Бош саҳифаТаҳлилТалабалар ётоқхонаси бўйича вазирдан кутилмаган таклиф

Талабалар ётоқхонаси бўйича вазирдан кутилмаган таклиф

Эълон: «Талабага ижарага берилмайди»…

Пойтахт ҳамиша гавжум бўлган. Мана шу гавжумликни ҳар йили пойтахтга  таълим олиш истагида бўлган талабалар янада оширади. Ўқув йили бошланиши билан талабалар такрор-такрор бир муаммога дуч келади: ижарага квартира топиш азоби.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 177 га яқин  олий  таълим муассаси мавжуд. Бундан 6 йил олдин талабалар сони  231 000 нафар эди. Эндиликда уларнинг сони 800 000 нафарга ошди. Талабнинг кескин ортиши оқибатида турар жой масаласида катта хаос юзага келди.

Ўқув йили бошланиб, талабалар аллақачон дарсда бўлиши лозим бўлган вақтда  ижарага уй қидириб сарсонликда юрибди. Бу муаммо аввалдан кутилиши ҳамма учун очиқ ҳақиқат эди, аммо мутасаддиларнинг бирортаси бунга чора кўрмагани кишини ўйлантиради. Таълим тизимининг энг оғриқли нуқтаси намоён бўладиган бу  жараёндан яқин йилларда қутилмасак керак.

Узоқ-яқин қариндош фарзанди пойтахтга ўқишга киргани муносабати билан ижарага уй сўраши ҳамон тингани йўқ. Уй ижараси сайтларини кўздан кечирар эканман,  хонадонларнинг кўплигидан кўзим қамашди. Эълонни тўлиқ кўргач, гарчи талаба бўлмасам ҳам ҳафсалам пир бўлди, «Талабага ижарага берилмайди».

Кeтмони учаётган маклeрлар нима дeйди?

Исмини сир тутди:

— Ўн йилдан бери шу касбим орқасидан нон топаман. Уйини ижарага бераётганлар олдиндан мени талабаларга уй бермайман деб огоҳлантиради. Инсофли уй эгалари бўлса, талаба бўлса ҳам майли, муҳими уйим бўш турмасин дейди. Талабалар турли хил характерга эга бўлади ва уларни бемалол «кўчманчи халқ» дейиш мумкин. Қаерда ўзи турган уйдан арзон нархда ижарага уй чиқса, 15-ижарачи бўлса ҳам арзонига учади. Ижарачи ҳали шу пайтгача уйини талабага топшириб, барака топмаган бўлса керак. Уйдаги озодалик муҳим жиҳат. Бу борада қизларга ишонса бўлади, тартибли. Аммо ҳамма талаба йигитлар ҳақида озода туради деган фикрни билдириб бўлмайди.  Августнинг охири сентябрдан бошлаб мурожаат қилувчи талабаларнинг сони ниҳоятда ошади, аммо етарлича уй бўлса ҳам ижарачи юқоридаги сабаблар туфайли уйини топширгиси келмайди.

Ректорнинг аҳолига мурожаати

Вазият жиддийлигини инобатга олган Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа талабаларни ётоқ-жой билан таъминлаш масаласида пойтахт аҳолисига мурожаат билан чиқди. Ректорнинг ўзи ҳам бир қанча талабаларга ўз уйидан жой берди. Шерзодхон Қудратхўжа Мурожаатидан кейин пойтахт аҳолисидан талабаларга уй бериш истагида бўлган-бўлмаганлиги борасида қизиқдик.

Шерзодхон Қудратхўжа:

— Яхши инсонлар кўп. Ижтимоий тармоқдаги мурожаатимдан кейин уйини ижарага бермоқчи бўлган юртдошларимиз бизга уйлари ҳақида маълумот беришди. Шахсий хабарларда уйининг расмини ва ҳолатини, талабаларга қўйиладиган талабларигача ёзишди. Уйларни ижарага уй қидириб юрган талабаларга  йўналтирдик. Бу жараён яна давом этишидан умидворман.

Муаммолар яқин йилларда барҳам топади(ми?)

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов АОКА да бўлиб ўтган бирифингда қуйидагиларни маълум қилди:

—2017-2022 йил якуни билан 56 минг ўринли талабалар турар жойи бўляпти. Талабалар турар жойининг етишмаслик муаммоси олий таълим муассасалари, талабалар сонини кўпайтиргунга қадар ҳам кўп эди. Дунё олий таълим тизимини ўрганганимда бир нарсага гувоҳ бўлдим — талабаларни ётоқхона билан 100 фоиз таъминлаган бирорта давлат йўқ. Шунинг учун кўпчилик хорижда яшашнинг фарзанди учун қимматга тушишини ўйлаб, фарзандини шу ерда ўқишини хоҳлайди. Машҳур адибларимизни ҳам эшитганмиз, улар ҳам Тошкентга келишганда ижарада яшашган. Деярли ҳар битта инсоннинг уйида олдин 2 та талаба яшаган. Бугун одамларнинг уйи кенг, аммо қалби тор. 20 та уйи бўлса ҳам 4-5 тасини талабага ижарага беришни хоҳламайди. Текингамас, ижарага. Ҳар битта талабага ижара тўлови ўртача 600 мингни ташкил қилади. Шунинг 300 минг миқдорини талабаларга давлат тўлаб беришни ўз зиммасига олган.

Вазирнинг таклифи

Олий ўқув юрти яқинидаги маҳалла билан таълим мутасаддилари ўзаро келишувга келиши керак. Ўқув юрти маҳалланинг битмай турган ишини битириб берсин, мисол учун болалар майдончаси қурсин, ҳар хил фойдали тўгараклар очсин. Фарзандларини ҳунарга йўналтирсин. Эвазига эса, талабаларни ижарага уйига қўйсин. Ахир биз талабаларни текинга қўйинг демаяпмиз, пул тўланади. Уйини ижарага қўйганлар эса қонун доирасида даромад солиғидан озод этилади.

Талабалар турар жойини хусусийлаштиришга ўтиш вақти келган. Бунда давлат тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб туриши зарур.

Талабага  уй ижара олишда қулайликлар яратилди.

Эндиликда ижара шартномасини ҳисобга қўйишда талабадан электрон имзо талаб этилмайди. Талаба ijara.soliq.uz сайти орқали буни амалга ошириши мумкин.

Талабалар билан тузилган ижара шартномалари ҳисобга қўйилганда ушбу маълумотлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги базасида шаклланади. Бу эса ойлик ижара тўлови бир қисмини қоплаб беришда олий ўқув юртларига қулайлик яратади.

Солиқ тўловчи уй-жойларни талабаларга ижарага беришдан олган даромадлари солиқдан озод этилган. Турар жойларни ижарага олувчи талабаларда солиқ мажбурияти юзага келмайди.

Феруза РАҲИМОВА,

Ҳудуд24.уз сайти мухбири

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз