Тошкент вилояти, Бекобод туманида яшовчи Ж. исмли шахс йигитликнинг гуллаган даврини панжара остида ўтказиб, оз эмас, кўп эмас нақд 5 маротаба ўғрилик учун судланиб, жазони озодликдан маҳрум қилиш жойларида, яна махсус тартибли колонияларда ўтаб келган бўлса-да, ўзининг эски ҳунарини қўмсаб, яна Жиззах ва Сирдарё вилоятлари бўйлаб “гастрол”га чиқишни режалаштирди.
Яна кўр-кўрни қоронғида топади деганларидек, унга ўзига хос ва мос шерик ҳам топила қолди.
Хуллас, тажрибали ўғри ва унинг шериги 2021 йил август ойида “MATIZ BEST” русумли автомашинада Жиззах вилояти, Шароф Рашидов тумани, Ёйилма МФЙ ҳудудига келиб, жабрланувчига тегишли дала майдонида бўлган ўртача бозор нархи 7 млн сўмлик бўлган 1 бош йирик шохли қорамолини дала майдонида сўйиб, уни бўлакларга бўлиб, автомашинага жойлаштириб, дастлабки терговда шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган шахсга жиноий йўл билан топилганлигини айтмасдан сотиб юборишади.
Бундан ташқари, 2022 йил 24 февраль кунидан 25 февраль кунига ўтар кечаси яна ўша “MATIZ BEST” русумли автомашинада ўзганинг Шароф Рашидов тумани Ғазғонтепа МФЙ ҳудудига келиб, жабрланувчининг ўртача бозор нархи 10 млн сўм бўлган, боғлаб қўйилган 1 бош отини дала майдонида сўйиб олиб, уни бўлакларга бўлиб, автомашинанинг орқа ўриндиғига жойлаштириб, Тошкент шаҳар “Чорсу” бозорига олиб бориб, гўшт савдоси билан шуғулланувчи шахсга жиноий йўл билан топилганлигини айтмасдан 121 кг гўштларни 6.400.000 сўмга сотиб юборишади.
Ишлари ривожланиб кетаётганлигини кўриб, ўғриларни жиноий ҳаракатларини тўхтатиш хаёлларига ҳам келмасдан кейинги ўлжа сифатида Сирдарё вилоят, Мирзаобод тумани ҳудудига келишиб, фермер хўжалиги дала майдонига келиб, ушбу дала майдонида боғлиқ ҳолда турган жабрланувчига бозор нархи 10 млн сўмлик бир бош йирик шохли қорамолини дала майдонида сўйиб, гўштини бўлакларга бўлиб, “MATIZ ВEST” русумли автомашинанинг орқа ўриндиғига жойлаштириб, гўшт маҳсулотларини Тошкент шаҳридаги “Чорсу” бозорига олиб бориб, тергов давомида шахсини аниқлаш имкони бўлмаган фуқароларга сотиб, пулларни эҳтиёжлари учун сарфлаб юборишади.
Иштаҳа овқат вақтида келади деганларидек, “қаҳрамонлар”имиз 2021 йил 16 декабрь кунига ўтар кечаси Гулистон тумани, Сойибобод маҳалласи ҳудудига келишиб, дала майдонида боғлиқ ҳолда турган бозор нархи 12 млн. сўмлик бир бош йирик шохли қорамолини дала майдонида сўйиб, гўштини бўлакларга бўлиб, автомашинанинг орқа ўриндиғи жойига жойлаштириб, гўшт маҳсулотларини Тошкент шаҳридаги “Чорсу” бозорига олиб бориб, дастлабки тергов давомида шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган фуқароларга сотиб пулларни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборишади.
Худди шу йўллар билан 2022 йил 30 январь куни Ховос тумани “Мустақиллик” МФЙ ҳудудида жойлашган фермер хўжалигига қарашли дала майдонидаги 15 млн сўмлик отни, 2022 йил 3 март кунига ўтар кечаси тунги соат 01.30 ларда Ховос тумани “Оқчангал” МФЙ ҳудудидаги дала майдонида қаровсиз холда юрган 12 млн сўмлик отларни сўйиб, от гўштини бўлакларга бўлиб, Тошкент шаҳридаги “Чорсу” бозорига олиб бориб, дастлабки тергов давомида шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган фуқароларга сотиб, пулларини шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборишади.
Тажрибали қахрамонимиз жиноят содир этиш вақтида ўзининг ҳаракатлари билан кимнидир мулкидан маҳрум қилиб, оиласига мусибат келтирганлигини ҳаёлига ҳам келтирмагандир, бироқ судда сўроқ қилинган жабрланувчиларнинг қон йиғлаб зарарни ундиришни сўраб берган кўрсатувлари унинг тош юрагини бир оз бўлса ҳам юмшатгандир деган яхши гумонда қоламиз.
Жиноят ишлари бўйича Ширин шаҳар судининг ҳукми билан судланувчи Жиноят кодекси 169-моддаси 4-қисмининг “б” банди айбли деб топилиб, унга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва умумий ҳисобда жабрланувчиларга 59.600.000 сўм миқдорда моддий зарар ундирилиши белгиланди.
Шу тариқа “артистнинг сўнгги гастроли” якунига етди. Гап фақат жиноят учун шахсни жазолашдан иборат эмас, муқаддам судланиб келган ушбу шахснинг хулқи маҳалла-кўй, яқинлари томонидан қаттиқ назорат қилинганида балки яна қайтиб шу йўлга кирмасмиди, у ҳам ҳамма қатори ҳалол меҳнат билан жамиятда ўз ўрнини топиб, давлат ва жамият учун фойдали, қолган умрини панжара ортида эмас, ўз оиласи даврасида ўтказган бўлармиди…
Х.Сарманов,
Жиноят ишлари бўйича
Оқолтин туман судининг раиси