Бугун эрталаб Ҳазрат Навоийнинг “Садди Искандарий” китобини қўлимга олдим. Негадир, Искандарнинг онасига қилган васияти ҳақидаги боби бошқача таъсир қилди. Биласиз, у онасига ёзган мактубини “мени сўнгги манзилга кузатар чоғингиз, қўлимни тобутдан чиқариб қўйинг, токи дунёни ўз измига солган қўл бу дунёдан бўш кетаётганини эл-юрт кўрсин дейди.
Бу панжаки, бармоғлари чекти саф,
Жаҳонни жаҳон аҳлидин урди каф.
Кафи ичра олди жаҳон кишварин,
Бару баҳрнинг лаъл ила гавҳарин.
Чу урди ажал илги табли раҳил,
Бақо бўйниға солди ҳабли раҳил.
Жаҳондин шал илги мисоли борур,
Нечукким, чинор илги холи борур.
(Бармоқлари саф тортиб турган бу қўл бир пайтлар бутун жаҳонни жаҳон аҳлини тортиб олган, барча мамлакатлар, сув ва қуруқликдаги лаълу гавҳарларга эгалик қиларди. Ажал ноғороасини чалиб, эгасининг бўйнига боқийлик арқони солингач, бу қўллар бир шол одамнинг қўлидек бежон, чинорнинг шохи сингари бўш кетмоқда)
Йигирма уч асрдан ортиқ ўтган бўлса-да, инсоният бу қўллардан тўла хулоса чиқара олмади…
Рустам ИҚБОЛ