Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклари“Уч мушкетёр”нинг бошлиғи

“Уч мушкетёр”нинг бошлиғи

Дартанян ва уч мешкетёр фильмини кўрмаган киши бўлмаса керак. Фильм тўрт нафар мард ва олийжаноб француз аскарлари ҳақида ҳикоя қилади. Унда жиноятга жазо муқаррарлиги, душманни фақат кучларни бирлаштирибгина енгиш мумкинлиги ифода этилади.

Бироқ биз айтмоқчи бўлган тўртовлон — Элёр Норов, Баходир Аширов, Рустам Умаров ва Бекзод Обидовларга (исм-шарифлар ўзгартирилган) мардлик, олийжаноблик фазилатлари бутунлай бегона. Улар қонун ҳимоячилари эмас, аксинча, қонунларни менсимайдиган, бошқалардан кўра ўз манфаатларини кўпроқ ўйлайдиганлардан.

Балки уларнинг ҳикоясини ҳам фильм қилса бўлар, бироқ улар ҳаётда  ёвузликларини намоён этишди.

Фильмдаги каби аввал улар учовлон эди. Ёшлари тенг бўлмаса-да, кўр кўрни қоронғида топади, деганларидек, учта маишатпараст тунлари йиғилиб спиртли ичимлик ичишни одат қилишади. Ана шундай кунларнинг бирида ичкиликка пуллари етмай қолади.

Биз кўрган кинода мушкетёрлар аёлларни ёвузлар чангалидан қутқаради. Жабрдийдалар уларга мафтун бўлганликлари юморга олинади. Элёр, Баходир, Рустамлар эса аксинча иш тутишди. Бу “уч мушкетёр”га бошлиқ бўлиб олган Бекзод уларни қинғир йўлга бошлади. Ҳикоямизнинг тўртинчи қахрамони  Бекзод Обидов олти ой муқаддам судланган, судда қилмишига чин кўнгилдан пушаймонлик билдирган, қонунларни ҳурмат қилишга ва қайта жиноят содир этмасликка ваъда берган эди. Суд уни бир йилу олти ой муддатга ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш жазоси тайинлаган.

Шундай қилиб тўртовлон ярим тунда ичкилик сотиб олиш учун йўловчи қизга ташланадилар, оғзини юмиб, ёнидаги ҳамма нарсасини тортиб олиб, жуфтакни ростлашади. Топган пулларига маишатни давом эттиришади.

Бироқ Бекзод бу гал ҳам ўзини кўрсатишни истади. Бошқарувидаги автоуловда сурхуш шериклари — “уч мушкетёр” билан кетаётганида, маст  йўловчи манзилига етказиб қўйишини сўрайди. Аҳмоқлик деймизми, телбаликми, йўловчининг ухлаб қолганидан фойдаланиб, шериклари билан уни хилват жойга олиб боради. Уни уриб, пуллари, узуги ва хатто кийимни ечиб олиб қочиб қолишади. Шу тариқа улар ёвуз тўртовлонга айланади.

Қилмиш-қидирмиш деб бекор айтмайдилар-да, ахир ҳар бир босилган қадам учун, аввало, инсон ўзи, виждони, қолаверса, жамият ва қонунлар олдида жавоб беради.

Мушкетёрларнинг шиори бутун дунёга овоза бўлган: Бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун! Бироқ бу гал муштумзўрлар ўз қилмишларига ўзлари жавоб беришларига тўғри келди.

Санжар ИБАДОВ,
жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз