Самарқандда чаноқ-сон ва тизза бўғимларини эндропротезлаш бўйича жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Аҳамиятлиси, Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази шифокорлари томонидан ўтказилаётган бундай жарроҳлик амалиётлари ижтимоий ҳимояга муҳтож, қаровчиси бўлмаган ва ногиронлиги сабабли “Темир дафтар”га киритилган, 35 нафар таянч ҳаракатида патологиялари бор аҳолига бепул ўтказилмоқда.
— Марказий Осиё мамлакатлари аҳолиси орасида туғма сон чиқиши ҳолатлари кўп учрайди, — дейди ушбу тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори ўринбосари Маъруф Қодиров. — Ўз вақтида даволанмаса, йиллар ўтиб, асоратини қолдиради, ҳатто ногиронликка олиб келади. Шунингдек, турли йилларда жароҳат олиб, ўз вақтида тўғри даволанмаслик ва оқибатда бўғимлар емирилиши ҳолати ҳам ҳаракатда нуқсонлар келтириб чиқаради. Ушбу жарроҳлик амалиётлари, мана бир неча йилдирки, марказ шифокорлари томонидан амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, филиалимизда йилига 250 га яқин эндопротезлар қўйилади, шунингдек, юзлаб умуртқа поғонаси нуқсонларида мураккаб жарроҳлик амалиётлари, бўғимлар артроскопияси, узун ва калта найсимон суяклар синишларида замонавий блокловчи интрамедуляр остеосинтез амалиётлари ҳам амалга ошириб келинмоқда.
Пойтахтдан келган шифокорлар томонидан таянч-ҳаракати тизимида нуқсони бўлган фуқароларга кам инвазив жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, уларнинг келгусида тўлақонли ҳаёт кечириши учун имкон яратилмоқда. Шунингдек, улар томонидан самарқандлик травматолог шифокорларга маҳорат машғулотлари ўтказилиб, назарий билим берилди.
— Болалигимда сонларнинг туғма чиқиши хасталиги билан оғриганман, — дейди Самарқанд шаҳридаги Зиёкорлар маҳалласида яшовчи М.Ҳакимова. — Ўша пайт оёқларим кечроқ операция қилинган экан. Шунинг учун йиллар ўтиб, асорати билинди ва юришим, эгилишим, умуман, ҳаракатларимда жиддий ўзгариш содир бўлди. Кам таъминланган оиламиз, тўрт нафар фарзандим бор, уларни оёққа қўйиб олишда ҳали меҳнат қилишим керак. Маҳалламиз фаоллари шуни инобатга олиб, бизни “Темир дафтар”га киритганди. Ҳозир жарроҳлик амалиётига тайёрлашяпти, операция муваффақиятли бўлишидан умидворман.
Албатта, ҳар бир операция ўзига хос мураккаб жараён. Қолаверса, эндопротезлаш жараёнида фақатгина шифокорнинг маҳорати эмас, балки ушбу операцияда муҳим бўлган тиббий мослама ҳам лозим бўлади. Хусусан, эндопротез учун лозим бўлган тиббий мосламанинг ўзи хориждан олиб келинади.
“Темир дафтар”даги аҳоли учун эса бу мосламалар бюджет маблағлари ҳисобидан келтирилмоқда.
Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати.