Биз ўз хонадонимизни эшикни қулфлаган ҳолда турли хавф-хатардан ҳимоя қиламиз. Агар ер юзида ўғирлик бўлмаганида эди, бизга эшик ҳам, қулф ҳам, калит ҳам керак бўлмасди.
Орамизда инсон қулфи дилини очадиган кишилар учрайдики, киришимлилиги, шинавандалиги, самимийлиги билан ўзига жалб қилади. Ундайларни “хойнаҳой сеҳрли калити бордир”, деб қоласиз.
Нодир Очилов билан танишган Рихсибой Қўлдошевнинг кўнглидан ҳам (исм-шарифлар ўзгартирилган) ана шу фикр ўтган эди. Рихсибой Қўлдошев қурилиш соҳасида бир неча йил турли ишларни қилиб юрди, ҳалоллиги, меҳнатсеварлиги сабаб ишчилар ва раҳбарлар ҳурматини қозониб, бригада бошлиғи бўлиб тайинланди. Атрофидаги ўн беш, йигирма кишига бошчилик қилиш ҳам осон эмас, гоҳ униси, гоҳ буниси билан нимадир бўлади. Асосийси бахтсиз ҳодисалар содир бўлмаслиги, қурилишдан бехабар одам ҳам бир ҳафта юрса, иш ўрганиб, биноидек ишлаб кетади.
Ёнига иш сўраб келган Нодир Очиловни кўриб Рихсибойнинг ҳаваси келди. Хушбичим, сўзамол йигит, ўқиса келажакда зўр инсон бўла олади. Қийинчиликдан қочмас экан, йўқса қурилишга иш сўраб келармиди? Бу кунлар ҳам ўтиб кетади. Одам одамга ғанимат, яхшилик қилиш керак.
Рихсибой кўнглидан ўтказган фикрлар сабаб Нодирни ёнига олди. Бир ой ишласа ойлигини 2 млн. 500 минг қилиб беришини айтиб, йигитни ишчилар билан таништирди. Нодир ҳам тезда ишчилар билан тил топишди. Ишчилар ётоқхонасига жойлашиб ҳамманинг эътиборини қозонди. Ишлаши ҳам чакки эмас, “Бўладиган бола бошидан маълум”, деди Рихсибой қувониб, “айтилган ишни кўнгилдагидек бажаряпти. Баъзи бир эски ишчиларга “ақл ўргатиб” қўяди”.
Орадан бир хафта ўтиб, тунда ишчиларга аввалги ойлар учун маош тарқатилди. Рихсибой ишчиларга ойлик тарқатаркан, Нодир беш юз минг аванс сўраганда йўқ деёлмади. Одатда ишчилар маошини ишлаб бўлганидан кейин олишади. Ойлик ҳам бир-икки ой чўзилиб қолади. Рихсибой Нодирнинг ишдан кўнгли қолмасин, бирор зарурияти бўлса сўраяпти, деб, ўз маошидан беш юз минг сўм ажратиб берди.
Ишчиларнинг ишга келмаган икки нафарига ойлик берилмай қолди. Рихсибой курткасига ўз маошини алоҳида, икки ишчининг икки ойлик иш ҳақини алоҳида солиб қўйди. Келмаган йигитларга қўнғироқ қилиб, маошини тонгдаёқ олиб кетишларини айтди.
Ойлик олганлар байрамона дастурхон тузашди. Оғир иш кунидан кейин чарчоқбосиш учун ароқ олиб келишиб, “майдалашди”. Рихсибой ҳам йигитларга йўқ деёлмади. Ҳар куни тунда ҳаммадан кейин ухлайдиган Рихсибой, бир-икки пиёла ароқ ичибоқ жойига ётиб ухлаб қолди.
Бироз олдин ётоқхонани шовқин-суронга тўлдираётган йигитлар ҳам шу алфозда жойларига чўзилиб, донг қотишди.
Одатда ҳаммадан олдин уйғониб, йигитлар ювиниши учун иссиқ сув тайёрлаб қўядиган, кейин эринмасдан бирма-бир йигитларни уйғотиб чиқадиган Рисқибой бу гал Нодирнинг жойида йўқлигини кўриб, “Баракалла, эрта туришни ўрганибди”, деб қўйди. Бироқ ҳар куни юзини ювиб келиб биринчилардан бўлиб салом берадиган Нодир ҳадеганда келавермади.
Йигитлар ювиниб келиб нонуштага чиқа бошлашди. Рихсибой Нодирдан хавотир олиб йигитлардан уни суриштирди. Ҳеч ким билмайди. Ҳеч ким кўрмаган. Рихсивойни ваҳима босди: Қурилиш объектига бориб ўша ерда қолганмикан? Тунда бирор фалокатга учрадимикан? Бехос йиқилиб, бир бирор жойини шикастладимикан?
Йигитлар қурилиш объектини ҳам, кўчани ҳам қараб келишди. Нодир ҳеч қаерда йўқ эди. Кап-катта йигит ўз-ўзидан йўқ бўлиб қолса-я, ҳеч кимга айтмай, ҳеч нарса демасдан қаерга кетди экан? Аксига олиб уй манзилини ҳам ҳеч ким билмайди.
Ана шу ўй билан ҳамма нима қилишни билмай ўтирганида, маошини олмаган йигитлардан бири келиб қолди. Нима бўлганини эшитиб ҳайрон қоларкан, Рихсибойга шошилаётганини, эшикда машина пойлаб турганини, пун зарурлиги учун келганини айтиб, маошини сўради.
Рихсибой тушкун кайфиятдан эшик ёнида осилиб турган курткасини олди. Чўнтагига қўл соларкан, кеча ўзи солиб қўйган жойида пул йўқлигини кўриб ҳайратланди. Асабийлашиб бошқа чўнтакларини ҳам қарай бошлади, бироқ икки йигитнинг икки ойлик 8 млн. маоши ҳам, ўзининг 1 млн. 600 минг сўми ҳам ҳеч қаердан чиқмади.
Шундагина улар Нодирнинг нега дом-дараксиз кетганини тушуниб етишди.
Санжар ИБАДОВ,
жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси