Сенатнинг қирқ биринчи ялпи мажлисида “Экология ва жамоат тартибини сақлаш соҳаларидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Қонун билан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқбузарликлар содир этган айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун ички ишлар ва Миллий гвардия органларига зарур ваколатлар берилишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Унга кўра, Ички ишлар ва Миллий гвардия органларига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда белгиланган экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги 7 та моддада назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тегишли бўлади.
Ушбу ишларни кўриб чиқишга ҳамда жарима тариқасидаги маъмурий жазо қўллашга ҳақли бўлган мансабдор шахслар, шунингдек, Ички ишлар ва Миллий гвардия органлари номидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузишга ҳақли бўлган ушбу органлар тузилмаларининг мансабдор шахслари белгиланмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши табиий ресурсларни, яъни сув обектларига оқова сувларни оқизиш, ер усти сувларини, атмосфера ҳавосини ҳамда атроф-муҳитни чиқиндилар билан ифлослантириш ҳолатларини келтириб чиқарувчи объект ёки субъектларга нисбатан тезкор чоралар кўрилишини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.