Бош саҳифаМуҳимУч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар ишга...

Уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди

Меҳнат қонунчилигига кўра, аёлларга бир қанча имтиёзлар назарда тутилган. Жумладан, ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларни уларнинг ҳомиладорлиги ёки боласи борлигини важ қилиб ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этишга йўл қўйилмайди. Аксинча, ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда иш берувчи рад этишнинг сабабларини уларга ёзма равишда маълум қилиши шарт. Мазкур шахсларни ишга қабул қилишни рад этганлик устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Мазкур ҳолатда иш берувчи Жиноят кодексининг 148-моддасига мувофиқ, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланган. Ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар ишга қабул қилинганда, шунингдек ходимлар билан олти ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилиб, ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди.

Бундан ташқари, уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланади ва йиллик меҳнат таътил аёлларга — ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин уларнинг хоҳиши бўйича олти ой ўтмасдан олдин берилади. Меҳнат қонунчилигида икки ёшдан уч ёшгача бўлган болани парвариш қилаётган аёлларга, ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ болани тарбиялаётган аёлларга уларнинг хоҳишига кўра, иш ҳақи сақланмаган ҳолда муқаррар тартибда таътил берилиши, аёлларнинг улар учун мумкин бўлган нормадан ортиқ юкни кўтаришлари ва ташишлари ман этилиши белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, ўзбек аёлларининг давлат томонидан маънавий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя этилиши аёлларни камситишнинг ҳар қандай шаклларига барҳам беради. Қонунларимизда хотин-қизлар учун парламентдаги сайловларда 30 фоизлик квота ҳам мавжуд.

Ҳозирда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида ёрдамга муҳтож аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар бўйича алоҳида маълумотлар базасини яратиб, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” билан интеграция қилинмоқда. Бундан ташқари, аёлларга пенсия ҳисоблашда уларнинг болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтининг ҳаммасини жамлаганда иш стажига қўшиб ҳисобланадиган 3 йиллик даврни 6 йилга ошириш ва болаликдан ногиронлиги бўлган болаларга 18 ёшгача қаралган даврни пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисоблаш ҳам назарда тутилаяпти.

Айни пайтда тегишли қонун ҳужатлари орқали хотин-қизлар ўртасида бизнес кўникмаларини шакллантириш бўйича бепул ўқув амалий курсларини ташкил этиш, имтиёзли кредитлар ва лизинг ажратиш, хотин-қизларни ишга жалб қилган ҳолда кооперация усулида тадбиркорликни йўлга қўйиш, “Аёллар дафтари”га киритилган ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш лозим бўлган хотин-қизларнинг тиббий муолажа харажатларини қоплаб бериш, аёллар орасидаги ишсизлик даражасини 2 баравар камайтириш, 700 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш, иш билан банд бўлмаган хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш ва ўзини ўзи банд қилиш режалаштирилган.

Бундай имкониятлар аёллар учун давлатга, оиласига, жамиятга нисбатан муносабатини янада яхшилаш, масъулиятни ҳис қилиш, аҳил муносабатни шакллантириш, давлатимизнинг халқчил сиёсати остида бирлашишни талаб қилади.

 

Қундуз Розимова,
ТДЮУ Жиноят ҳуқуқи, криминология ва
коррупцияга қарши курашиш кафедраси доцент в.б, ю.ф.ф.д.(PhD)

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз