Бугунги кунда интернет ва ижтимоий тармоқларнинг одамлар учун фойдали имкониятлари ниҳоятда кенг. Тан олиш керакки, ижтимоий тармоқлардан хусусан “Telegram” тармоғидан кимдир тўғри мақсадда яна кимдир бузуқ ниятини турли хизматлар, таклифлар ниқоби остига яшириб бошқа мақсадларда фойдаланмоқда. Оқибатда эса турли ижтимоий зиддиятлар, кутилмаган муаммолар ва ҳатто оғир жиноятлар содир этилмоқда.
Ҳаётий ибора бор: “Мудҳиш ниятлар бузуқ хулқдан келиб чиқади”. Суд мажлисида айбига иқрор бўлган 25 ёшли Асила Хаджаева (исм-шарифлар шартли) бузуқ хулқи билан дастлаб сигарет, тунги клублар, турли наркотик дориларга ҳам ўрганиб олгани, таъбир жоиз бўлса, жиноят кўчасига киргунга қадар, “кўнгилхушлик бекатлари”дан нари кетмаганлиги аён бўлди.
Ақли расо, келин бўлса бир оилани саришта бекаси бўлиши мумкин бўлган, бироқ қиз боланинг иффати унинг бахти эканлигини унутган Асила кейинги пайтларда “иши” бароридан келмагач “уй тозаловчи” ниқобида “Телеграм” тармоғидаги эълонлардан ўзига мижоз ахтариб якка яшовчи эркакларни излай бошлайди.
Жабрланувчи 51 ёшли Акмал Нуманов ҳам 2 нафар фарзандини аёлида қолдириб, оиласи билан 35 ёшида ажрашган. Ўшандан бери оила ва фарзанд қадрини билмаган бу кимсанинг ҳаёт тарзи ҳам судланувчиникидан қолишмайди. Оиласи билан ажрашгач Акмал ҳовлисида гўёки ижарага одам қўйиб кун кечирар, “Телеграм” тармоғида эълон бериб “ижарага уй” таклиф этиш баробарида “уй тозаловчи хизмат”лардан ҳам фойдаланар эди.
“Телеграм” тармоғида навбатдаги эълон асосида Асила билан ёзишмаларни амалга оширган Акмал ўзаро телефон рақамлар ҳам алмашади ва учрашув жойини доимгидек ўзининг ҳовлисига белгилайди. Шу кунни ўзида етиб келган Асилани кўргач ёқтириб қолган Акмал ўртасидаги илиқ ёзишмалар “ўта яқин” муносабатларга айланиши учун 350 минг сўмдан ҳақ белгилайди.
Акмалнинг берадиган 350 минг сўм пулларига қониқмаётган Асила унинг ёлғиз яшашидан фойдаланиб, “уй тозаловчи хизматчи” сифатида уйидаги алоҳида хонага жойлашиб олиб, Акмалнинг шарт-шароити, бор-йўғини тўла ўрганади.
Асила бир томондан, текин бойлик, бошқа тарафдан эса, аянчли ва ачинарли қисматга етакловчи қалтис йўлга ана шу тариқа қадам босиб, Акмалдан дастлаб машинани бошқариш учун ишончнома сўрайди, бунга кўнмагач эса 1000 АҚШ доллари бериб туришни сўрайди. Иккинчи таклифига ҳам Акмални кўндира олмагач кўнглидаги ёвуз ниятни амалга оширишни истайди.
Бир инсонни ўлдириб, машинасини ҳайдаб чиқиб кетиш гўёки хамирдан қил суғургандай битиши лозим эди. Нафақат инсоний туйғулар балки қонунга мутлақо зид бўлган ҳар қандай қабиҳликнинг миси чиқмай қолмаганидек, бу иш у ўйлаганидек осон ҳам бўлмади.
Ўша мудхиш ходиса юз берган куни у ана шу режасини кинолардагидек амалга оширишга аҳд қилганди. Аммо… ҳаёт бу кино эмас! Минг афсуски Асиланинг ҳаракатлари кинолардан реал ҳаётга кўчгандек содир бўлди…
Тушликдан сўнг уни яна ётоқда кутаётган Акмалнинг олдига киришдан аввал бурнига “Тропикамид” дорисидан томизиб олган аёл даставвал бамайлихотир кўнглини хушлайди. Аммо айни дамда мақсади ҳам хаёлида чарх урарди. У вақтни бироз чўзиб эркаланганнамо эркакнинг юзини футболкаси билан ёпади ва яшириб олиб киргани, ёстиқ остидаги пичоқни олиб ўз-ўзи билан овора эркакка санчади.
Кутилмаган санчиқдан сакраб туриб кетган Акмал нима бўлганини англаб етмагани ҳолда олдида пичоқ тутиб турган аёлни юз-кўзи аралаш мушт туширишга ўзида куч топди. Шундан сўнг у ерга узала тушган аёл қўлидаги пичоқни олганча қочиб кўча томон чопади. Саросимага тушган Асила ўзини ўнглаб ўрнидан тураркан, кўзи уй бурчида ётган темир бўлагига тушади ва уни олганча эркакни қува кетади. Дарвоза занжирини ечиб улгурмаган Акмалга етганда яна бир муштдан нари бориб тушади.
Бу орада саросимага тушиб қолган эркак кўчага қочиб улгуради ва ўзига ҳам нотабиий ва ёт бўлган овозда қичқириб:
3 Қўшнилар ким бо-оор..?
— Тез ёрдам… милиция чақиринглар… ёрдам беринглар!
Худди шу пайтда қичқир-бақирдан югуриб чиққан қўшнилардан бири Акмалнинг шармандали яланғоч ҳолатини кўриб таажжубланиб турган пайтда рўпарасидаги ярим яланғоч аёлнинг Акмалга қараб отланганини кўриб, югуриб келиб уни қўлига ёпишади ва темир бўлагини олиб йўл четига улоқтиради.
Асила айни дамда режаси барбод бўлганини ҳис этиб турса-да яна ортига чопиб ҳовлига киради ва Акмал тегишли “Нексия” русумли автомашинанинг калитини уйдан олиб чиқиб ўт олдиради. Уни машина билан қочиб кетмоқчи бўлаётганини билган қўшнилардан бири дарвозани занжирлайди. Аммо Асила катта тезлик билан машинани ёпиқ дарвоза томон ҳайдайди ва уни бузиб чиқиб кетади.
Бу орада табиийки, кўчада одам кўпайган, “Тез ёрдам” ҳамда ИИБ ходимлари ҳам етиб келишган эди. Ички ишлар ходимларининг тезкор ҳаракатларига қарамай аёл машинани тўхтатмади, аксинча катта тезлик билан ҳайдаб, йўл бўйида турган машиналарга бориб урилади. Асила ичидан қулфлаб олган машинани яна юргизишга уринади. Аммо ИИБ ҳамда Миллий гвардия ходимлари томонидан қўлга олинади.
Узоқ вақт кучли даволаниш, шифокорларнинг меҳнатлари самараси ўлароқ Акмал Нумановнинг ҳаёти ҳам сақлаб қолинади. Аммо орадан 4 ой ўтиб кучли юрак етишмовчилиги хасталигидан вафот этади.
Оиласи, фарзандларидан воз кечиб фарзанди тенги қизларга ёмон назар қилган, турли бузуқ шахсларга ижара ниқобида жой бериб уйини ишратхонага айлантирган бир шахснинг ҳаёти шу зайл якун топди.
Ҳар қандай жиноий қилмишнинг ибтидоси ва интиҳоси бор. Бу гал ҳам шундай бўлди. Суд томонидан уни аёллиги, ёшлиги, муқаддам судланмаганлигини инобатга олиб, жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилиб, озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Ўн гулидан бири очилмаган, ота-онаси, яқинларининг ори, номуси бўлган, юқорида айтилганидек бир оиланинг гўзал соҳибаси бўлиши мумкин бўлган бир қизнинг қисмати эса ўзининг нафси сабаб зулмат билан билан боғланди.
Нафс инсон ақлини ўзига бўйсундирса, киши бошқа фиркларни идрок қилишга қодир бўлмай, балки фақат ўз нафсининг гирдобида ўралашиб қолади. Чунки нафс кишини бировга зарар қилиб бўлса ҳам, фақат ўзи ҳақида ўйлашга ундайди. Нафс гирдобидаги ҳар икки шахснинг тақдири шу тариқа якун ясади.
Дарҳақиқат, инсоннинг ҳаётда рўшнолик ва фаровонликда ёки афсус-надомат ичида яшаши унинг ниятига, қолаверса, нафс амрига бўйсуниш-бўйсунмаслигига боғлиқ. Афсуски, бу азалий ҳақиқатни ҳамма ҳам тан олавермайди. Натижада меҳр-оқибатга йўғрилган эзгу амалларга соя ташлайдиган, одамлар кўнглини ғашлайдиган турли даражадаги жиноятлар юз беради.
Баъзан бу каби жиноятлар ҳақида эшитганимизда “ижтимоий тармоқдаги одамларга нима бўляпти?..”, дея энсамиз қотади. Дарҳақиқат, нима бўляпти? Бизга нима бўляпти!?
Ҳар биримиз саволни шу тарзда ўзгартириб, ҳар қандай ёмонликни ўзимизникидек қўрқув билан қабул қилиб огоҳлик ва масъулият ила атрофимизга боқсак, оиламиз, маҳалламизга янада зийракроқ назар билан қарасак балки, бундай ишларни оз бўлсада камайишига ҳисса қўшармиз. Муддао шу, хулоса эса Сиздан!
Акром АРИПОВ,
Олий суд бош консультанти