Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонТошкентда “Рёдан” субмаданиятига эргашган ўсмирлар ушланди —...

Тошкентда “Рёдан” субмаданиятига эргашган ўсмирлар ушланди — ИИВ расмий хабар берди

5 март куни Тошкент шаҳридаги Халқаро форумлар саройи биноси ёнида 50 га яқин ўсмирлар тўпланган. Улар “Рёдан” субмаданиятига қўшилиш ҳақида турли шиорлар билан чиқишгани айтилмоқда.

Шундан кейин ўсмирлар ички ишлар органлари томонидан олиб кетилган. Потрибитель.уз сайтининг хабар беришича, “Сквер” майдонида бир гуруҳ ўсмирлар қўлга олинган. Улар вояга етмаган болаларнинг иккита автобусини олиб кетишган. Сайт бу ҳақда ҳибсга олинганларнинг ота-оналари норози бўлиб, хабар берганини таъкидлайди.

Олдинроқ Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси томонидан муқаддам бир нечта давлатларда турли бузғунчи ва адоват ғояларини тарғиб қилувчи “Рёдан” ҳаракати Тошкент шаҳрига кириб келгани ва ўзининг гуруҳини ташкил этгани ҳақида хабар берилган эди. ИИВ огоҳлантиришида “Рёдан” ҳаракати ҳақида нималарни билиш кераклиги, ота-оналарни фарзандларининг қизиқишларига, айниқса субмаданиятлар борасидаги қизиқишларига эътиборли бўлишга чақирган.

Бугун бир гуруҳ ўсмирларнинг қўлга олингани бўйича бўйича Ички ишлар вазирлигининг расмий хабари эълон қилинди. Унда айтилишича, бунгача ички ишлар органларига ушбу ҳаракат ташкилотчилари мамлакатдан ташқарида жойлашган бузғунчи кучлар экани, уларнинг мақсади миллий, ирқий, этник ва диний адоватни, шунингдек, ғояларига қарши бўлган устидан тартибсизликлар, зўравонликни тарғиб қилиш эканлиги ҳақида турли маълумотлар келиб тушган.

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқлар орқали бузғунчи кучларнинг қуйидаги чақириқлари тарқалган: “Салом, бугун соат 18:00 да бутун форумни **** бузамиз. Тишимизгача қуролланамиз. пневматика, совуқ ва жанговар қуроллар”.

Вояга етмаганлар ИИО ФМБга олиб борилиб, профилактик суҳбат ўтказилган. Ўрганишлар жараёнида 9 нафар вояга етмаган шахс ижтимоий тармоқлардаги “Рёдан” каналига аъзолиги аниқланган. Болалар шу куннинг ўзида ота-онаси ёки яқинлари билан бирга уйига қўйиб юборилган, ҳеч ким процессуал тартибда ушланмаган.

Ҳозирда оммавий тартибсизликни, диний, миллий, этник адоватни тарғиб қилувчи хабарларни тарқатган шахсларни аниқлаш юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан текширув ўтказилмоқда. Ички ишлар вазирлиги ўз баёнотида ота-оналарга фарзандининг қизиқишларига эътиборли бўлишни яна бир бор эслатди.

Жамоатчилик фаоллари, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари кечаги воқеалар фонида айбсиз ўсмирларнинг ҳам ички ишлар органлари томонидан олиб кетилгани хусусида турли фикрларни билдиришмоқда. Бу ҳақда блогер Шаҳноза Соатова телеграм каналида шундай ёзди:

“Манимча ҳақиқат ўрталиқда: ИИВга сигнал тушган бўлса керак. Лекин уларнинг бу хатти-ҳаракатлари мақсадга мувофиқми, айнан шундай ҳаммани тумтарақай қилиб, ўсмирларда баттар норозилик кайфиятини уйғотиб, ота-оналарни ваҳимага солиб, вояга етмаганларга ота-онасига қўнғироқ қилишга ҳам бермай босиб олиб кетиш (Андижонда ўлган ўсмир воқеаси ҳамманинг эсида) тўғрими? Ўша автобусларда олиб кетилганлардан нечтаси “Рёдан”чи экану, қолганлари учун узр ҳам сўралмайдими?

Блогер бундай субмаданиятларга қарши куч билан эмас ғоя билан курашиш кераклигини таъкидлаган:

“Фикри ожизимча, бундай субмаданиятлар доим бўлган, уларга қарши куч билан курашиш етарли самара бермайди, агар ғоя билан курашмасангиз. Кучишлатарлар ўз ишини қилар экан (бунинг қай даражада, қандай ва қай тарзда қилиниши бошқа масала), бошқа тизимлар жим турса, натижа бўлмайди. Яна урғу тарбияга, ғояга, мафкурага, маданиятга, таълимга тақалади. Ҳар ким эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга, кўчада юрганингдан бирдан куч ишлатиб босиб олиб кетишларини оқлаш учун қанчалик катта хавф ва жиддий сабаб керак”,

дейди Шаҳноза Соатова.

Маълумот учун: “Рёдан” япон анимация санъати мухлислари томонидан ташкил этилган бўлиб, дастлаб ўсмирларни қизиқишлари бўйича бирлаштиришни мақсад қилган. Болалар севимли қаҳрамонларни муҳокама қилиб, уларга ўхшашга интилиб, орқасида ўргимчак расми ҳамда 4 рақами бўлган катакли шим ва футболкаларни кийиб олишган.

Бироқ, вақт ўтиши билан ҳаракатдан янги йўналиш ажралиб чиқиб, улар ичида бир қатор тажовузкор шахслар пайдо бўлган. Улар ҳудуддаги вазиятни беқарорлаштириш, ўсмирларнинг “тўлиқ шаклланмаган дунёқарашига таъсир ўтказиш” орқали уларни назорат қилишни мақсад қилиб олган. Бунинг оқибатида, тармоқдаги бегона шахсларнинг бузғунчи шиорлари таъсирига берилиб кетган болалар жамоат жойларида тўпланиб, оммавий тартиббузарликларни уюштира бошлаган.

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз