Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонТошкент вилоятида мингга яқин меҳмон уйлари давлат...

Тошкент вилоятида мингга яқин меҳмон уйлари давлат рўйхатидан ўтказилди

Тошкент вилоятида 2020 йилда 446 та оилавий меҳмон уйлари давлат рўйхатидан ўтди.

Ўзбекистонни кўриш, унинг тарихий обидалари билан яқиндан танишиш истагида дунёнинг турли бурчакларидан ташриф буюраётган сайёҳлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Хусусан, туризм соҳасидаги юксак салоҳият, замонавий инфратузилмага эга Тошкент вилоятидан ҳам бугун маҳаллий ва хорижий меҳмонларнинг қадами узилмайди. Бу саъй-ҳаракатда оилавий меҳмон уйларининг ўзига хос ўрни ва аҳамияти бор.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги “Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори кучга киргандан сўнг қисқа муддат ичида вилоятда мингдан ортиқ оилавий меҳмон уйлари очилган.

Оилавий меҳмон уйларининг ташкил этилиши натижасида юртдошларимиз эндиликда ўз уйида тадбиркорликни йўлга қўйиб, рўзғорига барака киритиш билан бирга туризм ривожига ҳам ҳисса қўшмоқда.

Сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, дам олиш ва туризм учун шарт-шароитларни яхшилаш, шунингдек, хизматлар кўрсатиш соҳасида янги иш ўринларини ташкил этиш мақсадида 2020 йилда вилоятда 446 та оилавий меҳмон уйлари Давлат хизматлари марказида давлат рўйхатидан ўтди.

Оилавий меҳмон уйлари ташкил этилган ҳудудлар орасида Бўстонлиқ тумани етакчи бўлиб 393 та, Паркент тумани 18 та, Чирчиқ шаҳри 13 та, Зангиота тумани 7 та, Қибрай тумани 4 тани ташкил этмоқда.

Оилавий меҳмон уйларининг очилиши маҳаллий аҳолининг бандлигини таъминлаш ҳамда ички туризмни янада ривожлантириш йўлида муҳим аҳамиятга эга.

Мусажон Каримов,
ДХА Тошкент вилояти бўлим бошлиғи

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз