Маълумотларга кўра, йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида ҳар йили ўртача 7 млндан ортиқ турли қоидабузарлик ҳолатлари кузатилмоқда.
Ўз навбатида, ҳайдовчи ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати шартлари ва ҳаракат режими ҳақида етарли маълумотга эга эмаслиги, йўл белгилари ўрнатилиши тўғрисида жамоатчилик олдиндан хабардор қилинмаслиги сингари омиллар қоидабузарликлар сонига таъсир қилмасдан қолмайди.
Йўл белгиларини ўрнатиш билан боғлиқ муносабатлар таҳлил қилинганда қуйидаги муаммолар аниқланди:
Биринчидан, йўл белгиларини ўрнатиш, ўзгартириш ёки олиб ташлашнинг ҳуқуқий асослари ва механизмлари аниқ белгиланмаган. Шу боисдан, жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиёти турлича шаклланган бўлиб, йўл белгиларини тегишли асосларсиз ўрнатиш ҳолатлари мавжуд. Мисол учун, 2022 йил давомида туман ва шаҳар ҳокимларининг йўл белгиларини ўрнатиш тўғрисидаги 5 та қарори бекор қилинган.
Бундан ташқари, йўл белгилари етишмаслиги ҳамда ўз вақтида ўрнатилмаслиги оқибатида қатор автоҳалокатлар келиб чиқишига сабаб бўлган.
Масалан, ўтган йил давомида 9 902 та автоҳалокат содир этилган бўлиб, уларнинг 10,3 фоизи пиёдалар ўтиш жойининг ташкил этилмаганлиги, 2,2 фоиз ҳолатда эса светофор ёки йўл белгиси ўрнатилмаганлиги оқибатида келиб чиққан.
Шу билан бирга, мавжуд йўл белгиларининг аксарияти халқаро стандарт талабларига жавоб бермайди, шунингдек, йўлларда 200 мингта йўл белгиси етишмайди.
Иккинчидан, тақиқловчи йўл белгилари йўл ҳаракати қатнашчиларини олдиндан хабардор қилмасдан ўрнатилади.
Бундан ташқари, йўл белгилари ўрнатилишида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда таъсирчан жамоатчилик назоратини олиб бориш учун етарлича шарт-шароит яратилмаган. Хусусан, йўл белгиларининг реестрини юритиш ва дислокациясини эълон қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилмаган.
Аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, у билан қуйидаги тартиблар ўрнатилмоқда:
1) тақиқловчи йўл белгилари ўрнатилишидан камида 20 кун олдин жамоатчилик хабардор қилинади;
2) йўл белгилари реестри шакллантирилади ҳамда реестрга киритилмаган тақиқловчи йўл белгилари ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди;
3) йўл белгиларининг дислокацияси онлайн тарзда эълон қилиб борилади;
4) тақиқловчи йўл белгилари фақат Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимининг қарори асосида ўрнатилади;
5) халқаро стандарт талабларига жавоб бермайдиган йўл белгилари мунтазам янгилаб борилади.
Агарда Сизда лойиҳа юзасидан фикр, мулоҳаза ва таклифлар мавжуд бўлса, ушбу ҳавола орқали муҳокамада фаол иштирок этишга чорлаб қоламиз.