Бош саҳифаЭ-мутолаа“Инсон ва қонун” газетасиТаклиф қилинган шахсларни ишга қабул қилмаслик мумкинми?

Таклиф қилинган шахсларни ишга қабул қилмаслик мумкинми?

Тасаввур қилинг, сиз ишсиз. Кўплаб жойларга аризалар юборгансиз. Сиз хат-резюме юборган ташкилотларнинг иккитасидан таклиф хати (қўнғироқ) келиб тушди. Сиз ўзизга маъқул таклифни танлаб, улардан бирига рад жавобини бердингиз ва иккинчисига розилик билдирдингиз. Ҳужжатларни тўлиқ тақдим қилишингиз учун сизга бироз вақт беришди. Сиз бу вақтдан фойдаланиб ҳужжатларни олиб келганингизда ишга таклиф қилган ташкилот сизни ишга ололмаслигини ва ўрнингизга бошқа шахсни олишганини айтишади. Оқибатда биринчи жойга рад жавоби берилган ва иккинчи жой сизни оламиз деб ўрнизга бошқасини олиб қўйишган. Сиз яна ишсиз бўлиб қолдингиз.

Бу ҳолатда меҳнат қонунчилиги нима дейди ва янги ишга топширган шахснинг (бу ҳолатда унга ҳали ходим мақоми берилмагани сабабли ходим деб аташимиз мумкин эмас) ҳуқуқлари нима бўлади. Ахир иккинчи ташкилот уни ишга оламиз деган таклиф-жавобига ишониб бошқа таклифларга рад жавобини берган.

Юқорида келтирилган ҳолатда амалдаги меҳнат қонунчилиги Меҳнат кодексининг (МК) 78-моддасида қисқача қилиб жавоб беради. Яъни ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этишга йўл қўйилмаслиги. Мазкур нормада бир неча вазиятли ҳолатлар келтирилиб ўтилган. Бизнинг ҳолат бўйича “иш берувчи томонидан таклиф қилинган шахсларни ишга қабул қилмаслик” – бу ғайриқонуний равишда ишга қабул қилишни рад этиш ҳисобланиб, мазкур ҳолат учун меҳнат қонунчилиги бўйича иш берувчига маълум турдаги жавобгарлик белгиланган. Аммо мазкур норманинг ачинарли томони шундаки, амалдаги Меҳнат кодексида “иш берувчи томонидан таклиф қилинган шахс” ёки ишга таклиф қилинган шахс мақоми 78-моддадан бошқа хеч қайси нормада келтирилиб ўтилмаган. Иш берувчи томонидан таклиф қилинган шахснинг мақоми ва меҳнат қонунчилигидаги давлат томонидан белгиланган кафолатлари ва ҳуқуқлари Меҳнат кодексида ўз аксини аксини топмаган. Бу эса ўзининг меҳнат ҳуқуқлари бузилган деб ҳисобланаётган шахс меҳнат низолари бўйича судда мурожат қилганида ҳам ишни кўриш жараёнининг ўзида бир мунча муаммоларга дуч келиши шубҳасиз. Бунга асосий сабаблардан бири қилиб қуйидагиларни келтириб ўтамиз: ишга таклиф қилинган шахс деб кимни аташ мумкин, иш берувчининг таклифи қонуний бўлиши учун қанақа кўринишдаги таклиф бўлиши керак, таклиф қанча муддат давомида кучга эга бўлади, қайси ҳолатларда иш берувчи бу таклифни муддатлардан олдин бекор қилиши ёки таклифни қайтиб олиши мумкин ва ҳ.к.

Қисқача тушунтириб ўтадиган бўлсак, амалдаги МКнинг 16-моддасига кўра ходимнинг асосий меҳнат ҳуқуқларидан бири бу ўзининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан суд орқали ҳимоя қилиш ва малакали юридик ёрдам олиш. Бунга қўшимча сифатида ходим МКнинг 259-моддасига асосан якка меҳнат низоларининг тарафлари ҳисобланиб, унга кўра иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатларни қўлланилиши юзасидан келиб чиққан келишмовчиликларни бевосита судга мурожаат қилиш орқали ҳал этилиши мумкинлиги белгиланган. Юқорида айтиб ўтганимиздек, иш берувчи томонидан таклиф қилинган шахс бу – ходим эмас. Демак, қонунан ходим мақоми йўқлиги туфайли мазкур шахсга нисбатан МКнинг 16 ва 259 моддаларининг қўлланилиши тўғри эмас ва сиз суд жараёнида дуч келишингиз мумкин бўлган муаммолардан бири холос.

Шу ўринда шуни таъкидлаб ўтиш керакки, 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги МКда юқорида келтириб ўтилган муаммоли ҳолатларнинг аксарияти ўз жавобини топган. Янги МКнинг 101-моддасида “иш берувчи томонидан таклиф қилинган шахс” тушунчасига ҳуқуқий мақом берилган ва унинг ҳуқуқлари кафолатланган. Қолаверса, ишга “таклифнома” тушунчаси кенгроқ тушунтириш берилган ва аниқлик киритилган. Ишга таклифноманинг қонуний кучга эга бўлган муддатлари, таклифномага ишга таклиф қилинган шахс қай тарзда жавоб бериши кераклиги ҳам белгилаб ўтилган.

Янги Меҳнат кодексида меҳнат бозорининг иштирокчиларига бир қанча эркинликлар берилиши билан бир қаторда уларнинг ҳуқуқлари ҳамда кафолатлари мустаҳкамлаб қўйилган.

Азиз Хакбердиев,
ТДЮУ Меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз