Бизга маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2021 йил 13 сентябрдаги буйруғига асосан, тьюторлик фаолиятини ташкил этиш тартиби, унинг мақсад-вазифалари, ҳуқуқ-мажбуриятлари белгилаб берилди.
Хўш шу ўринда бир савол тўғилади, тьютор ўзи ким ва қандай иш билан шуғулланади?
Тьютор атамаси инглиз тилидан олинган ва “уй ўқитувчиси, ўқитувчи, мураббий, васий” деган маъноларни англатади.
“Тьюторлик” сўзи инсоннинг шахсий таълимини қўллаб-қувватлашни англатади. Бу жуда нозик, “хусусий” иш фаолиятидир.
Тьютор – олий таълим муассасасида фаолият юритадиган, тегишли малака талабларга жавоб берадиган, юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган ходим бўлиб, у ўзига бириктирилган талабаларнинг таълим олиши, дарсдан бўш вақтини мазмунли ташкил этишида кўмаклашади, уларни инсонпарварлик, адолат, меҳнатсеварлик, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, беш муҳим ташаббус доирасида ташкил этилган тўгарак ва клубларга жалб этиш, таълим жараёнида юзага келадиган барча масала ва муаммоларни бартараф этишга қаратилган фаолиятни олиб борадиган шахсдир.
Тьюторларнинг асосий мақсади — таълим ва тарбия жараёнини самарали ташкил этишда университет ва талабалар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, талабаларнинг университет хаёти ва таълим жараёнига мослашишига кумаклашиш, уларга услубий, ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатиш ва талабаларда танлаган касбига муҳаббатни оширишдир.
Жумладан, тьютор ишининг асосий шакли талаба билан индивидуал ва жамоада ишлаш ёки унга таълим-тарбия маслаҳатчиси бўлишдан иборатдир. Тьюторга етакчилик, ташкилотчилик, ташаббускорлик, интилувчанлик, нотиқлик маҳорати, мулоқатга киришиш, замонавий ахборот-коммуникация ва инновацион педагогик технологиялар билан ишлаш бўйича малакага эга бўлиш, таълим-тарбия жараёнига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни билиш каби бир қатор умумий талабларни бажаришдир.
Дарҳақиқат, ҳар бир олий таълим муассасининг талабаси унинг фарзанди кабидир. Ота-она ўз болалари учун доимо қайғургани сингари бугун таълим муассасалари ҳам талабаларнинг илм олиши, келгуси фаолиятини тўғри белгилашига масъулликни ҳис этади.
Замон талабларига мос, иродали, ҳар томонлама мулоҳазали, манфаатлари бунёдкорлик ғоясига қаратилган ёш кадрларни тарбиялаш бугунги кун таълим муассасалари олдида турган долзарб вазифалардан биридир.
Шунингдек, тьютор талабаларнинг шахсий ривожланишига, таълим муассасаси, республика ва халқаро миқёсдаги танлов ва олимпиадаларда муносиб иштирок этишига, шунингдек, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишига кўмаклашувчи педагог бўлиб, у йигит-қизларни касбга йўналтириш, турли илмий тўгаракларга жалб этиш ҳамда муаммо ва камчиликларини ўрганиб, уларга атрофлича ечим топишга ёрдам беради.
Тьюторлик фаолиятининг тарихи
Тьюторлик фаолиятининг тарихига тўхталадиган бўлсак, дастлабки тьюторлар XII асрда Англиянинг Оксфорд ва Кембриж университетларида пайдо бўлган. Мазкур университетларида тьюторлар ўз атрофига уни ўз устози деб танлаган 1-2 талабани тўплаб, таълим жараёнида асосий шахсга айланган ва у ўз талабалари оладиган билимлар доирасини белгилаган. Ўзи таклиф қилган материалларни узлаштириш натижалари бўйича улардан имтиҳонлар олган.
XVII асрда тьюторлик тизими инглиз университети тизимининг профессорлик (немис) моделини аста-секин сиқиб чиқариб бораётган бир қисми деб расмий равишда тан олинган 1700 йилдан 1850 йилгача даврда инглиз университетларида оммавий курслар ва кафедралар умуман булмаган. Талабаларни имтиҳонларга фақат тьюторлар тайёрлаган.
Тьюторлик фаолиятининг тарихий ривожланиш тенденциялари сифатида 2008 йилда Удмуртия давлат университети томонидан Эдвард ва Элейн Гордонларнинг “Тьюторликнинг юз йиллиги: Америка ва Гарбий Европада мукобил таълимининг тарихи” номли китоби нашр қилинганлиги ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ушбу китобда муаллифлар кундалик дафтаридаги ёзувлар, архив материаллар, буюк шахсларнинг фикрларига асосланиб тьюторнинг функцияларини шарҳлаган ва индивидуал таълим ҳар қандай замонавий педагогик муассасадан кўра қадимийроқ эканлигини курсатиб берган.
Бугунги кунга келиб замонавий Оксфордда 90 фоиз, Кембрижда эса 75 фоиз тюьторлар 1 ёки 2 талаба билан иш олиб боради. Улар махсус маълумотга эга бўлмасаларда, талабаларга ҳам ўқиш давомида, ҳам таътил пайтида раҳбарлик қилишади.
Шунингдек, МДҲ давлатларида тьюторлик фаолияти бир мунча кечроқ шаклланганлигини кўриш мумкин. Жумладан, Россияда тьюторлик фаолияти узоқ вақт давомида унчалик маълум булмаган, тьюторлик ғоялари асосан Россияда фақат қайта куриш даврида тарқала бошлаган. 1989 йилда П.Г.Щедровицкий раҳбарлигида Москвада тьюторларнинг биринчи конкурсини ўтказган. Кейинчалик П.Г.Щедровицкий турли худудлардан булган ёш педагоглар учун “Артек” лагерида янги педагогик фаолият – тьюторлик тўғрисида туркум маърузалар ўқиган.
Шу вақтдан бошлаб аста-секин Россияда тьюторлик амалиёти ташкил топа бошлаган.
Бу борада тадқиқотчиларнинг фикри қандай?
Тадқиқотчиси Н.В.Рибалкинанинг фикрига кўра, XVI аср охирига келиб тьютор университет таълими тизимида қўл остидаги талабаларнинг тарбиясига масъул бўлган муҳим шахсга айланади. XVII асрда тьютор фаолияти кўлами янада кенгайиб, эндиликда унга таълим бериш вазифалари ҳам юкланади. У талабага қайси амалий машғулот ва маърузаларга киришни аниқлаб беради, талабалар дарсларни қолдирмай яхши ўқишлари ва имтиҳонларга тайёр бўлишларини назорат қилиб боради. XVII асрдан бошлаб тьюторлик тизими расман инглиз олий таълими тизимининг ажралмас қисми сифатида тан олина бошланган.
П.Г.Щедровицкий фикрича, тьюторлик фаолияти ўқувчининг таълимга оид мотивлари ва қизиқишларини аниқлаш ва ривожлантириш, индивидуал таълим дастурини яратиш учун таълим ресурсларини излаш, оиланинг таълимга оид буюртмаси билан ишлаш, ўқувчининг тарбияси ва таълимга оид рефлексиясини шакллантиришга йуналтирилган таълимни индивидуаллаштириш бўйича педагогик фаолият тушунилган.
Хулоса қиладиган бўлсак, тьютор — талабаларнинг шахсий ривожланишига, университет, республика ва халқаро миқёсдаги танлов ва олимпиадаларда муносиб иштирок этишига, шунингдек, уларнинг буш вақтларини мазмунли ўтказишига кумаклашувчи инсон бўлиб, у йигит-қизларни касбга йуналтириш, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, турли илмий тугаракларга жалб этиш хамда муаммо ва камчиликларини урганиб, уларга атрофлича ечим топиш билан шуғулланади.
Фахриддин Матчанов,
Тошкент давлат юридик университети тьютори