Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариТовламачи ҳамтовоқлар жиноят устида қўлга олинди

Товламачи ҳамтовоқлар жиноят устида қўлга олинди

Қўқон шаҳрида яшовчи Азизжон Самадов (исм-шарифлари ўзгартирилган) 2021 йилнинг декабрь ойида шаҳарнинг Янги ҳаёт кўчасида яшовчи Сеҳриё Тўрақулова билан танишиб қолади. Яъни улар дастлаб шаҳардаги “EVOS” кафеси ёнида жойлашган автомобиллар ювиш шоҳобчасида учрашишганди. Ўша учрашувда яна фуқаро Баҳодир Амиржонов ва Сеҳриёнинг дугонаси Гулсанам Зикрияева ҳам бор эди.

-Бу сингилларимизнинг айрим ҳамшаҳарларимизда ҳақлари бор экан. Аммо қарздорлар пулни бермаётганмиш. Шуни ундиришда ёрдам сўрашяпти,-дейди Б.Амиржонов А.Самадовга чақиртиргани сабабини тушунтириб. –Ахир сени кўпчилик яхши танийди, гапинг ҳам ўтади.

Гап шундаки, Азизжон эндигина 30 ёшдан ошганига қарамай, муқаддам 2 маротаба – Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми ва 104-моддаси 1-қисмида назарда тутилган қасддан баданга енгил ҳамда оғир шикаст етказиш жиноятларини содир этгани боис судланиб, Қўқонда ўзига яраша “ном қозонганди”. Баҳодир шунинг учун уни ёрдамга, аниқроғи “разбор”га чорлаганди. Бироқ А.Самадов бундай ишлар хушмуомала билан, тинчгина ҳал бўлмаслигини яхши биларди. Бинобарин, Б.Амиржоновнинг таклифини рад этди. Яъни С.Тўрақулова ва Г.Зикрияевага ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилишни маслаҳат берди.

-Гулсанам Мирсалим деган йигитнинг аёли. Сеҳриёнинг эса боши очиқ,-дейди Б.Амиржонов иккала дугона кетгач.

Бу гапни эшитиб, Азизжон Сеҳриёни “илинтириш” пайига тушади. Аввалига у Баҳодирнинг ёрдамида жувоннинг телефон рақамини олиб, “Телеграмм” ижтимоий тармоғи орқали мулоқот қилиб туради. Кейинчалик эса А.Самадов С.Тўрақулова уйда ёлғиз қолган пайтида бориб-келиб юради. Чунки Сеҳриё ота уйида фарзандлари ҳамда акаси Санжар билан бирга яшарди. Хуллас, бора-бора уларнинг муносабати “қуюқлашиб” кетади. Натижада – 2022 йилнинг бошларида иккаласи шаръий никоҳ асосида турмуш қуришади. Шу туфайли Азизжон Санжар билан ҳам танишади. Лекин орадан кўп ўтмай А.Самадов эски танишлари Умирбек Ўсаров, Муҳаммадрауф Бердиёров (жиноят ишининг унга оид қисми алоҳида иш юритувига ажратилган) ва қайноғаси С.Тўрақуловлар билан бирга Гулсанам Зикрияева, унинг хўжайини Мирсалим Зикрияев ҳамда Баҳодир Амиржоновларга нисбатан товламачилик қилади.

Аён бўлишича, Г.Зикрияева гоҳ-гоҳида Б.Амиржоновнинг машинасида Сеҳриёникига келиб-кетиб юрган. Шу боис ҳамтовоқлар қўшни хонадон дарвозасига ўрнатилган видеокузатув мосламасидаги Гулсанамнинг Баҳодир билан бирга келиб, маълум муддатдан сўнг чиқиб кетгани акс этган тасвирни қўлга киритишади. Сўнг Мирсалимга дағдаға қилишади:

-Хотинингиз ва Баҳодир билан бирга Сеҳриёнинг уйидан беш минг долларлик юз грамм тилла тақинчоқларини, ўн тўрт минг доллар пулини ўғирлаб чиққансизлар. Сиз ҳам уларга шериксиз. Қолаверса, Гулсанам Баҳодир билан дон олишиб юрибди. Бизда видеотасвирлари ҳам бор. Ана шу далилларни шаҳар ички ишлар бошқармасига бериб, сизларни қаматиб юборишимиз мумкин.

Шундай дея М.Зикрияевни қўрқитиб, товламачилик йўли билан унинг нархи 143 миллион сўмлик “Жентра” русумли автомашинасини қўлга киритишади. Кейин эса автомашинани қайтариб бериш эвазига эр-хотиндан 8000 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилишади. Бу ҳам етмагандек Мирсалимни дўппослаб, зўрлик ишлатиб, унинг чўнтагидан баҳоси 1800 АҚШ доллари(19.475.406 сўм) қийматдаги “IPhone 13 Pro” русумли уяли телефонини талончилик йўли билан олиб қўйишади.

Бундан ташқари, худди шу усул билан Б.Амиржоновни ҳам қўрқитишади. Оқибатда Баҳодирга ўзларидан 5000 АҚШ доллари миқдорида қарздор эканлиги ҳақида тилхат ёздириб олишади. Сўнг яна товламачилик қилиб, унинг бошқарувидаги, аслида фуқаро И.Қорабоевга тегишли бўлган “Спарк” русумли (баҳоси 89.423.000 сўмлик) автомашинани қўлга киритишади.

-Қачонки қарзингизни қайтарсангиз, “Спарк”ни олиб кетасиз,-деб шарт қўяди Азизжон.

Буни қарангки, товламачи ҳамтовоқлар “Жентра” автомашинасини титкилаш асносида топиб олинган Гулсанам Зикрияеванинг биометрик паспортини ҳам ғаразгўйлик ва бошқа паст ниятларда эгаллаб, яшириб нобуд қилишади.

Шундан сўнг Г.Зикрияева тўрттала товламачига қонуний чора кўришни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат этади. Бинобарин, айни мурожаат юзасидан тезкор тадбир ўтказилади. Яъни Азизжон ва Санжар “EVOS” ошхонаси ёнида Гулсанам билан учрашиб, унинг 8000 АҚШ доллари олиб келганига ишонч ҳосил қилишади. Кейин Умрбек уларнинг буйруғига биноан “Жентра” автомашинасини ўша ерга миниб келади. Оқибатда “қаҳрамон”ларимиз қонун ҳимоячилари томонидан ушланади.

Албатта, мазкур ҳолат бўйича товламачиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди эса А.Самадов ва У.Ўсаровни Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а,б,в” бандлари, 166-моддаси 2-қисми “а,в” бандлари, 227-моддаси 2-қисми “а” банди, С.Тўрақуловни кодекснинг 165-моддаси 2-қисми “а,б,в” бандлари, 227-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум этди. Суд ҳукмида жабрланувчи Г.Зикрияевага етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи ҳам тушунтирилди.

 

Пўлатжон МАМАТУСМОНОВ,
жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг судьяси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз