Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариТақдирига “тамға” босилган аёлга суд ҳукми ўқилди

Тақдирига “тамға” босилган аёлга суд ҳукми ўқилди

Дунёда инсоннинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган турли хил касалликлар бор. Бутун жаҳонда миллионлаб инсонларнинг умрига зомин бўлаётган, кўплаб оилаларнинг тинчлигини бузаётган бу касаллик ОИВ ва ОИТС.

Инсон танидаги доғни ювиб ташлаш мумкин. Ҳатто яра-чақаларни ҳам бир қадар тиббий муолажалар кўмагида бартараф этса бўлади. Аммо…

Дарҳақиқат шундайлар борки, инсонга бир марта берилган ҳаётни, саломатлик каби улуғ неъматни била туриб хавф остига қўйишади…

Гули Толипова (исм-шарифлар шартли) ҳам 2020 йил 12 март куни ўзида ОИВ инфекцияси аниқланганини билиб, ушбу касалликни юқтириш хавфи остида қолдириш ёки юқтирганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида расмий огоҳлантирилишига қарамай, ОИВ инфекцияси билан касалланганлигини айтмасдан, ҳимоя воситаларидан фойдаланмай 2021 йилнинг март ойида Р.Каримов билан, 2021 йилнинг июнь ойида У.Абдулазизов билан, 2021 йилнинг июль ойида Э.Мухаммаджонов ва Ж.Мелиқўзиевлар билан жинсий алоқада бўлиб, ОИВ инфекциясини уларга юқтириш хавфи остида қолдирган.

Судланувчи Гули Толипованинг содир этган жинояти унинг судда айбига тўлиқ иқрор бўлиб берган кўрсатувидан ташқари, жабрланувчилар Р.Каримов, У.Абдулазизов, Э.Мухамаджонов ва Ж.Мелиқўзиевларнинг суддаги, гувоҳлар С.Казаковнинг судда текширилган дастлабки терговдаги кўрсатувлари, шунингдек, билдиргилар, вилоят ОИТСга қарши курашиш марказининг маълумотномаси, вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази бош врачининг тестдан кейинги маслаҳат ҳақидаги маълумотнома шакли ҳамда ишда тўпланган бошқа объектив далиллар билан ҳам тўлиқ тасдиқланган.

Қонун мазмунига кўра, била туриб шахсни ОИТС касаллигини юқтириш хавфи остида қолдириш ўзида ОИТС касаллиги борлигини билган шахс томонидан жабрланувчининг шундай касалликка чалиниши мумкин бўлган турли ҳаракатлар содир этишидан иборат бўлади. Юқтириш хавфи остида қолдириш айбдор томонидан жабрланувчига тегишли шароитларда касалликни юқтириш мумкин бўлган шундай ҳаракатлар содир этилишини назарда тутадики, бунда касаллик фақат тасодифий ҳолатлар ёки жабрланувчи ўзига юқтирмаслик учун кўрган чоралар туфайлигина юқмаслиги мумкин. Бошқа шахсни таносил касаллигини юқтириш хавфи остида қолдириш усуллари ҳар хил. Лекин улар жиноятнинг квалификациясига таъсир кўрсатмайди. Жиноят кодексининг 113-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноят жабрланувчи касалликни юқтириш хавфи остида қолдирилган пайтдан эътиборан белгиланган оқибатлар юз берганлигидан қатъий назар тамом бўлган деб топилади.

Суд, судланувчи, жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, ишда мавжуд бўлган далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, Жиноят кодексининг 113-моддаси 4-қисми билан айбли деб топиб, унга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Бугунги кунда баён этганимиз каби айримларнинг соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслик, тартибсиз жинсий ҳаёт кечириш, белгилаб берилган чекловларни бажармаслиги бу турдаги касалликларни юқтириш билан боғлиқ аниқланган ҳолатлар ва жиноятни содир этган шахсларга суд тартибида жазо муқарарлиги таъминланмоқда.

                                                                     Абдурасул Миножиддинов,
жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз