Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариТадбиркор ниқобидаги фирибгар

Тадбиркор ниқобидаги фирибгар

Инсон тўғри йўлдан адашмаслиги учун ҳалоликни ўзига касб қилса бўлди. Ҳаётда учрайдиган майда-чуйда ташвишлар дилдаги поклик туфайли аста-секин ҳал бўлиб бораверади. Чунки, ҳалоллик ўзи билан сабр-қаноат, меҳнатсеварлик, ўзгалар ҳақига хиёнат қилмаслик каби олижаноб фазилатларни эргаштириб келади.

Баъзан бунинг аксини қиладиганлар ҳам топилади. Судланувчи Нодирнинг (исмлар ўзгартирилган) қилмишларига нисбатан жиноят ишлари бўйича  Яккасарой туман судида олиб борилган  суд мажлислари якунида хаёлимизда шу фикрлар бўлди. Айбига иқрор бу кимса хусусий корхоналарнинг биридан “Матиз” русумли автомашинани кунига 90.000 сўмдан ижарага олиб, таксичилик қилиб хотиржам ишлаб юравериши мумкин эди. Лекин у ҳалоликни унутиб, фирибгарлик ортидан даромад орттиришни ўзига маъқул кўрди. Яккасарой туманида жойлашган автопаркида турган автомашиналар аукцион орқали сотилишини эшитиб хомхаёлларга берилди. Бу ҳолатга бойиб кетишдаги катта имконият, деб қарай бошлади.

Шундай ҳаёллар билан юрганида Марат исмли шахс билан танишиб қолади. Қарасаки, у анча содда экан. Ўзини аукционлардан автомашиналарни арзон нархларда олиб сотувчи тадбиркор, деб таништиради. Агар истаса арзон нархда машина олиб беришини айтади. Марат ҳам “Матиз” сотиб олмоқчи бўлиб юрганлигини билдирди. Нодир унга техник соз ҳолатдаги “Матиз”ни 20 миллион сўмга олиб беришини, пулини ярмини аввалдан олишини, қолган 10 миллион сўмини бир йил давомида бўлиб тўлашни таклиф қилади. Унинг гапларига ишонган Марат 10 миллион сўмни  қўш-қўллаб тутқазади. Нодир эса олган пулларни жиғилдонига уриб юборади. Орадан бир-икки кун ўтгач Марат унга у яна телефон қилиб, бир танишига машина кераклигини айтади.  Қобил исмли навбатдаги қурбон ҳам алдовлар таъсирида чув тушади.  Нодир унга “Жентра” ва “Эпика” русумидаги машиналарни олиб беришни ваъда қилиб, аванс сифатида 8 миллион сўмни “туя” қилиб кетади. Ўзини тадбиркор, деб таништирган фирибгарнинг найранглари охир-оқибат фош бўлди.

Жиноят тафсилотларини ўқий туриб ҳаёлингиздан “Одамларимиз бунча содда бўлмаса”, деган фикр ўтаётган бўлиши мумкин. Ҳа, баъзан ҳаётда содда инсонларга дуч келамиз. Аслида улар оқкўнгил бўлгани учун айтилаётган гапни сўраб-суриштирмай ишониб кетаверишади. Бу Нодирга ўхшаган кимсаларга қўл келиши турган гап. Лекин қилмиш-қидирмиш, деган боқий ҳикмат нияти бузуқ кимсаларнинг асл юзини фош қилиб қўяверади.

 Санжар ИБАДОВ,
жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман суди судьяси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз