Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ахборот хизмати хабар беришича, мазкур рейтингда чакана савдо объектлари (дўконлар, савдо мажмуалари, автосалонлар, заргарлик дўконлари ва бошқалар) ҳамда умумий овқатланиш объектлари (кафе, бистро, ресторан ва бошқалар) иштирок этади.
Рейтинг учун зарур бўлган маълумотларни олиш имконини берадиган анкетага:
- тадбиркорлик субъектлари томонидан сотилаётган маҳсулотлар (иш, хизматлар) тўғрисида истеъмолчиларга тўлиқ ва тўғри маълумот тақдим этилаётгани;
- истеъмолчиларнинг шикоятларига қанчалик эътибор қаратилаётгани;
- тўловларни амалга оширишнинг қандай йўллари (тўлов тизимлари, Humo/Uzcard/VISA терминаллари) мавжудлиги каби саволлар киритилган.
Иштирок этиш учун биринчи босқичда иштирокчи томонидан анкета-сўровнома тўлдирилади. Тўлдирилган маълумотлар Агентлик томонидан ўрганиб чиқилади ва ҳар бир банд учун тегишли балл берилади. Кейинги босқичда истеъмолчиларга иштирокчиларни баҳолаш таклиф этилади, бу очиқ овоз бериш йўли билан амалга оширилади. Икки босқич натижаларига кўра тўпланган баллар жамланади ва иштирокчиларнинг рейтингдаги ўрни аниқланади.
Рейтинг доимий асосда шакллантирилади ва Агентлик расмий веб-сайтида жойлаштирилиб борилади.