Бош саҳифаТаҳлилТелетиббиётнинг 8 афзаллиги: нима учун жаҳонда бу...

Телетиббиётнинг 8 афзаллиги: нима учун жаҳонда бу амалиёт кўпроқ танланади?

Телетиббиёт интернет тармоғининг пайдо бўлиши ва ундан кейинги технологик ривожланиш билан боғлиқ. АҚШлик мутахассилар John H. Knowles, Michael Crichton va Ronald S. Weinstein Массачусеттс Бош Шифохонасида биринчи телетиббиёт асосида машғулотлар олиб борган ташаббускорлар ҳисобланишади. 1969 йилга келиб АҚШда телетиббиёт теледастурларда кўрсатув сифатида кўрсатила бошланади.

Бундан ташқари, Ланcэт журнали маълумотларига кўра телетиббиёт янги фикр ёки ғоя эмас деб мақола чоп этилган бўлса, 1925 йилда шифокорлар беморларга радио орқали ташхис қўйишни йўлга қўйишган. Тиббий мақсадлар учун биринчи видео алоқа 1959 йилда Небраска Университетидаги беморлар учун бўлган.

Бундан ташқари, АҚШда 2020 йилда 18-49 ёшдаги шахслар учун телетиббиётдан фойдаланиш 2020 йил январь ойининг биринчи ҳафтасида 68 фоиздан март ойининг сўнгги ҳафтасида 73 фоизгача ўсди.

Нима сабабдан кўпчилик телетиббиётни танламоқда?

Бунинг бир қатор афзал жиҳатларини санаб ўтсак. Хусусан:

1. Мутахассислар билан осон боғланиш

Ҳар бир шахс зарур бўлганда қўнғироқ қилиши мумкин бўлган шифокор билан доимий боғлана олмайди. Кўпгина онлайн тиббий платформалар тармоқлари кундузи ёки кечаси исталган вақтда турли йўналишдаги тиббиёт мутахассислари билан таъминлашни йўлга қўйишган. Мисол учун ICliniq компаниясида 3000 нафар шифокорлар 80 турдаги тиббий соҳалар бўйича бериладиган онлайн саволларга жавоб бериш тизими йўлга қўйилган. Уларнинг веб-сайти, шунингдек, аввалги сўровларга ва уларнинг жавобларига киришга имкон беради.

2. Кам харажат

Тиббий хизматлар кўпчилик учун, ҳатто тиббий суғурта билан таъминланган Германия фуқаролари учун ҳам қимматга тушиши мумкин. Телетиббиёт хизматлари кўрсатилганда одатда шахсий ташрифларга қараганда камроқ харажат сарфланади. Мисол учун йўл ҳақи тежаб қолинади.

3. Узоқ ҳудудлардаги инсонлар учун қулайлик

Қишлоқда ҳар доим сифатли тиббий хизматлар мавжуд бўлмаслиги ёки юқори малакали мутахассислар доим узоқ жойларда кўриклар ўтказмаслиги мумкин. Қолаверса, йўлнинг узоқ эканлиги бунга тўсиқ бўлиши мумкин. Энг яқин тиббий муассасадан узоқда яшовчи бемор учун телетиббиёт хизматлари шифокор билан учрашишнинг тезкор усулини тақдим этади.

4. Шифокорлар уйда қолиши мумкин

Пандемия даврида кўплаб тиббиёт ходимлари касаллик сабабли вафот этдилар ёки турли даражада касалликка чалиндилар. Телетиббиёт платформалари эса шифокорларга беморларни ўз офисларидан, ҳатто уйдан туриб хавфсиз даволаш имконини беради. Ушбу афзаллик, шунингдек, шифокорлар ва беморларга дам олиш кунлари боғланиш имкониятини беради.

5. Тиббий харажатларни камайтиради

Шифокорлар учун телетиббиёт офис харажатларини камайтиришга ёрдам беради.

6. Онлайн психиатрик ёрдам

COVID-19 кўплаб инсонларга шифокорлар билан юзма-юз кўришишни қийинлаштирди. Телетиббиёт хизматлари стресс, хавотир, депрессия ва бошқа руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш ва беморлар билан суҳбатлашиш имконини беради.

7. Хавотирни камайтириш

Кўпчилик беморлар, турли сабабларга кўра (уялиш, қўрқув) шифокор кўригига боришни ёқтирмайдилар. Баъзи ҳолларда фобия сабабли шифокорга бориш жуда қийиндек туюлиши мумкин. Телетиббиёт ёрдамида эса уйдан чиқмасдан саволлар бериш ва тиббий хизматлардан фойдаланиш инсонни анча хотиржам бўлишга ундайди.

8. Уйда жисмоний терапия

Телетиббиёт шифокорларга жисмоний тарбия ва турли машқлар билан шуғулланадиган беморларни масофадан туриб машқлар бажариш ва даволаш усулларини назорат қилиш ҳамда кўриш имкониятини беради. Бу беморга бахтсиз ҳодисалар ва операциялардан тезроқ тикланишига ёрдам беради.

Европа давлатларида телетиббиёт турли қонун ҳужжатлари ёки қонуности ҳужжатлари асосида тартибга солинган. Мисол учун, Данияда телетиббиёт дастури ишлаб чиқилган бўлиб, телетиббиётга қонуний рухсат берилган. Финландияда махсус қонун бўлмаса-да турли норматив ҳужжатлар асосида тартибга солинса, Францияда 2004 йилда телетиббиёт тушунчаси қонунларда келтирилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, миллий қонунчилигимизда телетиббиётдан фойдаланишга таъқиқ бўлмаса-да, қонун ҳужжатларида ушбу муносабатга етарли эътибор берилмаган.

Хулоса қиладиган бўлсак, телетиббиётнинг юқорида бир қатор афзалликлари фақатгина инсон саломатлигига хизмат қилишга қаратилган. Телетиббиёт ва Интернет имкониятларидан фойдаланиш бугунги замон имкониятларидан ўз ўрнида ва вақтида фойдаланишни билдиради. Амалиётда аллақачон хизмат кўрсатаётган ушбу фаолият, фикримизча, қонунчиликда ўз ифодасини топиши мақсадга мувофиқ бўлади. Телетиббиётнинг ҳуқуқий асослари бемор ва хизмат кўрсатувчилар ўртасидаги турли низоли ҳолатларни бартараф этишга ҳамда муқобил ечимлар топишга имкон бериши мумкин.

Жалолиддин Асқаров,
Тошкент давлат юридик университети
Бизнес ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз