2022 йил 30 май куни жиноят ишлари бўйича Пешку туман суди томонидан судланувчи Ражабова Зарина Саёдовнага нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 110-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан ҳукм ўқилди.
З.Ражабова бир неча ой мобайнида ўгай қизи Рашидова Шаҳзодани мунтазам равишда уриб, танасини турли қисмларига қайнатилган сув қуйиб, куйдириб қийнаб келган. Суд тиббий экспертиза илмий амалий маркази Ромитан филиали хулосаси ҳам буни тасдиқлаган.
З.Ражабова судда айбига қисман иқрорлик билдирган. Ўгай қизини фақат жаҳлини чиқарганидагина урганини айтган. Аммо жабрланувчи Ш.Рашидова ўгай онаси Зарина қайнаб турган иссиқ сувни қўлига ва оёқларига тўккани, бетон зинада сочидан тортиб ургани, резина шланг билан белига ургани, рўмолларни бир-бирига боғлаб, қўлини эшик ва деразага тортиб эрталабгача боғлаб қўйгани ҳақида кўрсатма берган.
Ҳолат вояга етмаган Ш.Рашидова ва гумон қилинувчи З.Ражабова ўртасида ўтказилган юзлаштиришдаги кўрсатувлар билан ҳамда жиноят ишида мавжуд бўлган бошқа далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз исботини топган деб ҳисобланди.
Суд, судланувчи З.Ражабовага нисбатан жазо тайинлаш масаласини муҳокама қилиб, жиноятни содир этиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитни, жиноят содир этиш пайтидаги ва содир этилганидан кейинги хулқ-атворини, мазкур жиноят вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилганлигини, жабрланувчининг қонуний вакили даъво қилиб судланувчига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишини талаб қилганлигини инобатга олиб, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, содир бўлган ҳолатлар қай даражада вояга етмаганнинг ҳаётига ва руҳий ҳолатига салбий таъсир қилганлигини ҳуқуқий баҳолаб, унинг қилмишини жазога сазовор ва уни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш мумкин эмас деган тўхтамга келган бўлса-да, судланувчи томонидан содир этилган жиноят унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига киришини, судланувчининг унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи маротаба содир этганлигини, унинг аёллигини ва қарамоғида 1 (бир) ёшга тўлмаган фарзанди борлигини шунингдек, ЖКнинг 50-моддасининг 10-қисмида қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазо уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга нисбатан тайинланмаслиги қайд қилинганлигини инобатга олиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 110-моддаси 2-қисми “а” банди билан куннинг кеч соат 21:00дан эрталаб соат 7:00гача яшаш жойидан чиқишни чеклаган ҳолда 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Жазо ўташ даврида Ражабова Зарина Саёдовнанинг зиммасига жабрланувчи Ш.Рашидованинг битган ярасини янгиламаслик ҳамда судланувчи билан учрашуви унинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатишини олдини олиш мақсадида ўгай қизи ва унинг оила аъзолари билан учрашмаслик, улар билан алоқа ўрнатмаслик каби мажбурият ҳам юклатилди.
Зариф Шеров,
Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Фаррух Икрамов,
Жиноят ишлари бўйича Пешкў туман судининг раиси