Айни пайтда Тошкент шаҳридаги “Radisson Blu Hotel” меҳмонхонасида “Юридик кадрларни узлуксиз касбий ривожлантириш тизимининг замонавий ва самарали механизмлари: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилмоқда.
Адлия вазирлиги Юристлар малакасини ошириш маркази ташкилотчилигида ўтказилаётган конференцияда АҚШ, Озарбайжон, Япониядан хорижий экспертлар, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда суд-ҳуқуқ соҳаси миллий институтлари вакиллари, мамлакатимиздаги юридик олий ўқув юртларининг етакчи олимлари, профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва мустақил изланувчилари иштирок этмоқда.
Конференцияда юридик кадрларнинг узлуксиз касбий ривожлантириш тизими, юридик фан ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб муаммолари, юридик таълимдаги инновациялар: мавжуд муаммо ва янги имкониятлар, юридик амалиёт ва таълимнинг рақамли трансформацияси, суд, прокуратура ва адлия органлари фаолиятининг долзарб масалалари, фуқаролик, оилавий, меҳнат, молия ва экологик ҳуқуқ соҳасидаги жамоат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш масалалари, жиноят ҳуқуқи ва криминологиянинг назарий ва амалий муаммолари, коррупцияга қарши курашиш муаммолари, халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари йўналишлари бўйича қатор масалалар муҳокама этилмоқда.
Ушбу конференцияни ўтказишдан кўзланган мақсад – 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси асосида юридик кадрларни узлуксиз касбий ривожлантириш соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ва уларнинг ижобий натижасини халқаро ҳамжамиятга етказиш, шунингдек, мазкур йўналишдаги халқаро тажрибани ўрганиш асосида юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ва янада ривожлантириш истиқболларини белгилаб олишдан иборат.