Cоғлиқни сақлаш вазирлиги “103” хизматида эскирган автоуловларни босқичма-босқич замонавийларига алмаштириш чораларини кўрмоқда.
Хусусан, Республика тез тиббий ёрдам маркази автопарки 220 та “Volkswagen Caddy” тез тиббий ёрдам машиналари билан таъминланган эди. Бугун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда “Jizzakh Auto” ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ, Республика тез тиббий ёрдам маркази тасарруфига навбатдаги 117 дона А тоифали “Volkswagen Caddy” тез тиббий ёрдам автомашиналари топширилди.
Ҳозиргача қарийб 340 та “Volkswagen Caddy” жойларга етказиб берилди. Ушбу автомобиллар тақсимоти ҳудудлардаги аҳоли сони ва тез тиббий ёрдам машиналарини янгилаш эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, бешинчи авлод А тоифали “Volkswagen Caddy” мутлақо янги MQB платформасида ишлайди. Улар 1,6 МPI атмосферали мотор билан жиҳозланган бўлиб, 6 поғонали механик узатмалар қутиси ва 110 от кучига эга. 100 километр масофага автомобиль аралаш циклда 7 литр ёнилғи сарфлайди.
Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоит Ғафуровнинг маълум қилишича, харид қилиниши режалаштирилган яна 640 та тез тиббий ёрдам машинаси ҳам “Hunday”, “Ford”, “Volkswagen”, “Iveco” каби жаҳон брендларига тегишли бўлиши кутилмоқда.