ФВВ: Ўзбекистонда кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжуд эмас.
Бугун Туркияда содир бўлган бир нечта зилзилалар бутун дунёнинг эътиборида. Тармоқларда зилзила пайти муҳрланган турли видеоёзувлар кенг тарқалиши ортидан аҳолида хавотир ва турли саволлар пайдо бўлмоқда.
Нима учун бундай кетма-кет зилзила кузатиляпти? Бу қачонгача давом этиши мумкин? Ўзбекистоннинг сейсмик ҳолати қандай? Қозоғистонда бугун рўй берган зилзиланинг Туркиядаги зилзилаларга алоқаси борми?
Шу каби саволларга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати ходими, сейсмолог Самандар Ҳикматуллаевдан жавоб олдик.
Нимага кетма-кет зилзила бўляпти? Бундан одамлар хавотирланиши керакми?
– Одатда 1-зилзиладан сўнг фанда афтершоклар деб ном олган ҳодиса кузатилади. Афтершоклар – бу биринчи тўлқинга қараганда кичикроқ зилзилалар. Яъни плиталар тўқнашган жойлардаги биринчи зилзиладан сўнг йиғилган ва сиқилиб қолган энергия кичик-кичик тўлқинлар ҳосил қилиб чиқиб кетади. Ҳозир Туркияда бўлаётган ҳодиса йиллар мобайнида тўпланган энергиянинг чиқиши бўлиб, бу бир неча кун балки ойлар давомида кичик тўлқинлар шаклида чиқиб кетади, аҳоли зилзилаларни сезиб туриши мумкин. Ҳар қандай зилзиладан сўнг бу кузатилади, ҳатто 1 йилгача давом этиши мумкин.
Бугун Қозоғистонда содир бўлган ва Тошкентда ҳам сезилган зилзила Туркиядаги ер силкинишларига боғлиқми?
– Қозоғистонда бўлган зилзила Туркиядагига боғлиқ эмас. Ер шарида зилзилаларни вужудга келтрувчи бир қатор сабабчилар бор. Асосий сабаблардан бири плиталарнинг тектоник ҳаракати. Ер юзида зилзила бўлмайдиган жойнинг ўзи йўқ. Ернинг ўз ўқи ва қуёш атрофида айланиши, ер мантиясидаги ҳаракатлар зилзилаларни юзага келтиради. Бусиз иложи йўқ, акс ҳолда Ер айланмай қўяди. Шу сабабли бўлаётган зилзилаларни табиат ҳодисаси деб қабул қилиш лозим.
Зилзилаларни башорат қилиш мумкинми?
Уч кун муқаддам сейсмолог Фрэнк Ҳугербитс Туркия ва Сурия ҳудудларида 7,5 магнитуда атрофида зилзила содир бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган экан. Ҳозир интернетда унинг твити қизғин муҳокама қилинмоқда. Бизда зилзилаларни олдиндан башорат қилиш мумкин эмас деган фикр юради. Буни қандай изоҳлаш мумкин?
– Зилзилаларни прогнозлаш мумкин ва бу доим қилиб келинади. Чунки ер қимирлашини вужудга келтирувчи ўзига яраша сабабчилар ва зилзила даракчилари бор. Масалан, ер ости сувларининг кўтарилиши, ер ёриқларида энергиянинг тўпланиши ва ҳоказо. Шулар асосида зилзила башоратланади. Лекин ҳали фан зилзиланинг аниқ вақти ва аниқ жойини башоратлай олмайди. Шу пайтгача ҳеч бир мутахассис фалон вақтда фалон жойда бунча баллик зилзила бўлади деб аниқ айта олмаган.
Ўзбекистоннинг айни дамдаги сейсмик ҳолати қандай?
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бу ҳақида ўз саҳифасида маълумот берди.
“Бугунги кунда республикамизда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Фанлар академияси ҳамкорлигида Сейсмик вазиятни баҳолаш ва келгусидаги сейсмик вазиятни прогноз қилиш бўйича Идоралараро эксперт комиссияси фаолият юритади. Мазкур Идоралараро эксперт комиссияси ҳар ҳафта бўйича Республика ва унга чегарадош ҳудудларда зилзила содир бўлиш эҳтимоллигини комплекс-прогностик кузатув натижаларига асосан баҳолайди.
Ҳозирги кунда зилзилаларни прогноз қилиш соҳасида сейсмометрик, геофизик, магнитометрик ва гидрогеосейсмологик кузатувлар олиб борилади.
Олинган кузатув маълумотлари натижаларига асосан Идоралараро эксперт комиссиясининг 2023-йил 3-февралдаги 5-сонли баёни хулосасига кўра, Ўзбекистон ва унга чегарадош ҳудудларда магнитудаси М≥5 бўлган зилзилалар даракчилари аниқланмаган ҳамда кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжуд эмаслиги маълум қилинади”.