Бош саҳифаЯнгиликларҲуқуқТаълим кредити қандай берилади?

Таълим кредити қандай берилади?

Таълим кредитлари тижорат банклари томонидан олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабаларнинг ўқиши учун талабаларнинг ўзларига, уларнинг ота-оналарига ёки васийларига берилади.

Таълим кредитлари бакалавриатга ўқишга қабул қилинган талабаларга 10 йилгача, магистратурага ўқишга қабул қилинган талабаларга 5 йилгача бўлган муддатга берилади.

Республикадаги давлат олий таълим муассасалари, хусусий ва хорижий олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиаллари талабаларига контракт тўловлари учун таълим кредит ажратилади.

Кам таъминланган оилалардан бўлган талабалар учун кредит бўйича фоизларнинг 50 фоизи Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан тўланади. Бунинг учун туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш лозим.

Таълим кредитлари бўйича фоиз ставкаси Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси ўзгаришига қараб ўзгариши мумкин, бу кредит шартномасида қайд этилиши керак.

Таълим кредитлари, қоида тариқасида, қарз олувчининг (талаба, ота-она ёки васий) яшаш жойида жойлашган банк филиаллари томонидан берилади.

Таълим кредитини олиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

таълим кредитини олиш учун ариза;

талаба ва олий таълим муассасаси ўртасида тузилган тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақидаги шартнома (контракт);

кредитни қайтаришнинг таъминланиши тўғрисида ҳужжат (масалан, жисмоний ёки юридик шахсларнинг кафолати, мол-мулк ёки қимматли қоғозлар гарови, кредитнинг қайтарилмаслиги хавфини суғурталаш ҳақидаги суғурта полиси);

имтиёзли таълим кредитлари олиш ҳуқуқига эга бўлган чин етимлар, «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлганлар, кам таъминланган оилалардан чиққанлар тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам тақдим этишади.

Кредит бериш:

Таълим кредитлари бўйича маблағлар кредит шартномасида қайд этилган шартларда ҳар ярим йилда ўқиш учун йиллик тўловнинг тўлиқ миқдорини икки тенг қисмга бўлиш йўли билан ўтказилади.

Бунда янгидан қабул қилинган талабалар учун биринчи ярим йилликда ўқиганлик учун бошланғич тўлов жорий йилнинг 1 октябригача, иккинчи ярим йиллик учун — навбатдаги календарь йилнинг 15 мартигача тўланади.

Ўқишнинг иккинчи йилидан бошлаб кредит ҳисобига тўловлар ҳар ярим йиллик биринчи ойи (сентябрь ва март)нинг 5-кунидан кечиктирилмай тўланади.

Ҳ.Тўхтаев,

Когон туман адлия бўлими юрисконсульти 

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз