Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариТуркиялик инвестор ўзи ишга таклиф қилган ватандошини...

Туркиялик инвестор ўзи ишга таклиф қилган ватандошини норози қилди

Маълумки, бугун мамлакатимизда хорижий инвесторларга ўз иш фаолиятини ташкил қилиши учун кенг имкониятлар яратилган. Негаки улар хоҳ ишлаб чиқариш, хоҳ хизмат кўрсатишни йўлга қўйсин, бу билан иқтисодиётимизга яхшигина наф келтиради.

Туркия фуқароси – Қува тумани, “Байналминал” МФЙ, Қўшкечик қишлоғида жойлашган “SALATAVIA” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Ozcicek Caglar ҳам ана шундай инвесторлардан биридир. Аммо унинг ўз ватандоши Dulun Dentas билан юзага келган молиявий низоси судгача етиб келди.

Аниқланишича, Dulun Dentas Ozcicek Caglarнинг таклифига биноан юртимизга, Қувага келади. Сўнг 2019 йил 13 декабрдан 2020 йил 28 апрелга қадар “SALATAVIA” МЧЖда бошқарувчи ва технолог лавозимларида ишлайди. Оғзаки келишувга мувофиқ, жамият таъсисчиси мутахассисга ҳар ойда 2500 АҚШ доллари миқдорида иш ҳақи тўлаши, яшаш жойи ва иш учун шароит яратиб бериши керак бўлган. Шу боис Ozcicek Caglar Dulun Dentasга яшаш жойи ва иш шароитини яратиб бергану, бироқ иш ҳақини тўлиқ бермаган. Яъни тилга олинган  4 ой 15 кун ишлаган даври учун жами 11.250 АҚШ доллари тўлаши лозим бўлса-да, шундан 4364 АҚШ долларини берган. Қолган 6886 АҚШ долларини бериш эса иш берувчининг “ёдидан кўтарилган”. Лекин ҳақдорнинг бу хусусдаги талаби жавобсиз қолаверган. Бинобарин, Dulun Dentas ана шу иш ҳақини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки курси бўйича ундириб беришни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига мурожаат қилган. Аммо суднинг 2020 йил 22 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талабини қаноатлантириш рад этилган. Таббийки, Dulun Dentas ва унинг ишончли вакили Д.Сабиров бундан норози бўлиб, апелляция шикоятини ёзишган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 82-моддасига биноан, корхона раҳбари корхона мулкдори унга берган ваколатлар доирасида ходимлар билан меҳнат шартномалари тузади. Ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан ёки унинг ижозати билан ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат этилган бўлса, ишга қабул қилиш тегишли равишда расмийлаштирилган ёки расмийлаштирилмаганлигидан қатъи назар, иш бошланган кундан эътиборан меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланади. Бироқ биринчи босқич суди томонлар ўртасида меҳнат шартномаси имзоланмаганлигига асосланиб, даъво талабини рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Фарғона вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг тарафлар ўртасида меҳнат шартномаси ёзма равишда тузилмаганлигига асосланиб иш ҳақи ундиришни рад қилиш ҳақидаги хулосаси билан келишмади. Жумладан, “SALATAVIA” МЧЖ раҳбари Шаҳло Зулимова апелляция суди мажлисидаги кўрсатмасида Dulun Dentasнинг жамиятда ишлагани, фақат унинг иш ҳақига солиқ тўлови катта ҳисобланишини инобатга олиб, шунингдек, солиқ ундирувини камайтириш мақсадида меҳнат шартномаси ёзма равишда тузилмаганлиги, бошқа чет эл фуқаролари бўлган ишчилари ҳам 3000 АҚШ доллари атрофида иш ҳақи олиб келишганини билдирган. Жамият таъсисчиси Ozcicek Caglar эса Dulun Dentas талаб қилган 6886 АҚШ доллари иш ҳақидан 5000 АҚШ долларини тўлагани, бунинг учун турмуш ўртоғи Россияда туриб ана шу маблағни халқаро пул ўтказмалари тизими орқали даъвогарга ўтказиб бергани, қолган 1700 АҚШ доллари қарзини тан олиши ва тўлаб беришини маълум қилди.

Лекин Dulun Dentas Ozcicek Caglarнинг кўрсатмаси ёлғон эканлигини исботлаб берди. Унинг айтишича, инвесторнинг рафиқаси Россияда бизнес фаолиятини юритади. Ozcicek Caglar жамиятнинг пул айланмаларини яшириш мақсадида ҳалқаро банк пул ўтказмалари имкониятларидан фойдаланиб келган. Ўзининг номига келган 5000 АҚШ долларини ўша куниёқ банкдан олиб, жамиятнинг собиқ раҳбари М.Бобохоновага берган. Буни эса Ozcicek Caglar жамиятнинг ишлаб чиқариш ва савдо фаолиятини ривожлантириш учун келганини маълум қилган ўша пайтда. Қолаверса, Dulun Dentas Ozcicek Caglar билан телефон орқали суҳбатининг аудиоёзуви ва стенограммасини тақдим этди. Уларда Ozcicek Caglar маҳсулотларини сотиб, сўнг қарзни қоплаб беришини Dulun Dentasга айтгани акс этган. Келтирилган ана шу важлардан аён бўлдики, даъвогар таъсисчининг ижозати ва розилиги ҳамда корхона бошқарувчисининг рухсати билан меҳнат фаолиятини амалга ошириб келган. Шундай экан, иш бошланган кундан эътиборан даъвогар билан меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланади. Энг муҳими, Dulun Dentas иш берувчи олдидаги ўз мажбуриятларини бажарган. Аммо “SALATAVIA” МЧЖ томонидан ходим олдидаги мажбурият тўлиқ бажарилмаган.

Бундан ташқари, Ozcicek Caglarнинг Dulun Dentasга 5000 АҚШ долларини иш ҳақи эвазига бериб, қолган 1700 АҚШ доллари қолгани ҳақидаги важлари ҳақиқатда даъвогар билан меҳнат муносабатига киришгани ҳамда иш ҳақидан қарздорлиги мавжуд бўлганини тан олганидан далолат беради.

Шунингдек, 5000 АҚШ доллари Ozcicek Caglar томонидан эмас балки унинг турмуш ўртоғи томонидан юборилган сумма бўлиб, иш ҳақи ҳисобидан бергани исботланмаган. Даъвогар ушбу пулларни иш ҳақи учун олмагани, жамият манфаатлари учун раҳбар олганини билдирган. Ўз навбатида пул жўнатувчи ва Dulun Dentas ўртасида ўзаро меҳнат муносабатларига киришилмаган. Бинобарин, Фарғона вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2020 йил 22 октябрдаги ҳал қилув қарори бекор қилиб, янги ҳал қилув қарори қабул қилди. Унга асосан, Dulun Dentasнинг апелляция шикояти қаноатлантирилиб, жавобгар “SALATAVIA” масъулияти чекланган жамиятидан даъвогар фойдасига миллий валютада 70.355.427 сўм иш ҳақини ундириш белгиланди.

Мана шу тариқа хорижлик мутахассиснинг бузилган ҳуқуқи тикланди. Бу эса унинг жаннатмонанд юртимизга бўлган ҳурмат-эътиборини янада оширса ажаб эмас.

Бузрукхон АБРОРОВ,
Фарғона вилоят судининг судьяси

Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз