Эрим 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У билан никоҳимизни бекор қилдирмоқчиман. Бунинг учун ФҲДЁга боришим керакми ёки судга?
Эр-хотиндан бири содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўртада вояга етмаган умумий болалари бор-йўқлигидан қатъи назар, эр-хотиндан бирининг аризасига кўра ФҲДЁ органларида никоҳдан ажратилади.
Мазкур ҳолатда никоҳдан ажратиш ҳақидаги аризага қўшимча равишда эр (хотин)нинг озодликдан маҳрум қилинганлиги тўғрисида қонуний кучга кирган суд ҳукмидан кўчирма, шунингдек, судланган эр (хотин)нинг никоҳдан ажратишга ўртада умумий болалари ва мол-мулки юзасидан низолари йўқлиги тўғрисидаги розилиги тақдим қилинади.
Бироқ эр-хотин ўртасида болалари тўғрисида, биргаликдаги умумий мол-мулкини бўлиш ҳақида ёки ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр(хотин)га таъминоти учун маблағ тўлаш ҳақида низо мавжуд бўлса, никоҳдан ажратиш суд орқали амалга оширилади.
Саволга Сайхунобод туман ФҲДЁ бўлими мудираси Х. Сулайманбекова жавоб берди.