Шу йилнинг 22 май куни сайтимизда “5700 туп гиёҳванд ўсимлик етиштирган аёл унинг ҳам иниси, ўғли ва набиралари бордир?” сарлавҳали мақола эълон қилинганди.
Унда Фарғона вилояти Тошлоқ туманининг “Қуйи Яккатут” маҳалласида яшовчи, 1965 йилда туғилган фуқаро Сожида Наимова (исм-шарифлари ўзгартирилган)нинг ўз ҳовлисида 5700 туп гиёҳванд ўсимлик етиштираётгани ва 2021 йилнинг 14 май куни Ички ишлар вазирлиги жиноят қидирув бош бошқармаси, Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси ҳамда Тошлоқ тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган “Қорадори-2021” кенг қамровли тадбири мобайнида мазкур ҳолат аниқланганига оид фикр-мулоҳазаларимизни баён этгандик. Яъни С.Наимова томорқасида 5700 туп “кўкнор” ўсимлигини етиштиргани етмагандек, омборхонасида соф оғирлиги 20 граммдан иборат “марихуана” гиёҳванд моддасини ҳам сақлаб келган. Тошлоқ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми ва 276-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Бугун ижтимоий тармоқларда тарқалган муждага биноан эса туманнинг Хонақа маҳалласида истиқомат қилувчи ҳамюртимиз Миродил Эгамовнинг “деҳқончилиги” салмоғи Сожида опаникидан яна юқори экан. Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, 1963 йилда туғилган М.Эгамовнинг томорқасида 6117 туп “кўкнор” ўсимлиги барқ уриб ривожланган. Бу жиноят бўлса 2021 йил 29 май куни ўтказилган “Қорадори-2021” тадбири мобайнида фош этилган. Шунинг учун салкам 60 ёшли, набирали “қаҳрамон”имизга нисбатан ҳам Жиноят кодекснинг 270-моддаси 5-қисми (Тақиқланган экинларни етиштириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Агар хабарга илова қилинган суратга кўз ташласангиз, “кўкнор” ўсимлиги бир-икки ҳафтада эмас, балки бир ойдан ҳам ортиқ, балки икки ой мобайнида шу даражага етганига амин бўласиз. Шундай экан, наҳотки буни қўни-қўшнилар билмаган? Ёки билган бўлишса ҳам улар юзхотир қилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага хабар беришмаганми? Хўш, иккала айбдорнинг оила аъзолари, айниқса, қалби беғубор фарзандлари-чи?
Албатта, бу биргина тадбир доирасида, битта ҳудудда аниқланган 2 та ҳолат. Буни кўриб, хабар топиб, “Тошлоқда “кўкнор” етиштириш урфга айланмоқдами?” деган савол ҳам ўз-ўзидан туғилиб қолади. Тошлоқда юқоридагидек “камёб ҳосил” етиштираётган фақат Сожида Наимова ёки Миродил Эгамовмикин? “Қорадори-2021” тадбирининг қамрови янада кенгайтирилса, уларга муносиб “шогирдлар” ҳам чиқиб қолар балки?
Хуршид СУЛТОНОВ,
“Инсон ва қонун” мухбири