Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариТерговчи ўн уч йилдан сўнг оқланди

Терговчи ўн уч йилдан сўнг оқланди

Унга маънавий зарар ундириб берилди, жазо ўтаган даври ҳам иш стажига қўшиладиган бўлди

Маълумки, ҳаётда инсон иқтисодий ёки бошқа турдаги қийинчиликка, ҳатто очликка ҳам чидаши мумкин. Аммо адолатсизликка, ноҳақликка тоқат қилолмайди. Орадан қанча йиллар ўтмасин, бу ҳолат барибир уни емириб бораверади, тинчлик бермайди. Токи сабр-бардош билан курашиб, ҳақиқат қарор топишига эришмагунча.

Қўштепа туманида яшовчи ҳамюртимиз Шарифжон Зокиров кўпчилик ҳавас қиладиган касб соҳиби эди. Яъни у собиқ Охунбобоев (ҳозирги Қўштепа) тумани ички ишлар бўлими катта терговчиси лавозимида ишларди. Бироқ 2009 йил апрель ойида катта терговчининг бошига жиддий ташвиш тушади – унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Аниқроғи, Ш.Зокиров 2008 йил 10-12 май кунлари Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а” банди билан гумонланган М.Турсуновга енгиллик қилиб бериш эвазига унинг тоғаси Ш.Ибрагимовдан 300 АҚШ доллари миқдорида пора олганлик, қолаверса, Жиноят кодексининг 268-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган Л.Мирзаевнинг фуқаролик паспорти асосида, унинг имзосини сохталаштирган ҳолда уяли алоқа компаниясидан сим карта-рақам олиб, фойдаланиб келганликда айбланган. Оқибатда жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг 2009 йил 31 июлдаги ҳукмига биноан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “б” банди, 228-моддаси 1-қисми, 228-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топилиб, кодекснинг 45, 57, 59, 61-моддалари тартибида 3 йил муддатга ички ишлар идораларида ишлаш ҳуқуқидан ҳамда 7 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинган.

Албатта, қаҳрамонимиз ўзини айбсиз деб билгани боис суд ҳукмидан норози бўлиб, апелляция шикояти ёзган. Лекин бу шикоят жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг 2009 йил 9 сентябрдаги ажрими билан қаноатлантирилмасдан қолдирилган. Шу боис Шарифжон ака 2009 йил 3 апрелдан 2013 йил 25 январга қадар озодликдан маҳрум қилиш жазосини, 2015 йил 3 январга қадар эса аҳлоқ тузатиш ишлари жазосини жами 5 йилу 9 ой жазо муддатини ўтаган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар ўтказила бошлангач, Шарифжон Зокировда ўзининг айбсизлигини исботлашга, ҳақиқатни қарор топтиришга яна умид пайдо бўлади. Бинобарин, 2022 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация тартибидаги шикоят билан мурожаат қилади. Натижада Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 15 июндаги ажримига асосан жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг юқоридаги ҳукми ва апелляция ажрими бекор қилиниб, собиқ терговчи айбсиз деб топилади. Яъни жиноят иши Жиноят процессуал кодекси 83-моддаси 1-бандига мувофиқ тугатилиб, у оқланади.

Суднинг мазкур ажримида Ш.Зокировга ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зарарларни қоплаш юзасидан Жиноят процессуал кодексининг 304-313-моддалари тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушинтирилган. Шу боис у фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, Фарғона вилоят прокуратураси, вилоят ички ишлар бошқармаси ва вилоят молия бошқармасидан 1 миллиард сўм маънавий зарар ундириб беришни ҳамда ўтаган жазо муддатини иш стажига қўшиб берилишини сўради. Собиқ катта терговчи маънавий зарар кўришига асоссиз равишда озодликдан маҳрум қилинганлиги туфайли ўзи ва оила аъзолари жисмоний азоб чеккани, бу азобларни кўтара олмаган онаси эса вафот этганлигини асос қилиб келтирган.

Фуқаролик кодексининг 991-моддасига биноан, қонунга хилоф тарзда ҳукм этиш, қонунга хилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишни ёки муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олишни қонунга хилоф қўлланиш, қамоқ тариқасидаги маъмурий жазони қонунга хилоф тарзда бериш натижасида фуқарога етказилган зарар суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг мансабдор шахслари айбидан қатъи назар, қонунда белгиланган тартибда давлат томонидан тўла ҳажмда тўланади.

Кодекснинг 1022-моддасида эса маънавий зарар пул билан қопланиши, унинг миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусиятига, шунингдек айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб суд томонидан аниқланиши, зарар миқдорини аниқлашда оқилоналик ва адолатлилик талаблари эътиборга олиниши, жисмоний ва маънавий азобларнинг ҳусусияти маънавий зарар етказилган ҳақиқий ҳолатлар ва жабрланувчининг шахсий ҳусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан баҳоланиши белгиланган. Ана шу асосларга таянган суд Шарифжон Зокировга Фарғона вилоят ҳокимлигининг бюджет манбалари ҳисобидан 150 миллион сўм маънавий зарар ундириш, Фарғона вилоят ИИБ зиммасига бўлса даъвогарнинг 5 йилу 9 ой жазо муддатини иш стажига қўшиш мажбуриятини юклаш хусусида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса ўрнида эътироф этиш лозимки, Ш.Зокиров сингари муқаддам ноҳақ судланган шахсларнинг, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда хизмат қилган собиқ ходимларнинг оқланиши чинакам адолат тантанасидир. Аслида давлатимиз раҳбари томонидан судлар олдига қўйилаётган энг муҳим масала ҳам шу. Яъни ҳар бир иш юзасидан адолатли қарор чиқариш, қонун устуворлигини таъминлаш. Зеро, бу юртдошларимизнинг суд ҳокимиятига, шу орқали давлатга идораларига, қолаверса, амалдаги қонунларимизга бўлган ишончини оширади. Бошқача айтганда, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу тамойилнинг ҳаётий ифодасини таъминлайди.

Бузрукхон  АБРОРОВ,
Фарғона вилоят судининг судьяси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз