Қибрай туманида яшовчи Нозима (исм-шарифлари ўзгартирилган)нинг ота-онаси 2022 йилда ўзларига маъқул келган совчиларга розилик бериб, нон синдиришди. Аммо Нозима тўйдан олдин ота-онасининг юзини ерга қаратиб қўйди.
Гап шундаки, 2022 йилнинг 8 февраль куни у холалари Жамила ва Ҳалима Неъматуллаевалар билан бирга Мирзо Улуғбек туманидаги “Ширин” бозорига тўй ҳаражатларини қилиш учун боради. Савдо дўконлари оралаб юришар экан, Нозима атайин холаларидан ортда қолиб кетади. Улар анчагина узоқлашгач, Нозима тадбиркор Гулнора Камоловага қарашли 22-дўконда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб ичкарига киради. Сўнг чаққонлик билан стол тортмасида бўлган аёллар сумкасидан нархи 280.000 сўмлик 4 дона флеш-картани, 200 АҚШ доллари, 500.000 сўм нақд пул, “Ипотекабанк” ва “Алоқабанк” томонидан очилган пластик карталарни ҳамда баҳоси 30.000 сўмлик аёллар ҳамёнини ўғирлаб чиқиб кетади. Бироқ жабрланувчи ўғирликни ким қилганини билолмай қолади.
Орадан бир ҳафта ўтгач – 2022 йил 16 февраль куни тушга яқин Жамила ва Ҳалима опа Нозимани еталаб, яна ўша бозорга боришади. Лекин Г.Камолованинг дўконига яқинлашар экан, бўлажак келиннинг яна нияти бузилади. Аксига олиб, бу гал ҳам Гулнора опа дўконни қаровсиз қолдириб чиқиб кетганди. Айни ҳолат эса ўғри қизга жуда қўл келади. Оқибатда Нигора Камолованинг стол устида турган сумкасидан нархи 3.500.000 сўмлик “POCO X3 Pro” русумли уяли телефонини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинади.
Шундан сўнг Н.Камолова ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилади. Қонун ҳимоячилари бозорга ўрнатилган видеокузатув қурилмалари орқали ўғирликни фош этишди. Оқибатда Нозимага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди “қаҳрамон”имизни Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топиб, озодликни чеклаш жазосига маҳкум этди. Унга жазо тайинлашда жабрланувчига етказилган моддий зарарлар қопланганлиги инобатга олинди.
Санжар АБДУҒАНИЕВ,
жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси