Ички ишлар вазирлиги ЙҲХББ Ахборот хизматининг хабарига кўра, бугун соат 17:00 ларда, Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Янги Юнусобод кўчасида жойлашган “Анжир” кафеси рўпарасида йўлоардаги музлама сабаб 6 та автомобиль бир-бири билан тўқнашган.
Маълум бўлишича, ҳайдовчи, 2001 йилда туғилган Х.Х. “Нексия-2” русумли автомобилда ҳаракатланаётиб, тезликни пасайтирган вақтида, унинг ортидан келаётган 1996 йилда туғилган С.Н. бошқарувидаги “Нексия-3” русумли; 1977 йилда туғилган Н.Р. бошқарувидаги “Эпика” русумли; 1984 йилда туғилган М.С. бошқарувидаги “Нексия-2” русумли; 1993 йилда туғилган А.В. бошқарувидаги “Матиз” русумли; 1992 йилда туғилган И.Р. бошқарувидаги яна бир “Матиз” русумли автомобиллар иштирокида олдинма-кетин тўқнашув содир бўлган.
Тўқнашув натижасида тан жароҳати олганлар йўқ.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Барча ҳайдовчилардан тезлик меъёрига амал қилиб, об-ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда, оралиқ масофани сақлаб ҳаракатланишларини сўраб қоламиз, дейилади хабарда.