Туркиялик сейсмологларнинг маълумотларига кўра, 7,4 магнитудали зилзиладан кейинги ер силкинишлари душанба куни Туркиянинг кўплаб минтақаларида, жумладан Анқарада ҳам сезилган.
Фавқулодда вазиятлар давлат департаментининг аниқлик киритишича, зилзила Қаҳрамонмараш вилоятининг Пазарджик туманида маҳаллий вақт билан соат 04.17 да 7 км чуқурликда содир бўлган.
Шундан сўнг ер силкинишлари ярим соат давомида турли ҳудудларда – Адана, Анқара, Анталия, Газиантеп, Қайсари, Мерсин, Трабзон, Шанлиурфада сезилди.
Қаҳрамонмараш, Малатя, Шанлиурфа ва Газиантеп вилоятларида уйларнинг қулаши қайд этилди, деб хабар берган Ени Шафақ газетаси.
ТРТ телеканалининг хабар беришича, Туркия жануби-шарқидаги бир қанча вилоятларда аҳоли зилзиладан қўрқиб, совуққа қарамай уйларини тарк этмоқда.
“Мамлакатда энг юқори хавф даражаси эълон қилинди. Фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан биргаликда қутқарувчиларни ҳудудларга жўнатдик”, – деди Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу дейилади хабарда.
Унга кўра, Туркияда эълон қилинган хавф даражаси халқаро ёрдам зарурлигини назарда тутади.
Бундан ташқари, Ал Арабия телеканалининг қайд этишича, ер силкинишлари Ироқ ва Ливаннинг айрим ҳудудларида ҳам сезилган. Канал провинсиядан олинган суратларга иқтибос келтирмоқда, уларга кўра, силкинишлар натижасида камида битта бино бутунлай вайрон бўлган.
Минтақадаги зилзила Байрутда ҳам сезилгани хабар қилинмоқда. “Ал-Ватан” газетасининг ёзишича, Сурияда “кучли силкинишлар Дамашқ ва Латакия аҳолиси томонидан сезилган”.