Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармасининг собиқ раҳбари қамоққа олингани ҳақида хабар тарқалган.
Республика Бош прокурори матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, Тошкент вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси мансабдор ва моддий жавобгар шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167 ва 209-моддалари билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан Нурафшон шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиноят иши доирасида, 2021 йил 21 май куни вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғига ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “а, в, г” бандлари билан айб эълон қилиниб, суднинг ажрими билан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди.