Бош саҳифаМуҳимЎғирликка келган меҳмоннинг кирдикорлари фош бўлди

Ўғирликка келган меҳмоннинг кирдикорлари фош бўлди

Ичкиликбозлик, ижтимоий фойдали меҳнат билан машғул бўлмаслик, тартибсиз ҳаёт тарзи. Аксарият жиноятлар ана шундай иллатлар негизида пайдо бўлади.

Мурод бемаҳалда уни йўқлаб келган Маратга савол назари билан қаради. У эса қўлидаги ноутбукка ишора қилди. Эски танишининг “эски ҳунарлари”дан хабари бўлган Мурод “Мени бунга аралаштирма, бошқа жойга бориб ўтказ молингни”, деб уйига қайтиб кириб кетди (исм-фамилиялар ўзгартириб берилмоқда).

Марат бир муддат Муроднинг эшиги олдида туриб қолди: «Яна кимга олиб боришим мумкин? Танишларим шундай яхши тутилган, деярли яп-янги ноутбукни сотиб олишни исташмаяпти. Телевизорни ҳам деярли ялиниб сотдим. Буларга нима бўлган ўзи?».

Шундан сўнг у таниши Ахмедни излаб топади. Пул зарурлиги учун яхши кўрган ноутбукини сотишга мажбур бўлганини айтиб, Аҳмедга бир миллион сўмга уни бериб кетади. Ахмед кўнгли бир нимани сезгандай бўлса-да, арзимаган пулга туппа-тузук компьютер олганига хурсандлигича қолади.

Лекин унинг хурсандчилиги узоққа чўзилмайди: кўп ўтмай уни ИИБ ходимлари йўқлаб келишади. Ўзи нима бўлган эди?

Илгари содир этган ўғирлик жинояти учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум қилинган, кейинчалик Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан ўталмай қолган озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган Марат С. эски ҳунарини одатий меҳмондорчилик сабаб бошлаб юборди. Кунларнинг бирида таниши, ёши ундан анча катта бўлсаям ўзи каби бўйдоқ Андрей Я. уни меҳмонга чақиради. Ичкиликбозлик билан бошланган ана шу меҳмондорчилик ўғирлик билан якун топади.

Маст бўлиб қолган хонадон эгаси тезда уйқуга кетганида уй эгасиз ва қаровсиз қолган эди, гўё. Буни зўр имконият деб билган Марат хонадондаги телевизор ва ноутбукни олиб чиқиб кетади.

Эртаси куни мастлиги тарқаб, ўзига келган Андрей кеча келган меҳмони ўғри эканини тушунади. Турган гапки, уни қидириб топиб, телевизор ва ноутбукни қайтаришини талаб қила бошлайди. Марат эса уларни аллақачон сотиб юборганини айтиб, пинагиниям бузмайди. Андрей ўртага танишларини солади, нафи бўлмайди. Марат унга қачонлардир пул қарз бергани, лекин пулни қайтармагани учун шундай қилганини айтиб тураверади.

Чорасиз қолган мезбон меҳмони устидан ИИБга ариза билан мурожаат қилади. Дастлабки суриштирувдаёқ Марат айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ўғирлаган нарсаларини кимларга, қанчага пуллаганини айтади.

Жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар судининг ҳукми билан Марат С.  Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан қонуний жазо белгиланди.

Баҳодир Қораев,
Жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар суди раиси

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз