Тунис ҳукумати якшанба куни кечқурун мамлакатнинг қатор вилоятларига давлат муассасаларини ҳимоялаш ва оммавий тартибсизликларга қарши кураш мақсадида миллий армия бўлинмалари киритилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги расмий вакили Муҳаммад Зикрийга таяниб, ТАСС хабар қилмоқда.
«Айни пайтда армия бўлинмалари Силян, Кассарин, Бизерта ва Сус шаҳарларида жамоат тартибини сақлаб турибди” – деди Мудофаа вазирлиги вакили.
Туниснинг айрим вилоятларида оммавий тартибсизликлар якшанба куни комендант соати эълон қилинганидан сўнг, 16.00 да юз берган. Кун сайин Тунисда норозилик намойишларининг қамрови кенгайиб тобора оммавий тус олмоқда. Намойиш иштирокчилари баррикадалар қуриб, йўлларни ёпишмоқда, автомобиль баллонларини ёқиб, амалдаги ҳокимиятга қарши шиорлар билан чиқишмоқда. Намойишчилар бу ҳаракатни “Очлар инқилоби” деб атамоқда. Ҳуқуқ-тартибот ходимларининг фикрича, ёш намойишчилар кўчадаги автомобиллар, дўконлар ойналарини синдириб, давлат идоралари ва молиявий ташкилотларни талон-торож қилишмоқда.
Мамлакатнинг турли ҳудудларида ўтказилган намойишларда иштирок этган 242 нафардан ортиқ киши қамоққа олинган.
Тунисда оммавий тартибсизликлар давом этмоқда
