Бундан 7 йил муқаддам 2013 йил 4 июлда жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди Шайхонтоҳур туманида яшовчи тадбиркор — “EXPRESS PROYEKT DIZAYN” хусусий корхонаси раҳбари Бахтиёр Хоназаровни Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топиб, унга тегишли жазо тайинлаган. Мазкур жиноят иши доирасида хусусий корхона раҳбарининг ўринбосари Моҳира Абдукаримова, бош ҳисобчиси Камола Эргашева ва Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Санжар Шукуровлар ҳам судланган.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, тадбиркорнинг айби нима эди, нега у жазога тортилди?
Суд ҳукмида қайд этилишича, Бахтиёр Хоназаров 2007 йил 24 апрелдан эътиборан “EXPRESS PROYEKT DIZAYN” хусусий корхонаси раҳбари лавозимида ишлаб келган. Ана шу даврда — Тошкент шаҳар ҳокимининг 2012 йил 2 июлдаги қарорига асосан шаҳардаги “ORXIDEYA-LYUKS” масъулияти чекланган жамиятига Сергели тумани, Сергели-5 даҳаси, 105-уй ёнида жойлашган, майдони 0,4 гектарли ер кўп қаватли тураржой биноларини қуриш учун ажратилади. Натижада 2012 йил 30 июль куни мазкур жамият билан хусусий корхона ўртасида лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш юзасидан баҳоси 20 миллион сўмлик шартнома тузилади. Ушбу шартномага асосан “EXPRESS PROYEKT DIZAYN” хусусий корхонаси “ORXIDEYA-LYUKS” МЧЖ томонидан тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 60 кун — 2012 йил 28 сентябрга қадар лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаб бериш мажбуриятини олган. Бироқ Б.Хоназаров ишни ўз муддатида бажармаган. Қолаверса, “ORXIDEYA-LYUKS” МЧЖ раҳбари Ш.Эшниязовга лойиҳа-смета ҳужжатларини тезлатиб бериш ҳамда Тошкент шаҳар давлат экспертизаси бошқармаси ва бошқа тегишли идоралардан рўйхатдан ўтказиб беришини ваъда қилиб, яна қўшимча 40 миллион сўм миқдорида пул маблағини таъмагирлик йўли билан пора сифатида талаб қилган. Шундан сўнг 2012 йилнинг август ойи бошларида Тошкент шаҳрининг турли жойларида Ш.Эшниязовнинг ўзидан миллион сўм, ўша йилнинг 26 декабрь санасига қадар эса 10 миллион сўм пулни унинг ўринбосари Ш.Хусаинов орқали олган. Кейин жиноий йўл билан топилган ана шу даромадини легаллаштириш мақсадида пулларни Чилонзор тумани 7-даҳада жойлашган “Спорт ва соғломлаштириш мажмуаси” биносини қуриш учун сарфлаган.
Бундан ташқари, Бахтиёр ака ўзининг ўринбосари Моҳира Абдукаримова ва бош ҳисобчиси Камола Эргашевалар билан жиноий тил бириктирган ҳолда мажмуада спорт-соғломлаштириш хизматларини кўрсатиш ҳамда бир нечта спорт турлари бўйича тўгарак машғулотларини ўтказишдан тушган накд пулларни банкка топширмай, назорат-касса машинаси ёки ҳисоб-китоб терминалидан фойдаланмай, хизмат кўрсатиш қоидаларини бузган.
Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаган Санжар Шукуров эса 2012 йил ноябрь ойининг бошларида лойиҳа-смета ҳужжатларини бошқарманинг меъморий кенгашидан ўтказиб бериш эвазига Бахтиёр Хоназаровдан 500 АҚШ долларини пора тариқасида олган. Бинобарин, тўрттала шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Оқибатда, жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг 2013 йил 4 июлдаги ҳукмига биноан, ушбу шахсларга тегишли жазо тайинланган.
Бундан ташқари, Санжар Шукуров, Моҳира Абдукаримова ва Камола Эргашевалар ҳам Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор, деб топилган ҳолда қонуний жазоларга тортилган. Судланувчилар Б.Хоназаров, М.Абдукаримова ва К.Эргашеваларнинг суд ҳукмидан норози бўлиб, ёзган апелляция шикояти эса жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2013 йил 23 августдаги ажрими билан қаноатлантирилмасдан, суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган. Айниқса, бу ҳолатдан кейин озодликдан маҳрум этилган Бахтиёр Хоназаров ич-этини еб бўлган. Негаки у ўзини айбсиз деб биларди. Бироқ сабр қилишдан ўзга чораси йўқ эди.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида бошланган кенг кўламли ислоҳотлар унда яна умид уйғотган. Шундай қилиб Бахтиёр Хоназаров 2018 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида шикоят йўллаган. Аммо суд томонидан унинг мазкур шикояти қаноатлантирмасдан қолдирилган. Шу боис қаҳрамонимиз такроран Олий суд эшигини қоққан. Натижада Олий суд раиси ўринбосарининг 2019 йил 14 январдаги ажрими билан судьянинг юқоридаги ажрими бекор қилиниб, жиноят иши билан бирга кўриш учун тегишли судлов ҳайъатига ўтказилган.
Шундан сўнг Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати мазкур ишни кўриб чиққан. Судлов ҳайъати жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2013 йил 23 августдаги ажримини бекор қилган ҳолда ишни янгидан кўриш учун кассация инстанциясига юборган.
Шуни эътироф этиш лозимки, ўша пайтларда судларда янги ислоҳотлар нафаси сезила бошлаганди. Бинобарин, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ўзининг 2019 йил 20 июндаги ажрими билан биринчи босқич суди ҳукмининг Б.Хоназаровга тааллуқли қисмини ўзгартирган. Яъни, судланувчининг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 243-моддасида назарда тутилган жиноят таркиби бўлмагани боис реабилитация қилинган. Қолаверса, Бахтиёр Хоназаровнинг жиноий ҳаракатлари кодекснинг 210-моддаси, 2-қисми, “б,в” бандларидан 19211-моддаси, 1-қисмига, 189-моддаси, 3-қисмидан шу модданинг 1-қисмига қайта квалификация қилинган. Унга ўташ учун тайинланган 1 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси ўталган, деб ҳисобланган.
Бундан ташқари, Б.Хоназаровдан пора предмети сифатида давлат даромадига 36 миллион сўм ундириш қисми чиқарилган. Энг муҳими, ажримда спорт соғломлаштириш мажмуасининг сотилган давридаги баҳосини Бахтиёр акага қайтариш ҳам белгиланган. Аммо….
Аммо шунда ҳам Бахтиёр Хоназаровнинг кўнгли таскин топмаган. Чунки у ўзининг айбсизлигини билиб, оқланишни истарди. Шу мақсадда яна Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида шикоят беришга қарор қилди. Суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати айни ишни 2020 йил 29 июнда кўриб чиқди. Унга мувофиқ, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2019 йил 20 июндаги ажрими бекор қилиниб, янгидан кўриш учун яна мазкур суднинг ўзига юборилган.
Албатта, доно халқимизда “Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди”, деган нақл бор. Шу маънода айтганда, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди буни яна бир карра исботлади. Яъни, жиноят иши ҳужжатларидан аён бўлишича, томонлар ўртасида 2012 йил 30 июлда имзоланган 13Л/12-сонли шартнома баҳоси 20 миллион сўмдан иборат бўлиб, буюртмачи мазкур суммани 60 кун ичида тўлаши лозимлиги белгиланган. Бироқ Ш.Эшниёзов пулни вақтида тўламаган. Кейинчалик, орадан 2 ой ўтгачгина — 2012 йил 2 октябрда бажарувчига 10 миллион сўм пул тўланган холос. Бинобарин, иккала тадбиркор яна 40 миллион сўмлик тўловни амалга ошириш бўйича оғзаки келишувга эришишган. Шундан сўнг Ш.Эшниёзов пойтахтимизнинг турли жойларида Бахтиёр Хоназаровга 26 миллион сўм пул берган. Натижада лойиҳа-смета ҳужжатлари ўз вақтида тайёрлаб берилган. Шунинг учун Б.Хоназаровнинг ҳаракатларини пора олиш жинояти билан баҳолаб бўлмайди. Қолаверса, 2012 йил 1 декабрдан бошлаб мамлакатимизда энг кам ойлик иш ҳақи 79 минг 500 сўм этиб белгилангани ҳолда унинг беш юз баравари 39 минг 795 минг сўмни ташкил қилади. Бу пайтда Ш.Эшниёзов берган 36 миллион сўм жиноят таркибини бермай қолган. Шу сабабли Бахтиёр Хоназаровни Жиноят кодексининг 189-моддаси билан айблаб бўлмайди.
Бундан ташқари, текширув давомида олиниб, ашёвий далил сифатида эътироф этилган 47 варақли “MEGAMIX” номли дафтарда қайд қилинган рақамлар айнан хизмат кўрсатишдан тушган пуллар эканлигини тасдиқловчи далил на терговда, на биринчи босқич судида аниқланмаган.
Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланиши, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозимлиги, қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги белгиланган. Ана шу асосларга таянган суд ўзининг 2020 йил 22 декабрдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг 2013 йил 4 июлдаги ҳукми бекор қилиниб, Бахтиёр Хоназаров бутунлай айбсиз, деб топди ҳамда оқлади. Шунингдек, суд ажримида “Спорт ва соғломлаштириш мажмуаси”нинг сотилган пайтдаги баҳосини оқланувчига қайтариб бериш ҳам белгиланди.
Шу тариқа ноҳақ айбланган тадбиркор 7 йилдан сўнг оқланиб, қўни-қўшни, қариндош-уруғ, ёру биродар ва таниш-билишлари олдида юзи ёруғ бўлди.
Алишер ЖАЛИЛОВ,
Тошкент шаҳар суди судьяси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
“Инсон ва қонун” мухбири