Шермат Хусайинов ҳамда Дилёр Тўхтаевлар ёши элликдан ошган, оилали одамлар. Бирида беш, иккинчисида уч нафар фарзандлар бор. Аммо улар ана шу норасидаларига ҳаром едиришдан хазар қилишмади. Ҳалол ишлашдан кўра қонун бузиш, инсонгарчиликка доғ туширишни афзал билишди.
Ноқонуний тарзда қуролланиб, қўлларида пневматик тўппончани тутиб, босқинчилик, ҳужум қилиш билан қўрқитиб, ўғирлик жиноятини содир этган мазкур шахсларнинг мақсадлари мўмай даромадга эга бўлиш эди.
Улар ярим тунда шаҳардаги дорихоналарга кириб тўппонча ўқталиб касса пулларини олиб чиқиб кетишни одат қилишди. Жиноий ҳаракатларини яшириш мақсадида видеокузатув камераси хотира қурилмасини ҳам олиб чиқиб кетишган. Бир эмас, бир неча дорихоналарда содир бўлаётган бу ҳатти-ҳаракатлар албатта назоратдан четда қолмади. Босқинчи ўғрилар қисқа муддатда қўлга олинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3-февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 1-бандида, судларнинг эътибори жиноят учун жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилишга қаратилиши кўзда тутилган.
Суд қайд этилган Пленум қарори тушунтиришларига риоя қилиб юқоридаги шахсларга жазо тайинлашда ҳам иш бўйича жазони оғирлаштирувчи холатлар аниқланмагани, жазони енгиллаштирувчи ва жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи холатлар сифатида ҳар икки шахснинг муқаддам судланмаганлиги, оилавий шароити, қарамоғида кўп фарзандлари борлиги, қилмишига қисман иқрор ва пушаймонлиги, жабрланувчиларга етказилган зарар қопланганлиги, уларнинг бу борада даъвоси йўқлигини инобатга олиб иш кўрди.
Жиноят жазосиз қолиши мумкин эмас, албатта. Ш.Хусайинов 8 йил 2 ой муддатга, Д.Тўхтаев эса 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Шоядки, бу муддат уларга тўғри йўлга тушиб олишлари учун сабаб бўлса.
Бумайрам Бабамирзаева,
Наманган вилоят жиноят ишлари бўйича
судлов ҳайъати судьяси