Дунёга машҳур “Тесла” компаниясига ишга олинган биринчи ўзбекистонлик қиз Муштарий Шарифовани бугун кўпчилик танийди. Юртбошимизнинг эътирофига сазовор бўлиб, “Шуҳрат” медали билан тақдирланган қиз ҳақида “Ўзбекистонлик-2” фильми ҳам суратга олинди. Тиришқоқлиги билан хорижда ҳам юқори натижаларга эришиб келаётган Муштарий нафақат карьерада балки шахсий ҳаётида ҳам ўз бахтини топди. У “Тесла” компаниясида ишлаётган ўзи каби иқтидорли йигитга турмушга чиқди. “Хориждаги ватандош” лойиҳамизнинг бугунги меҳмони айни дамда Германияда яшаб, ишлаб келаётган юртдошимиз Муштарий Шарипова бўлади.
— “Тесла” компаниясида ишловчи ўзбек қизи сифатида танилдингиз. Бу компанияда нафақат ўз карьерангизни балки бахтингизни ҳам топдингиз. Тўй маросимларингиз қандай ўтди?
—Худди шундай бўлди, турмуш ўртоғим билан айнан “Тесла”да танишдик ва бир-биримизга кўнгил қўйдик. Ўтган йили, чамаси апрель ойи охирларида «Тесла» билан интервьюларга тайёрланиб юрганимда, ўзбекистонлик йигит «Тесла»нинг Берлин офисида апрель ойидан бошлаб иш бошлабди деган хабарни эшитгандим, аммо кўрмагандим. Илк учрашувимиз жуда ҳам қизиқ ва кўп йиллар эслаб юрадиган ажойиб бўлган. Ҳозиргача иккимиз эслаб куламиз.
Тўйимиз учун Ўзбекистонга қайтдик. Биз келгунимизга қадар ота-оналаримиз ўзбекона урф-одатларимизни ўтказиб туришди. Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан бўлганлигимиз учун Қарши ва Навоий вилоятида алоҳида-алоҳида тўй бўлди. Германияда эса, тўй қилмадик, фақатгина дўстларимиз ва танишларимиз орасида кичик қилиб тўйимизни нишонладик.
— “Тесла”даги даромадингиз ҳақида ҳам очиқ маълумот берасизми?
— “Тесла” билан ўртамизда имзоланган келишувга биноан йиллик даромадимни ошкор қила олмайман. Тўғри тушунасиз деган умиддаман. Аммо айтишим мумкин, бу ерда фаолият олиб бораётган ҳар бир мутахассис ўз тажриба ва билимларига лойиқ ҳолда рағбатлантирилади.
—«Ўзбекистонлик-2» дан кейин кўп ўтмай, Алишер Узоқовнинг кўрсатувида ҳам суратга тушдингиз. Эндиликда мана шундай кўрсатув ва бошқа турли лойиҳаларга жалб қилиш кўпайгандир…
— “Ўзбекистонлик-2” фильми суратга олиниши бошланганида, Мухлиса Азизова яна бир лойиҳа устида иш олиб бораётган эдилар. Ушбу лойиҳада ҳам иштирок этишни сўрадилар. Ҳар икки лойиҳа ҳам жуда катта меҳнат ва машаққат билан суратга олинди. Биласизми, суратга олиш жараёнлари жудаям совуқ кунларга тўғри келди. Берлинда ўша кунларда ҳаво жудаям совуқ, баъзан эса ёмғир ҳам ёғарди. Шунга қарамай бутун жамоа бор имкониятини ишга солиб меҳнат қилишди. Ҳар бир саҳна учун алоҳида персонажлар ўйлаб топишди. Фурсатдан фойдаланиб, катта ва маъсулиятли лойиҳага таклиф қилишганлиги учун, Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев, режиссёр Мухлиса Азизова, Никита Макаренко ва ўз ишининг усталари бўлган операторлар Жаҳонгир Ибрагимов, Азизбек Норматов, Ойбек Абдушукуров ва Охунжон Убайдуллаевга ўз миннатдорчилигимни билдириб ўтмоқчиман. Жамоа билан ишлаганимизда ютуқларимни машаққатларимни кўрсатиш учун тер тўкиб ишлашди. Айниқса, режиссёр Мухлиса опа билан суратга олишдан олдин узоқ суҳбатлашдик. Ўз опамдек яхши кўриб қолдим. Алишер Узоқовнинг “Ўзбекистонлик фуд” лойиҳасида суратга тушганим ҳам ўзгача юқори кайфиятда бўлиб ўтди.
“Ўзбекистонлик-2” лойиҳасидан кейин бир нечта бошқа кўрсатувларга ҳам таклиф қилишди. Ҳозирги вақтда асосий эътиборим оиламга ва ишимга бўлганлиги учун ҳам уларга рад жавобини бердим.
—Нега айнан Германия олий таълимини танлагансиз? Германияда ўқишнинг қандай ўзига хос афзалликлари бор?
—Ўзбекистонда МДИСТ да ўқиб юрган йилларимда, дўстларим Германиядаги бир нечта унивеситетларга ўқишга қабул қилинишган эди. Ижтимоий тармоқ орқали гаплашиб турардик ва менга ҳам ҳужжатларимни топшириб кўришимни маслаҳат беришди. Ўзимда ҳам чет давлатда ўқишга иштиёқ баланд бўлганлиги учун, албатта, омадимни синаб кўрмоқчи бўлдим ва ўқишга қабул қилиндим. Европа давлатларининг таълим тизими Ўзбекистонникидан фарқ қилади. У ерда ўқишга кириш осон, лекин таълим жараёни мураккаб.
—«Тесла»даги бир иш кунингиз ҳақида гапириб берасизми?
—Ишга келишим билан биринчи навбатда кун давомида қилишим керак бўлган вазифаларимни кўздан кечираман. Ишхонамизда кутилган вазифалар ва йиғилишлар бўлса уларга тайёргарлик кўраман. Кун охирида ҳамкасбларим билан билан қисқа суҳбат ўтқазамиз: бажарилиши керак бўлган ишларни ва унга ким маъсул эканлигини келишиб оламиз. Орада албатта қаҳва ҳам ичишга вақт ажратаман (кулади).
Асосий иш куним, ҳисоб-китобларни кўриб чиқиш уларни тайёрлаш билан ўтади. Айрим пайтларда ҳисоботлар тайёрлаш вақтида ишимга шўнғиб кетаман. Бу ишимни завқ билан бажаришимдан ва энг асосийси ўзимга ёққан ишда ишлашимдан деб ўйлайман. Келажак касбни танлаётганга инсон ўз қизиқишларидан келиб чиқиши ва нимада иқтидори ва иштиёқ бўлса ўша касбни танлаши керак деб ўйлайман.
Компаниянинг бир йиллик бюджет тақсимоти, харажатлари ва даромадларини ҳисоблаймиз ва бу бўйича таклифлар берамиз. Ишимни жуда яхши кўраман. Рақамлар билан ишлаб, завқ оламан. Вазифам жуда масъулиятли бўлгани учун ҳам катта диққат билан ишлашга тўғри келади.
—Юртбошимизнинг эътирофига сазовор бўлиб «Шуҳрат» медали билан тақдирландингиз… Келажакдан нима кутяпсиз? Ватанимизни ривожлантириш бўйича қандай ғояларингиз бор?
— Президентимиз давлатимизнинг юксак мукофоти — “Шуҳрат” медали билан тақдирлади. Бундан ўзим ва оиламдагилар жудаям қувонди. Президентимиз билан бўлиб ўтган учрашувда менга билдирган ишончи катта куч берди. Шу билан бирга, зиммамдаги масъулиятни оширди. Мени айни пайтда «Тесла»да ишлаётган илк ўзбек қизи сифатида билишади. Сафимиз янада кенгайиши, илм олиш истагида бўлган қизлар сони ортиши учун қўлимдан келганча ҳаракат қилишим кераклиги ҳақида ўйлайман.
Касбимни яхши кўраман, ҳар бир кунимда нимадир ўрганаман, баъзи ҳолларда ишдан толиқиб қолсам ҳам, кун охирида қилган ишларим ва унинг компаниямизга олиб келаётган фойдасини кўриб ғурур ҳис қиламан. Бу эса сизни янада олдинга интилишингизга, кечагидан ҳам яхши мутахассис бўлишингиз учун ўз устингизда тинимсиз ишлашингизга туртки бўлади. Келажакда эса, ўз устимда яна ҳам кўпроқ меҳнат қилиб, бутун дунёга Ўзбекистон номини танитишга ҳаракат қилиш энг олий мақсадларимдан бири.
— Аёл муваффақиятга эришиш учун нимага эҳтиёж сезади?
— Ўзига бўлган ишонч катта куч. Инсон келажакда етук инсон бўлишига ишониши керак. Чунки, атрофдаги инсонлар сизга ва сизнинг иқтидорингизга ишонишларидан олдин, Сиз ўзингиз ўз кучингизга ишонишингиз керак. Шу қаторда фарзанд учун ота-онасининг қўллаб-қувватлаши катта куч беради. Оилада қизларнинг ҳам ўрни юқори бўлиши керак. Қизларни ҳам олий таълим олишига шароит яратиш керак. Ўқийман деган инсонга бугун шароитлар кўп. Тил ўрганиб, хорижий давлатларда ҳам ўқиш имкониятини қўлга киритса бўлади.
— Ўзбек аёли билан немис аёлини таққослаб кўрганмисиз? Имтиёз ва мажбуриятлар мисолида…
— Очиғини айтаман, ўзимизнинг ўзбек аёлларига етадиган йўқ. Биздаги меҳнатсеварлик, сабрлилик, тиришқоқлик, албатта, устун. Ҳаётимиздаги ҳар бир инсондан, у қандай миллат вакили бўлмасин, ундан нимадир ўрганишимиз мумкин деб ўйлайман.
— Германияда таҳсил оладиган ўзбек қизлар кўпми? Улар асосан қандай йўналишда ўқишади?
— Талабалар орасидан ўзбек қизларимиз ҳам бор. Улар ўз қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда тиббиёт, молия, ва ҳаттоки ахборот технологиялари соҳасида ўқийдиганлари ҳам бор.
—Машина бошқаришга қизиқасизми? Умуман қандай маркали машиналар ёқади?
— Қизиқаман, аммо ҳайдовчилик гувоҳномам йўқ. 2023 йилдаги олий мақсадларимдан бири Германияда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш. Ўзим “Тесла”да ишлаганим билан ёшлигимдан менга “Мерседеc” компаниясининг машиналари ёқади.
Феруза РАҲИМОВА суҳбатлашди.