан суд назорат масаласи тартибга солинмаганлиги, фақатгина суриштирувчи ёки терговчи қарори асосида мажбурий гувоҳлантириш ўтказилиши мумкинлигини асосли деб бўлмайди. Масалан, айрим давлатларнинг тажрибасига ўргансак, Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикаси, Молдовада мажбурий гувоҳлантириш учун суднинг рухсати талаб қилинади. Конституциявий ҳуқуқларни чекловчи тергов ҳаракатлари устидан суд назорати тартибини белгилаш, ишни судга қадар юритиш жараёнида тарафлар тортишуви принципини тўлақонли татбиқ қилиш ва шахс ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга шароит яратишдан иборат. Юқоридагиларга асосан, конституциявий ҳуқуқларни чекловчи тергов ҳаракатлари, шу жумладан, рухсат бериш суд назорати предмети бўлиши зарур.
Шунингдек, суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади. Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади. Бу амалиёт 1959 йилда қабул қилинган Жиноят процессуал кодексда ўзгача шаклда акс этган эди. Ушбу таклиф қонунчиликдан ўрин олса, жиноят судлов ишларини соддалаштиришга хизмат қилади.
Яна бир муҳим янгиликлардан бири – инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилди. Энди инвесторлар, ўз хоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкин. Яна бир масала юзасидан тўхталиб ўтсак, Президентимиз “…прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш тартиби жорий этилади. Шу орқали суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида мувозанатни, яъни ўзаро тийиб туриш тамойилларини таъминлаш имкони яратилади. Бундай муҳим ўзгариш ҳам бизнинг тажрибамизда биринчи марта жорий этилмоқда. Ишонаманки, прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш бўйича ривожланган демократик мамлакатларда амал қиладиган бундай тажрибани жорий этиш ҳаётимизда адолат мезонини мустаҳкамлашда улкан қадам бўлади.” деб мазкур масалага алоҳида эътибор қаратган эдилар. Судга шикоят қилиш ҳуқуқи — бу фуқаролар томонидан уларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд тартибида тиклашни талаб этадиган ҳуқуқдир. Жиноят-процессуал қонунчилиги шахс ва жамиятни жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш мақсадида жиноят процессида шахснинг конституциявий ҳуқуқларини фақат қонунда белгиланган тартибда чекланишига йўл қўяди, бироқ шахс ҳуқуқларини асоссиз чекланишини ва бузилган ҳуқуқларни тиклаш унданда муҳимлигини эътироф этган ҳолда процессуал ҳаракатлар ва қарорлар устидан шикоят қилиш ҳуқуқини принцип даражасига кўтарган. Ишни судга қадар юритишга масъул мансабдор шахсларнинг қарорлари ва ҳаракат(ҳаракатсизлиги)лари устидан шикоятларни суд томонидан тарафлар иштирокида кўриб чиқилиши тарафларнинг тенглиги ва тортишув конституциявий принципини ишни судга қадар юритишдаги кўринишларидан бири бўлиб, суднинг фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги алоҳида ролини кўрсатади. Процессуал ҳаракат(ҳаракатсизлик)лар ва қарорлар устидан шикоят қилиш принципининг мазмуни икки хил кўринишда: инсон ва фуқаронинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ҳамда судгача иш юритиш ва суд иш юритуви жараёнида қонунийликни таъминлаш сифатида намоён бўлади. Бузилган ҳуқуқ ва эркинликларни тиклаш учун судга мурожаат қилиш воситаси бу шикоятдир. Шикоят ҳар доим мурожаат қилган фуқаро ёки бошқа шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари ҳақида маълумотларни ўз ичига олади. Процессуал қарорлар ва ҳаракатлар устидан шикоят қилиш тартибини қонунда аниқ белгилаш шахснинг одил судловга эришиш ҳуқуқини чекламаслиги лозим. Бунда биринчи масала, албатта, шикоят қилиш муддати ва шаклини аниқ белгиланишидир. Фикримизча, Жиноят процессуал кодекснинг 27-моддасида судга электрон тарзда мурожаат қилиш мумкинлиги белгиланиши, судга мурожаат қилиш имконини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Энг асосийси, суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб, фуқароларимизга суд биносига келиб юрмасдан, “онлайн” тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилади. Шунингдек, фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши мумкин бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият ҳисобланиши ва инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар янги йилда ҳам изчил давом эттирилади.
Гулчеҳра Тулаганова,
ТДЮУ “Суд, ҳуқуқни муҳофаза
қилувчи органлар ва адвокатура”
кафедраси профессори, ю.ф.д.