ЯнгиликларМаҳаллийТалабалар турар жойларининг умумий қуввати 112 441 ўринга етказилади

Талабалар турар жойларининг умумий қуввати 112 441 ўринга етказилади

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Фаррух Файзиев маълум қилди:

Давлат дастурида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига 30 та бандда вазифаларни бажариш юклатилган бўлиб, вазирлик шундан 7 тасида асосий ижрочи, 23 тасида эса ҳамижрочи этиб белгиланган.

Айни пайтда 7 та банддан 5 тасининг ижроси таъминланди, бажариш муддати йил якунига қадар бўлган яна 2 та банд ижроси бажарилмоқда. Дастур ижроси юзасидан вазирлик томонидан президентнинг 3 та, Вазирлар Маҳкамасининг эса 1 та қарори қабул қилинган. Хусусан:

Давлат дастурининг 83.4-бандида Наманган тўқимачилик саноати институтини ташкил этиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди. Бу бўйича Президент қарори қабул қилиниб, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб институтда ўқув жараёни бошланиши белгиланди.

86.4-бандда жорий йил давомида Электротехника соҳасига кадрлар етказиб беришнинг янгича тизимини йўлга қўйиш, “Дуал таълим” дастурини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш бўйича амалий чора-тадбирлар кўриш белгиланган.

Жорий ўқув йилидан Тошкент давлат техника университети, Фарғона политехника ва Наманган муҳандислик-технологиялар институтларида Россия Федерацияси ва Беларусь Республикаси билан электротехника соҳаси учун кадрларни дуал таълимга асосланган қўшма таълим дастурлари асосида тайёрлаш йўлга қўйилди.

213-бандда ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий маълумот олиш имкониятини янада кенгайтириш, бунда босқичма-босқич масофавий таълим шаклида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Бу борада эса Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилиниб, бугунги кунда 15 та олий таълим муассасасида масофавий таълим шаклида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Шунингдек, Давлат дастурининг 214-бандида қабул параметрини шакллантириш ва тасдиқлашни соддалаштириш, ушбу жараёнда олий таълим муассасалари ваколатини кенгайтириш бўйича Президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Ушбу топшириқ ижроси бўйича Давлатимиз раҳбарининг қарори қабул қилиниб, унга мувофиқ 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари фақат давлат гранти бўйича тасдиқланиши белгиланди.

Дастурнинг 215-бандида олий таълим муассасаларини QS ва THE халқаро рейтингларига кириши учун мақсадли дастурни ишлаб чиқиш, бунда 10 та салоҳиятли олий таълим муассасасини ушбу халқаро рейтингларга киритиш бўйича 5 йилга мўлжалланган мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Бу борада эса масъул вазирлик ва ташкилотлар билан биргаликда қўшма қарор тасдиқланиб, унга кўра Times Higher Education агентлигининг World University Rankings – 2023 рейтингида республиканинг 28 та олий таълим муассасаси «Репортер» мақомига эга бўлди ва ТОП-1000 талик рейтингдан жой олиш учун даъвогарлар 10 тадан 28 тага етказилди.

QS нинг Осиё давлатлари университетларининг 2023 йилги рейтингида эса юртимизнинг 8 та олий таълим муассасаси муносиб ўрин эгаллади. Қувонарлиси, 2 та университетимиз кучли 500 таликдан жой олди.

Давлат дастурининг 216-бандида 2022 йил давомида Талабалар турар жойларини давлат-хусусий шериклик асосида 18 800 ўринли 47 та талабалар турар жойини барпо этиш вазифаси юклатилган. Жорий йилда жами 30 956 ўринли 60 та лойиҳа, шундан, давлат-хусусий шериклик асосида 20 866 ўринли, олийгоҳ ва бюджет маблағлари ҳисобидан 2 800 ўринли, олийгоҳларнинг тўлиқ ўз маблағлари ҳисобидан 4 640 ўринли ҳамда инвестиция дастури доирасида 2 650 ўринли ётоқхоналарни барпо этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мазкур объектларнинг шартномавий режа графигига мувофиқ жорий йил якунига қадар 13 024 ўринли 26 таси фойдаланишга топширилади. Бундан ташқари, Тошкент шаҳар хокимлиги ташаббуси билан “Tashkent indeks” мажмуасида 3 000 ўринли талабалар турар жойлари ташкил этилди. Шунда жорий йилда жами 20 990 ётоқ ўринлари яратилиб, талабалар турар жойларининг умумий қуввати 112 441 ўринга етказилади.

217-бандда Наманган вилоятида Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллар институти фаолиятини йўлга қўйиш топширилган эди.

2022 йил 9 июндаги қарор билан ушбу институт жорий ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлади.

Бундан ташқари, вазирлик томонидан Давлат дастуридаги 23 та бандда ҳамижрочи сифатида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича масъул вазирлик ва идоралар билан доимий ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img