Риштонлик Ойбек Раҳимжонов (исм-шарифлари ўзгартирилган) айни пайтда 26 ёшда. У Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси видеокузатув гуруҳи кичик инспектори лавозимида ишларди. Ҳали уйланиб, оила қурмасидан ҳаётдан ўз ўрнини топганидан, қолаверса, нуфузли идорада ишлаётганидан қариндош-уруғ, қўни-қўшни, таниш-билишларининг ҳаваси келарди унга. Аммо….
Аммо О.Раҳимжонов ўз нафсидан касбий иродасини устун қўёлмади. Оқибатда нафақат жиноий жавобгарликка тортилди, балки ўзини оқ ювиб, оқ тараган ота-онасининг ҳам юзини шувит қилди.
Гап шундаки, 2020 йил 25 июнь куни Ойбек “Фарғонаазот” акциядорлик жамияти ортидаги “Фарғона-Тошлоқ” автомобиль йўлида ташкил этилган “ФУМ-5” карантин постида хизмат олиб бораётганди. Шунда тунги соат 01:00ларда фуқаро Шерали Акрамов бошқарувидаги “Cobalt” русумли, давлат рақами ечиб қўйилган автомашина пост томон ҳаракатланиб келади. Табиийки, тунги пайтда юргани ҳамда давлат рақами ечиб қўйилгани инспекторни ҳушёр торттириб, машинани тўхтатади. Текшириб кўрсаки, машинага Қирғизистон Республикасидан айланма йўллар орқали, Ўзбекистон Республикаси чегара ва божхона назорат назоратидан яширин равишда олиб ўтилган лампочкалар юкланган экан. Бу маҳал пост олдида Шералини таниши Фазлиддин Толипов кутиб турганди. Бинобарин, Ш.Акрамов инспектор билан савол-жавоб қилишни хоҳламай, Ф.Толиповнинг “Cobalt” русумли автомашинасига ўтириб кетиб юборади.
Албатта, бундай вазиятда инспектор республикамизга ноқонуний олиб кирилган товар моддий бойликлари ҳамда ҳайдовчининг воқеа жойидан жўнаб қолгани хусусида тегишли баённома расмийлаштириши шарт эди. Бироқ Ойбек Раҳимжонов юкли транспортни жарима майдончасига олиб борган. Сўнг жарима майдончаси қоровули Дўстмурод Ҳалимовга бу ҳақда ҳеч қандай ҳужжат тузмаслигини тайинлайди. Шунда жарима майдончаси олдига Ш.Акрамовнинг қадрдони Равшанбек Мирёқубов етиб келади.
– Илтимос, командир, бир сафар кечиринг, дея инспектордан ёрдам сўрайди Р.Мирёқубов.
Лекин суҳбат асносида О.Раҳимжонов ёрдам бериш ўз-ўзидан бўлмаслигини таъкидлаб, қоидабузарлик учун маъмурий баённома расмийлаштирмаслик эвазига 200 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилади. Пировардида Равшанбек чорасиз қолиб, унинг талабига рози бўлади. Шу боис инспектор машинани жарима майдончасидан чиқариб юборади. Эртаси куни эса Р.Мирёқубов орқали Фазлиддиндан 100 АҚШ долларига тенг 1.000.000 сўм пул ҳамда 50 АҚШ доллари ҳисобидан икки қути лампочкани олади. Қолаверса, Равшанбекдан қолган 50 АҚШ долларини беришини ҳам қистайверади.
Шуни таассуф билан қайд этиш жоизки, Р.Мирёқубов Ойбек Раҳимжоновни бунчалик таъмагир деб ўйламаганди. Бинобарин, 2020 йил 26 август куни Фарғона вилоят ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, инспекторга қонуний чора кўришларини сўрайди. Оқибатда шу куни О.Раҳимжонов Равшанбек билан Фарғона вилоят ИИБ ЙҲХБ ховлисида учрашиб, 50 АҚШ доллари ҳисобидан 500.000 сўм пулларни олган вақтида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ЎХБ(ўз хавфсизлиги бошқармаси) Фарғона вилояти бўлими ходимлари томонидан ушланади.
Шундан сўнг нафс амрига бўйсунган инспекторга жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди эса уни Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисмининг “в” банди билан айбдор деб топиб, кодекснинг 45-моддаси тартибида 3 йил муддатга ички ишлар идораларида ишлаш ҳуқуқидан ҳамда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этади. Бинобарин, айбдор суд залидан қамоққа олиниб, Фарғона вилоят ИИБ 10-сонли тергов ҳибсхонасига жойлаштирилади. Ваҳоланки, у қоидабузарликка муросасиз бўлиб, ишни қонуний ҳал қилиши зарур эди.
Афсус…
Фарруҳ АБДУРАИМОВ,
жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди раиси