САВОЛ: Супер-контрактга кирганлар таълим кредити олиши мумкинми?
ЖАВОБ: Супер-контрактга кирганлар 1-курсда, яъни супер-контракт тўланадиган йили таълим кредити ололмайди. Аммо 2-курсдан бошлаб, бемалол таълим кредити олиши мумкин.
Таълим кредитининг янги тартиби ҳақида маълумотлар
Ҳуқуқий асос: Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори (№527, 18.08.2021 й.)
Кредит миқдори: талаба ва ОТМ ўртасида тузилган тўлов-контракт шартномаси миқдорида
Муддати: ўқиш муддати (3, 4 ёки 5 йиллик муддат) тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил муддатга
Фоизи: Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида (ҳозир 14%).
Асосий ставка ўзгарса: агар Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайса, унда кредит фоизи ҳам пасаяди. Агар асосий ставка кўтарилса, унда кредит фоизи ўзгармайди (яъни кўтарилмайди).
Кимларга берилади: таълим кредити
✅ кундузги таълим шаклига
✅ бакалавр ёки магистрга
✅ тўлов-контракт асосида ўқишга кирган
✅ ёки ўқишини кўчирган талабаларга берилади.
❌ супер-контракт учун ёки махсус сиртқи, кечки ва сиртқи таълим шакллари учун таълим кредити берилмайди.
Қайси ОТМлар учун: таълим кредити Ўзбекистондаги
✅ давлат
✅ нодавлат
✅ хорижий ОТМлар ёки уларнинг филиаллари
✅ қўшма дастурда ўқийдиган талабаларга берилади.
Хорижда жойлашган ОТМларда ўқиш учун таълим кредити берилмайди.
Кафиллик: кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, эри ёки хотини) ёки васийлари таълим кредити шартномасида биргаликда кредит олувчи сифатида қатнашишлари мумкин.
Фуқаролик: таълим кредити фақат Ўзбекистон фуқаролари учун берилади. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга банкларнинг ўзлари тижорий шартларда таълим кредити бериши мумкин.
Керакли ҳужжатлар: банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
а) ариза;
б) талаба ва ОТМ ўртасидаги шартнома (контракт);
в) кредит қайтарилишининг таъминоти бўйича ҳужжат. Бунда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилаларнинг фарзандларига ажратиладиган таълим кредити бўйича гаров ва кафиллик талаб этилмайди;
г) “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилганлигини тасдиқловчи маълумотнома (агар бўлса);
д) банкнинг ички ҳужжатларида (сиёсатида) белгиланган бошқа ҳужжатлар, шу жумладан, биргаликда кредит олувчига тегишли маълумот ва ҳужжатлар.
Ариза кўриб чиқилиш вақти: ариза 5 иш кунида кўриб чиқилиши ва кредит шартномаси имзоланиши керак. Агар рад этилса бу ҳақда талабага сабаби кўрсатилган жавоб хати берилади.
Муддатдан олдин қайтариш: кредит олувчи таълим кредитини шартномада белгиланган муддатлардан олдин қайтаришга ҳақли.