Bosh sahifaE-mutolaaSud ocherklariТехник хато фуқарони 4 йил сарсон қилди

Техник хато фуқарони 4 йил сарсон қилди

Бундан тўрт ярим йил муқаддам – 2017 йил 8 августда Тошкент шаҳар ҳокимининг 1035-сонли қарори қабул қилинди-ю, Яшнобод туманида яшовчи Зарина Гарипованинг тинчи йўқолди. Аниқроғи, мазкур ҳужжат туфайли аёлнинг мулк ҳуқуқи бузилди.

Энди ҳақли савол туғилади: хўш, айни қарор нима ҳақда эдики, Зарина опанинг ҳуқуқини поймол қиладиган?

Маълум бўлишича, тилга олинган ҳужжат Тошкент шаҳар ҳокимининг “Хизмат турар жойларни тасарруфга топшириш тўғрисида”ги қарори бўлган. Унга биноан, пойтахтимиз туманлари ҳокимликлари тасарруфидаги бўш турган хонадонлар тегишли профилактика инспекторларига хизмат уйи сифатида берилган. Қарорнинг 39-бандида З.Гарипованинг Яшнобод тумани Фарғона йўли кўчаси 95-А/10 уй 49-хонадони ҳам Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси балансига топширилган. Табиийки, бундан хабар топган юртдошимиз ҳайратдан ёқа ушлаган. “Қандай қилиб менинг қонуний уйим бош бошқармага бериб юборилади?” деган ҳақли савол унга туну кун тинчлик бермаган.

Шундан сўнг Зарина Гарипова ҳали у, ҳали бу эшикка кириб чиққан. Хаш-паш дегунча орадан 3 йил ўтиб ҳам кетган. Аммо муаммо муаммолигича қолаверган. Кейин у ўзига ҳимоячи ёллаган. Ҳимоячиси Ф.Мираҳмедов эса 2020 йил сентябрь ойидан бошлаб Яшнобод тумани ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Тошкент шаҳар муниципал активларни бошқариш марказига бир неча маротаба мурожаат қилган. Лекин барибир муаммо ечим топмаган.

Шу боис З.Гарипова ҳимоячиси билан бирга Тошкент туманлараро маъмурий судига мурожаат қилиб, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 8 августдаги 1035-сонли қарорининг 39-бандини ҳақиқий эмас деб топишни сўради.

Буни қарангки, суд жараёнида чиндан ҳам бояқиш аёлнинг ҳуқуқи бузилгани аён бўлди.

Аниқланишича, Зарина опа 2017 йил 10 июндаги олди-сотди шартномасига асосан низоли – Яшнобод тумани Фарғона йўли кўчаси 95-А/10-уй 49-хонадонни фуқаро Т.Абрамовадан сотиб олган. Сўнгра 2017 йил 27 июнда хонадонга нисбатан З.Гарипованинг номига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб, давлат рўйхатидан ўтказилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 21 январдаги “Эгасиз турар жойларни аниқлаш, уларни ҳисобга олиш ва давлат мулкига ўтказиш тартиби тўғрисида”ги 8-сонли Қарори билан тасдиқланган Низомнинг 13- ва 16-бандларига мувофиқ, эгасиз жойлар ҳисобга қўйилган кундан бошлаб қонун ҳужжатларида белгиланган уч йиллик муддат тугаганидан кейин шаҳар (туман) ҳокимлиги турар жойни эгасиз турар жой деб эътироф этиш ва давлат мулкига ўтган деб ҳисоблаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилади. Суднинг қарорига кўра давлат мулкига ўтганлиги эътироф этилмаган эгасиз турар жой уни ташлаб кетган эгасининг эгалигига, фойдаланиши учун ва тасарруф этиши учун қабул қилиниши ёхуд эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат асосида турар жойнинг эгаси ҳисобланмайдиган шахс томонидан мулк қилиб олиниши мумкин.

Гарчи Тошкент шаҳар ҳокимлиги мол-мулкни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлмаса-да, юқоридаги қарорга асосан турар жой Тошкент шаҳар ИИББ тасарруфига берилган ва давлат рўйхатидан ўтказилган. Аслида мазкур ҳолатда Яшнобод туман ҳокимияти низоли бўлган хонадонни эгасиз уй сифатида рўйхатга олгандан сўнг қонунда белгиланган уч йиллик муддатга риоя қилган ҳолда эгасиз уй деб топиш тўғрисида судга мурожаат қилиши лозим бўлган. Шундан кейин суд низоли хонадоннинг меросхўри мавжудлигини текшириб, уйни эгасиз деб топиш ёки топмаслик масаласини Фуқаролик кодексининг 1157-моддасига асосан ҳал қилган бўларди.

Яшнобод туманидаги “Жўрабек” маҳалла фуқаролар йиғини ва “Чарос-Макон” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг 2020 йил 7 июлдаги далолатномасига биноан, профилактика инспектори У.Исаханов ўз оиласи билан Яшнобод тумани, Фарғона йўли кўчаси, 95-А/10 уй, 47-хонадонда яшаб келмоқда. Бундан кўринадики, ҳужжатларни расмийлаштиришда техник хатоликка йўл қўйилиб, 47-хонадон ўрнига 49-хонадонга нисбатан қарор қабул қилинган.

Яна бир ҳолат. Суд мажлисида учинчи шахс сифатида жалб қилинган Тошкент шаҳар ИИББ вакили Зарина Гарипованинг аризаси юзасидан ўз эътирозларини билдириб, шикоят қилиш муддати ўтказиб юборилганлик важини келтирди.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 186-моддасига кўра, агар ушбу Кодексда ёки ўзга қонунларда бошқа муддатлар белгиланмаган бўлса, маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан уч ой ичида судга берилиши мумкин. Ариза (шикоят) беришнинг узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган муддати суд томонидан тикланиши мумкин.

Фуқаролик кодексининг 164-моддасига асосан эса мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир. Бинобарин, суд З.Гарипованинг аризасини қаноатлантириб, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 8 августдаги 1035-сонли қарорининг 39-бандини ҳақиқий эмас, деб топди. Натижада фуқаронинг 4 йиллик сарсонгарчилиги барҳам топди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Конституциямизнинг 44-моддасида “Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади” дея қайд этилган. Эътироф этиш керак, республикамиз суд-ҳуқуқ тизимида кечаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, айни пайтда мазкур конституциявий қоида ҳар бир суд мажлисида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.

Маъруфжон ЭРГАШЕВ,
      Тошкент туманлараро маъмурий судининг судьяси

Ijtimoiy tarmoqlar

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

So‘nggi yangiliklar

Tavsiya etamiz