Маълумки, молиявий қўллаб-қувватлаш тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш омилларидан биридир. Бинобарин, тижорат банкларига бўладиган мурожаатларнинг салмоқли қисми кредит масаласидадир. Ўз навбатида тадбиркорларнинг айни масалада кўпинча муаммоларга дуч келиши ҳам бор гап.
Аммо фарғоналик тадбиркор – “Dilyas Vodiy Market” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Равшан Фахритдинов кредит олишда муаммога эмас, фирибгарга дуч келди.
Гап шундаки, Р.Фахритдинов тикивчилик цехи ташкил қилиш мақсадида шу йилнинг январь ойида акциядорлик тижорат “Агробанк”нинг Учкўприк филиалига 3 миллиард 100 миллион сўм кредит сўраб мурожаат қилади. Ариза билан бирга жамиятга тааллуқли ва кредит ажратилиши учун талаб қилинадиган барча хужжатларни тақдим этади. Бироқ хадеганда кредит маблағи ажратилмайди. Айни масалада банкка борган кунларининг бирида Равшанжон Данғара туманида яшовчи Дилафрўз Ғуломқулова (исм-шарифлари ўзгартирилган) билан танишиб қолади. Ўзаро суҳбат асносида у сўраган кредитини ололмаётганлигидан нолийди.
-Бу иш ўз-ўзидан битмайди-да,-дейди Дилафрўз маъноли қилиб. –Банкдагиларнинг “хизмати”ни бермасангиз, кредит ололмайсиз. Ахир сиз миллион эмас, миллиард сўраяпсиз.
Аёл шундай деб кредит маблағи тезроқ ажратилиши учун банк ходимларига 5000 АҚШ доллари бериш кераклигини айтади. Шу боис тадбиркор 2022 йилнинг февраль ойида унга 2000 АҚШ доллари беради. Лекин орадан 5 ой вақт ўтса ҳам кредитдан дарак бўлмайди. Д.Ғуломқулова эса бунга жавобан қолган 3000 АҚШ долларини ҳам “узатиш” лозимлигини билдиради. Бинобарин, Равшанжон бу хусусда акаси Рустам Фахритдинов билан маслаҳатлашади. Шунда Рустамжон укасидан Дилафрўз билан учраштиришини сўрайди. У билан учрашар экан, Д.Ғуломқулова аввал олган 2000 АҚШ долларини банк филиали бошқарувчиси, кредит бўлим бошлиғи ва ички назорат бўлими бошлиғи Музаффар исмли шахсга берганлигини айтади. Шунингдек, қолган 3000 АҚШ долларини ҳам Музаффар сўраётганлигини маълум қилади. Аммо “ҳожатбарор” аёлнинг гап-сўзлари шубҳа уйғотади Рустамжонда. Шу сабабли у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилади. Оқибатда Дилафрўз 2022 йил 11 август куни Р.Фахритдиновнинг Ўзбекистон тумани Умрбоқий кўчасидаги яшаш хонадонида 3000 АҚШ долларини олган вақтида ушланади.
Шундан кейин Д.Ғуломқуловага нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди эса уни Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 2-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, қонуний жазога маҳкум этди.
Афсуски, сўнгги пайтларда содир бўлаётган фирибгарлик жиноятларининг кўпгина қисми аёллар ҳиссасига тўғри келмоқда. Айниқса, ҳеч қаерда ишламайдиган, моддий жиҳатдан муҳтож опа-сингилларимиз қўл уришмоқда фирибгарликка. Бинобарин, жойлардаги хотин-қизлар қўмиталари масъуллари аёллар бандлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратишлари лозим. Зеро, бирор-бир фойдали меҳнат билан банд бўлган шахс жиноят кўчасига қадам босмайди.
Нодиржон КИМСАНОВ,
жиноят ишлари бўйича Қўқон
шаҳар судининг судьяси