Суд очеркиТуҳмат замиридаги товламачилик

Туҳмат замиридаги товламачилик

Асли каттақўрғонлик Холида Мирёқубова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳаётга жуда енгил қаради. Ҳар қандай қилмиш муқаррар равишда қидирмишга етаклашини хаёлига ҳам келтирмади. Ҳар қандай йўл билан пул топиш, бойлик орттиришни кўзлади. Энг ёмони, у айбсиз фуқароларга туҳмат қилиш ва ички ишлар идораларига бу ҳақда ёлғон хабар беришдан ҳам тап тортмади.

Аслида унинг ўтмишига ҳам ҳавас билан қараб бўл­майди. Оиланинг қадрига етмаган, турмушидан ажрашган бу аёл кейинги тўрт йил давомида ўғирлик, фирибгар­лик ва бошқа турдаги жи­ноят­ларни содир этиб, уч марта суднинг қора курсисига ўтирди. Албатта, судлар Х. Мирёқубованинг аёллиги, бир нафар вояга етмаган фарзанди борлигини инобатга олиб, унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаган.

Аммо Х. Мирёқубова ўзига нисбатан кўрсатилган бу бағрикенглик ва мурувватдан тўғ­ри хулоса чиқариб олишни хаёлига ҳам келтирмаган.

Аксинча, у била туриб, ўзгаларни оғир жиноят содир этишда айблаб, бўҳтон гап-сўзлар тарқатиш, атай оғир жиноят ҳақида ёлғон хабар бериш ҳамда товламачилик йўли билан жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқу­қини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қў­йишда ифодаланган жиноий ҳаракатларни содир этиб, тўртинчи марта суднинг қора курсисида ўтирди.

Биринчи воқеа

Ўтган йилнинг 21 май куни Пастдарғом тумани ички ишлар бўлимига бир аёл жабрдийда қиёфада кириб келади. Бу — Холида Мирёқубова эди.

Х. Мирёқубова фуқаро А. Ниёзқулов номусига текканини айтиб, кўз ёш тўкади. Ички ишлар бўлимида унинг оғза­ки­ аризасини қабул қилиш баённомаси расмийлаштирилади, суриштирув ишлари олиб борилади.

Бир ой давом этган сўраб-суриштиришлардан сўнг мурожаат уйдирма ва туҳмат экани ошкор бўлади. Ички ишлар бўлими катта суриштирувчиси З. Қўчқоров томонидан 2021 йил 20 июнида жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинади.

Иккинчи воқеа

Нарпайлик З. Искандаров ўзига тегишли «ВАЗ — 2106» русумли автомашинасида киракашлик қилади. Бир пайт­лар Х. Мирёқубова унинг автомашинасига чиққанида «зарур бўлиб қолар», дея З. Искандаровнинг қўл телефони рақамини ёзиб олганди.

19 июнь куни у З. Искандаровга қўнғироқ қилиб, Мирбозорга келганини айтади ва ўзини Ёшлар истироҳат боғига олиб бориб қўйишни илтимос қилади.

Аммо З. Искандаровнинг автомашинаси эски эмасми, истироҳат боғига етмасдан йўлда тўхтаб қолади. З. Искандаров Х. Мирёқубовани бошқа автомашинага ўтқизиб юбормоқчи бўлади. Лекин у бунга кўнмайди ва устахонадан қайтиб келгунига қадар кутиб туришини айтади. Ўша пайтда З. Искандаров танишлари Улуғбек билан Шоҳрузни кў­риб қолади, уларга «меҳмон шу ерда кутиб турсин» дея автомашинасини устахонага олиб кетади.

Улуғбек ҳали қурилиши ту­галланмаган уйда уста ишлатиши керак эди. Шу боис устачилик билан шуғулланадиган Шоҳрузни чақирган, айни дамда унинг шериги Асадулланинг келишини кутиб туришганди. Бироздан сўнг Асадулла ҳам келади. Шундан сўнг улар Улуғбекнинг уйига йўл олишади.

Бир пайт қарашсаки, меҳмон қиз уларнинг ортидан келиб, эшиги олдида турган экан. «Сиз нега келдингиз?» — дея сўрайди Улуғбек. Шунда Х. Мирёқубова «Зуфарга қўнғироқ қилиб беринг» — дейди. Кўп ўтмай З. Искандаров ҳам етиб келади ва у Х. Мирёқубовани автомашинасида кузатиб қўйиб, сўнг уйига қайтади.

Орадан икки кун ўтиб, Нарпай тумани ички ишлар бўлимига Х. Мирёқубова фуқаролар З. Искандаров, У. Қаршибоев, Ш. Мансуров ва А. Имом­қулов номусига текканини баён қилиб, ариза билан мурожаат қилади.

Айтиш керакки, Х. Мирёқубованинг аризаси батафсил ўрганилади.

Суриштирув давомида мурожаат ёлғон, уйдирма ва туҳматдан иборат экани маълум бўлади. Бунинг оқибатида жабрланувчилар — З. Искандаров, У. Қаршибоев, Ш. Мансуров ва А. Имомқулов уйдирма ва туҳматдан азият чеккани, ёл­ғон хабардан ички ишлар бў­лими ходимлари қимматли вақ­тини беҳуда сарфлагани қолади.

Учинчи воқеа

Воҳиджон 26 июль куни соат ўнларда ўзининг автомашинасида Самарқанд шаҳридаги шифохона олдидан ўтиб кетаётганди. Нотаниш аёл қўл кўтариб, тўхтатишга ишора қилади.

Аёл Боғишамол чорраҳасига бориши керак экан. Воҳиджон ҳам ўша томонга бораётганди, улар йўлда суҳбатлашиш асносида танишиб олишади. Манзилга етгач, Х. Мирёқубова Воҳиджоннинг телефон рақамини ёзиб олади ва «сизга албатта, қўнғироқ қиламан», дейди.

Ҳақиқатан ҳам, ўша куннинг ўзида Х. Мирёқубова соат йигирма учдан сўнг уч марта қўнғироқ қилади. Учинчи марта телефон орқали гаплашишганда, Х. Мирёқубова «учрашайлик, шифохона олдидаман» дейди.

Қисқаси, ўша тунда улар учрашишади.

Аммо эртаси куниёқ Са­мар­қанд шаҳар ички ишлар ор­ганлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 6-сон ички ишлар бўлими профилактика инспектори В. Облақуловга қўнғироқ қилиб устидан номусга тегиш ҳолати юзасидан шикоят ариза тушганини билдиради.

Терговга чақирилган В. Облақулов Х. Мирёқубовани учратиб қолади. «Агар менга 1 миллион 500 минг сўм берсангиз, тергов билан келишиб, ишни босди-босди қи­ламан, сиз ҳам қутулиб кетасиз, автомашинангизни ҳам жарима майдончасидан чиқариб оласиз» дейди маккора аёл. Сўнгра ўзига савол назари билан қараб турган Воҳиджонга юзланиб яна шундай дейди: «мен айтган шартга кўнмасангиз, оилангизни бузаман, шарманда қилиб, қаматиб юбораман».

Бу билан маккора аёл В. Облақуловни ўз мулкига бўлган ҳу­қуқини беришга мажбур қи­ладиган аҳволга солиб қўяди. Эртаси куни жабрланувчи В. Облақулов ички ишлар идорасига келиб, ариза ёзади, Х. Мирёқубова билан гаплашган вақтдаги сўзлашув аудиоёзувларини ҳам тақдим этади.

Хуллас, ички ишлар органлари ходимлари томонидан холислар иштирокида тадбир ўтказилади. Х. Мирёқубова жабрланувчи В. Облақуловдан 1 миллион 500 минг сўмни товламачилик йўли билан олган вақтда ушланади.

Суд судланувчи Х. Мирёқубовани Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмакт) 3-қисми «а» банди, 165-моддаси (товламачилик) 1-қисми ва 237-моддаси (ёлғон хабар бериш) 2-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айб­дор деб топди. Унга нисбатан айбланган ҳар бир модда бўйича алоҳида-алоҳида жазо тайинлаб, Жиноят кодексининг 60, 61-моддалари тартибида жиноят ишлари бўйича Қўшработ тумани судининг 2021 йил 25 февралдаги ҳук­ми билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмига қисман қўшиш йўли билан узил-кесил уч йил уч ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Судланувчига 23 миллион 415 минг сўм жарима жазоси ҳам тайинланди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: наҳотки, пул ва бойлик ор-номус, уят-андишадан устун бўлса?! Бошқаларни оғир жиноятни содир этишда айблаб, туҳмат қи­лишдан асло тап торт­май­диган, уйдирма ва ёлғон хабарни товламачиликка дас­так қилиб олган Х. Мирёқубованинг аёл зотига номуносиб қилмишларини оқлаб ҳам, кечириб ҳам бўл­майди.

Жонибек РАУПОВ,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд шаҳар суди судьяси

 

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img